Рамазон соғинчи: Марҳабо, ўн бир ойнинг султони!

21:00 11.04.2019 986

 

Раҳмат ва мағфират ойи бўлган қутлуғ ва муборак Рамазони шариф ойини бизга фарз қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин. Ислом динининг беш арконидан бири бўлмиш Рамазон рўзаси инсониятни баркамолликка етаклашда ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради.

 Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп.

Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилиб айтадики:

Эй имон келтирганлар, сизларга ҳам худди аввал ўтган (қавм)ларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди. Шояд тақво қилсаларингиз” (“Бақара” сураси, 183-оят).

Рўза араб тилида “совмун” ёки “сийамун” деб юритилади. Луғатда бу сўз “бирон феъл ёки сўздан ўзини тийиб туриш” маъносини англатади. “Лисанул-араб” луғатида “сийамун” сўзи шаръий истилоҳда “таом, ичимлик, жинсий яқинлик ва фойдасиз сўзлардан тийилиш” мазмунига эга экани айтилган. Шундан ҳам билиш мумкинки, рўза фақат овқат ёки бошқа ейиладиган нарсалардан сақланиш эмас, балки ножоиз хатти-ҳаракат ва ман қилинган сўзларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади.

Дарҳақиқат, рўза туфайли рўзадор кишида тақво ҳосил бўлиб, шу сабаблигина инсон Аллоҳнинг наздида ҳурматга сазовор бўлади.

Рамазон ойида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Бироқ, бемор соғайганидан, мусофир эса сафардан қайтганидан сўнг бошқа ойда, қолдирган кунига кун тутиб бериши шарт.

 Соғайишидан умиди узилган, рўза тутса дарди янада ҳам оғирлашадиган беморлар ҳамда рўза тутишга қурби етмайдиган кекса кишиларнинг рўза тутмасликларига рухсат берилган. Фақатгина тутмаган кунлари учун бир кишининг икки вақт овқатланишига етадиган миқдордаги маблағни мискин ва фақирларга фидя тариқасида садақа қилишлари таъкидланган. Аллоҳ таоло имкон қадар рўза тутишлик ҳар томонлама яхши эканлигини баён қилган.

Рамазон ойининг яна бир фазилати шундаки, бу ойда барчамизни ҳидоятга чорловчи Қуръони карим нозил бўлган ва Қадр кечаси ҳам ушбу муборак ой ичидадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Рамазон ойини таърифлаб шундай марҳамат қилади:

“Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...” (“Бақара” сураси, 185).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар Рамазон ойининг биринчи кечасида, Мусо алайҳиссаломга Таврот олтинчи кечада, Исо алайҳиссаломга Инжил ўн иккинчи кечада нозил қилингандир”, - дейилади (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Кимики Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром  қилади”, - деганлар.

Рўзанинг инсон учун зурур нарса эканлигини инкор этиш учун ёки инсонлик табиатидан чиқиш керак. Агар инсон соғлигини сақлаш учун ҳаракат қилаётган мутахассисларга қўйиб берилса, айнан исломий рўзани бутун дунёдаги одамларга фарз қилишларида шубҳа қолмади. Чунки, бошқа самовий динларда ҳам рўза моҳияти замон ўтиши билан кишилар томонидан бузилиб юборилган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кирганда шайтонлар кишанланади, дўзах эшиклари маҳкам қулфланади ва жаннат эшиклари очилади. Аллоҳ таоло ҳар кеча уч маротаба: Ҳожатларини сўровчилар борми, раво қилсам? Тавба қилгувчилар борми, тавбаларини қабул қилсам? Истиғфор айтгувчилар борми, гуноҳларини мағфират қилсам дейди. Рамазон ойида ҳар куни, жумъа кунларида эса ҳар соатда минглаб дўзахийларни азобдан халос этади. Рамазоннинг охиридаги куни эса Рамазон ойи давомида қанча дўзахийни азобдан халос қилган бўлса, бу кунда шунчани халос этади”, - деганлар.

Бу қутлуғ ва баракотли ойда, иншааАллоҳ гуноҳлар ювилиб, тавбалар, ихлос билан қилинган дуолар мустажоб бўлғай. Ҳар бир рўзадор бу ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилмоғи, ахлоқ-одоби ила бошқаларга ибрат кўрсатмоғи, меҳр-мурувватли бўлмоғи даркор. Тоат-ибодатлар, хайрли амаллар, тутилаётган рўзалар холис Аллоҳнинг розилиги учун бўлмоғи лозим. Шунда Парвардигор уларнинг эвазига улкан ажру савоблар ато айлаши муқаррар, иншааАллоҳ.

Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай ўтиб бўлмайди. Рўзадор кишида сабр- матонат сифати пайдо бўлиши, мустаҳкамланиши ҳатто рўзага душман бўлганлар ҳам рад қила олмаганлар. Инсон ўз ихтиёри билан оч қолиши, ташна бўлиши, шаҳватдан ўзини тийишини ва бу ҳолат бир ой давом этиши инсонда сабрли бўлиш сифатини кучайтиради. Ҳозирги кунимизда эса бу жуда ҳам керакли сифатдир. Бугунги кунимизда одамлар бошига тушаётган кўпгина мусибатлар айни сабрсизликдан бўлмоқда. Айниқса кишиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан, турли ичимликлардан ўзларини тия олмасликларидан келиб чиқмоқда. Эркак ва аёлларнинг ўз шаҳвоний ҳисларини тия олмасликлари оқибатида келиб чиқаётган бало-офатлар ҳамманинг кўз ўнгида яққол кўриниб турибди.

Ана шундан, рўза орқали топадиган ва сайқалланадиган шахсий сифатларга ҳар лаҳзада муҳтож эканлигимизни билиб оламиз. Бунинг устига инсон умри давомида турли фавқулодда ҳолатларга тушиб туришини ҳам қўшсак мазкур фойдаларнинг аҳамияти яна ҳам ортади.

Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳм-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳмат ўн кунлиги деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг бир-бирларига раҳм-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади.

Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳм-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳм-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам, рўзадорлардан оч-ялонғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди.

Бугунги кунда меҳр шафқатга, раҳмдилликка ва хайри эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади.

Бунинг устига рўза туфайли мусулмонлар ичида ўзаро тенглик, биродарлик, меҳрибонлик алоқалари яна ҳам ортади. Бой-бадавлат кишилар, подшоҳ ва ҳокимларнинг саройлари-ю қасрларида ҳам, камбағал, бева бечораларнинг кулбаларида ҳам бир хил ҳолат, бир хил руҳоният ҳукм суради. Балки, сарой ва қасрларнинг эшиклари очилиб, камбағаллар ичкарига таклиф этилиб, азиз ва мўътабар меҳмонларга айланадилар. Ёки аксинча бўлиб бойлар, амирлар, ҳокимлар бошларини эгиб, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларига ифторлик, хайр-садақа, закотларини кўтариб бориб, Аллоҳ учун қабул қилишларини сўрайдилар. Камбағалларнинг қорнини тўйдириши, устини бут қилиш, келажакка жамғарма тўплаб олиш ишларига ёрдам берадилар. Рамазон шарафида ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.

Бу ойнинг таърифи ва унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб, жумладан: “Бу хайр-эҳсон улашиладиган ойдир. Рамазон ойида мўминларнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган ҳолда савоб берилади”, - деганлар. Шунда саҳобалар: Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку, - дейишди.

Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўксик кўнгилларини кўтариб: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки бир дона ҳурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо, кимки рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло унга ҳавзи кавсаримдан бир қултум сув ичирадики, у то жаннатга киргунча чанқоқ нималигини билмайди. Бу – аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки бу ойда биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, - деб марҳмат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Кимки Рамазон рўзасини тутиб, унинг ҳаддини билса, сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

 

Остонадан муборак Рамазон ойи турибди. Шундай шукуҳли кунлар ташрифини кутиб юраги орзиқмайдиган, “Рамазон яқин!” деган ўйдан қалби ҳаловат топмайдиган одам жуда оз бўлса керак. Шу лаҳзаларда Аллоҳ таоло барчамизни Рамазонга соғ-саломат ва бағрибутунликда етказишини сўраб дуо қилар эканмиз, бу йил рўзадорлар карвони ҳар йилгидан кўп бўлсин деб қоламиз. Рамазони шарифда одатланганларимиз икки дунёимизни мунаввар қилсин! Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бизни бир ойлик эмас, икки дунёлик мўминлардан қилсин, иншааАллоҳ! (Амин!)

 

Умида Турсунзода

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!