Рамазон ойининг хурматини кетказиб қўйманглар

23:00 06.05.2019 791

Бу саноқли оз кунлардир. Муборак Рамазон ойи қайтиб келмоқда. У қадрли, саҳоватли ва муқаддас бўлиб араб ва Ислом оламимиз ўлкаларига қайтмоқда. Ҳаммаларингизга маълум Рамазон ойининг рўзаси Ислом арконларининг энг улуғларидан биридир. Лекин ушбу арконни бажара олмай ўтказиб юборган, шаҳвати ўзига ғолиб келиб рўза тутишдан юз ўгирган киши бу ойнинг ҳурматини тақдирлашни қўлдан бой бермаслиги лозим. У ушбу нишоннинг эҳтиромини йўқотмаслиги керак. Унинг Ислом арконларидан бири бўлган Рамазон ойи рўзасига эътибор бермай қўйишидан қатъий назар Рамазон ойининг ўзи Ислом нишонларининг энг улуғларидан саналади. Аллоҳ азза ва жалла ўзининг мукаммал Китобида ўз сўзини рост айтган;

"Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир". ("Ҳаж" сураси, 32-оят).  (Ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами–кўплиги, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ–Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса, Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади). (Тафсири ҳилол).

Тушунчасида ихтилофлар бўлган ушбу сўзнинг маъноси шуки, кимки Аллоҳ азза ва жалланинг нишонларини улуғламаса шубҳа йўқки унинг қалби Аллоҳ таолонинг тақвосидан ҳолидир. Агар қалб Аллоҳнинг тақвосидан ҳоли бўлса бу қалб эгаси хоҳласа-хоҳламаса унга мунофиқлик маънолари суқулиб кира бошлайди. Демак, биз билишимиз лозим бўлган нарса шуки, биз ушбу муборак ойни, ушбу олий ва муқаддас исломий нишонни муносиб равишда кутиб олишимиз керак. Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ҳузуридаги эҳтиромга муносиб тарзда қарши олишимиз лозим. Албатта унинг даражаси қандай эканини Аллоҳ таолонинг баёноти ўз Китобида аниқ ва равшан баён қилиб берган. Яна бир бора айтаман; Албатта нафси ўзини енгган ва ожиз қолиб ушбу ойнинг рўзасини тутишга куч топа олмаган инсон ҳам ушбу ойнинг эҳтиромини ўрнига қўйиши ва уни энг муҳим нишонларнинг бири деб ҳаққини адо этиши лозим. Эҳтимол шунда Аллоҳ  унинг ушбу ойга кўрсатган эҳтироми учун қиёмат куни бу ойни унга шафоатчи қилиши мумкин.

Лекин мусулмон одамлар орасида ушбу ойнинг ҳаққи, Ислом арконларидан бири бўлган рўзани адо этишни хоҳламайдиган ҳамда ушбу муборак нишонни кўча ва бозорларда ошкора парчалашга қатъият кўрсатадиган кишилар ҳам бор. Агар мусулмонлар орасида ушбу ишни қилишга журъат этадиганлари бўлса у вақтда муҳим иш саналган амри маъруф ва наҳйи мункар иши ҳам номоён бўлиши керак. Аллоҳ таоло ўз сўзини рост айтган;

"Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир". ("Оли Имрон" сураси, 104-оят).

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий хутбасидан.

07-сенябр 2007-йил.

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!