Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

15.06.2018 17:30 503

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف المرسلين

وعلى آله وأصحابه أجمعين وبعد

Азиз юртдошлар, Сизларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз.

Ниҳоясига етаётган Рамазон ойи мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган ажойиб бир даврда ўтмоқда. Аллоҳга шукрки, ушбу шарофатли ой диёримизда жуда ҳам файзли, қут-баракали кечди. Икки мингдан ортиқ масжидларда таровеҳ намозлари, мингдан зиёд жомеъларда Қуръон хатмлари адо этилди.

Дарҳақиқат, инсон рўза тутиб, савобли амалларни адо этар экан ушбу ибодатларни фақат Аллоҳ таоло учун бажаришни ният қилади. Парвардигорнинг розилигини топиш, раҳмат-мағфиратига етишишни умид қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг фазли ҳақида бундай марҳамат қиладилар:

“Ким Рамазон рўзасини имон билан савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Ушбу ой улуғлигининг яна бир ҳикмати бу ойда Қуръони карим нозил бўлганидир. Ҳақ таоло Каломи шарифида бундай дейилади:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.”

Рамазон ойи кечаларида мусулмонларимиз ушбу ойнинг зийнати бўлган таровеҳ намозларида иштирок қилдилар. Қалблари илоҳий ҳикматга тўлиб, руҳий-маънавий қувват олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойнинг кечаларини ибодат ила ўтказганларга хушхабарлар борлигини айтиб:

“Ким Рамазон кечалари имон билан савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.

Рамазон хайру саховат ойидир. Олийҳиммат кишиларимиз бу ойда хайру эҳсон амалларини янада кўпайтиришди. Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига кўмак бердилар, муҳтожларга ёрдам қўлини узатдилар, беморлар ва кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар.

Ҳадиси шарифда:

“Амалларнинг энг афзали мўмин кишининг қалбига хурсандчилик улашишдир”, деб марҳамат қилинган.

Аллоҳ таборака ва таолога шукрки, муборак ой бошланиши олдидан муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги тарихий фармонлари эълон қилинди. Ушбу Фармон билан халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ҳадис илми мактаби ташкил этилди ҳамда диний соҳа ходимларига бир қатор имтиёзлар берилди.

Юртимизда ўтказилган Қуръони карим мусобақасини кузатиб, халқимизнинг Аллоҳ таолонинг Каломига эҳтироми, муҳаббати юқори эканига яна бир бор амин бўлдик.

Баракотли ой арафасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги масжидлар халқимизга туҳфа этилди. Азим пойтахтимиздаги қайта бунёд этилган “Имом Термизий”, Бухорои шарифдаги “Умар ибн Хаттоб” жомеъ масжидлари таровеҳ намозини адо этиш билан иш фаолиятини бошлагани мўмин-мусулмонларимизга Рамазон туҳфаси бўлди. Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” ва “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жомеъ масжид-мажмуалари қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Албатта, бундай шароит ва имкониятлар учун биз – мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, ўзаро аҳил ва иноқ бўлишимиз лозим, елкама-елка туриб мамлакатимиз тараққиёти йўлида бор куч ва ғайратимизни аямаслигимиз керак. Ҳадиси шарифда айтилганидек: “Ким одамлардан келаётган яхшиликка шукр қилмаса, Аллоҳга шукр келтирмайди”. Ношукрлик, ғийбат, туҳмат каби иллатлар биз – мўмин бандаларга асло ярашмайди. Огоҳ бўлишимиз керакки, бундай қусрлар савобларимизни ўчиради, имонимизни заифлаштиради, қалбимизни ихтилофли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло бундай ҳолдан Ўзи асрасин.

Азизлар, юртимизда эртага катта байрам, Ийди Рамазонни нишонлаймиз. Эрта тонгдан жомеъ масжидларига йўл олган юртдошларимиз ҳайит намозларини адо этадилар, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини Аллоҳдан сўраб, эзгу дуолар қиладилар. Ҳайит намозидан сўнг ота-оналар, дўсту биродарлар, табаррук ёшдаги кексалар зиёрат қилинади, беморларнинг ҳолидан хабар олинади, меҳру мурувватга муҳтож кишиларга эътибор кўрсатилиб, уларга байрам қувончи улашилади.

Шундай экан, келинг азизлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик: Парвардигоро, бизга тинчликдек улуғ неъматни бердинг, бу неъматингни Қиёматгача бардавом қилгин. Элини, юртини янги марралар сари дадил етаклайдиган ва динимизни азиз қиладиган Раҳбарни бердинг, у кишини Ўз ҳифзу ҳимоянгда асрагин, олиб бораётган ишларида Ўзинг ёру мададкор бўлгин! Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзинг паноҳингда сақлагин. Осмонимизни мусаффо, ҳаётимизни бундан-да фаровон, неъматларингни янада зиёда айлагин.

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий