Рамазон Бутий президент совғасини фақат бир шарт билан қабул қилганди...

22:00 06.08.2019 5418

Шайхим розияллоҳу анҳу билан бирга сафар асносида устоз, доктор Муҳаммад Солим Абу Осийдан, мавлоно доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий хусусларида, ҳеч ким билмайдиган сир ҳақида сўрадим. Чунки Солим шайх Бутийнинг шогирдларидан эди. У зот кўзларини олиб қочди ва: "Одамлар доктор Бутий ҳақларида жуда кўп нарсани билмайдилар", деди.

"Шайх Бутий роҳимаҳуллоҳ жомеъга микробусда қатнардилар. Чунки машиналари йўқ эди. Ўша вақтлар фарзандларига уй излаётган эдилар. Ногаҳон президент Ҳофиз Асад ўз девонидан шайх билан боғланиб, эҳтиёжлари ҳақида сўрашни буюради. Сўнг президент девонидан шайх Бутий билан боғланиб, у кишига: "Президент айтяпти, сўранг, айтганингиз бажо қилинади, гарчи катта нарса сўрасангиз ҳам", дейилди. Шунда шайх қамоқдагиларни озод қилишни ва мамлакатдан чиқиб кетган уламоларни қайтаришни сўрадилар. Икки кундан кейин доктор Бутийга президент саройидан қўнғироқ қилишди ва президент Ҳофиз Асад ўн минг маҳкумни озод этганини айтишди. Шунингдек, қайтишларини хоҳлаётган уламолар номларини ёзиб беришларини сўрашди".

Шу ерга келганда доктор Солим шайх Бутий мамлакатга қайтишларига сабаб бўлган уламоларнинг номларини санай кетдилар, кейин яна ҳикояларида давом этдилар: "Шайх Бутий президент саройидан берилган совғаларни ҳеч қачон қабул қилмасдилар. Бир марта президент Ҳофиз Асад Mercedes русумли автоуловни олишларига қаттиқ қистади. Узоқ рад этишлардан кейин, шайх Бутий уни бир шарт билан қабул қилишга рози бўлдилар. Яъни, совға сотилади ва унинг пулига уйлана олмаётган талабалар уйлантирилади".

Содиқ, солиҳ ва зоҳид олимлардан Аллоҳ рози бўлсин! Уларнинг суҳбатидан маҳрум этмасин!

Аҳмад КАШКУШнинг фейсбук саҳифасидан олинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!