Рамазонда оғиз очишга рухсат берилган узр соҳиблари

17:00 21.05.2019 857

Рамазонда оғиз очишга рухсат берилган узр соҳиблари ҳамманинг кўз ўнгида ошкора еб-ичиб юришлари фарз бўлган рўзага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.

Шу боис, мусофир кундуз куни юртига қайтиб келиб, муқимга айланса, ҳайз ёки нифосли аёл кундузи покланиб қолса, ёки таҳорат олаётганда билмасдан ичига сув ютиб юборган кимса шунингдек, ҳали ҳам тун давом этяпти деган фикрда, бомдод кирган бўлса ҳам янглишиб еб-ичиб қўйган кейин фажр киргандан сўнг еб-ичганини билиб қолган кишилар гарчи ўша кунги рўзаси барбод бўлган бўлса ҳам Рамазоннинг ҳурматидан кечгача еб-ичишдан тийилиб туришлари лозим.

Маълум вақтда таом тановул қилиб турмаса соғлигига зарар етадиган хасталар бундан мустасно. Лекин, улар ҳам кўздан панада таомланишлари мақсадга мувофиқ.

Мусофир, касал, эмизикли ёки ҳомиладор аёл, ҳайз ёки нифосли аёл ва ўзидан хатарни даф этиш учун оғзини очишга мажбур бўлган кишилар Рамазонда тутмаган рўзаларининг кунларини бошқа пайт тутиб беришлари вожиб (фарз)дир.

Агар, мазкурлар рўза тутмасликка имкон берувчи узрлари ҳали кетмасдан туриб, оламдан ўтсалар, уларнинг зиммаларида мазкур кунлар учун ҳеч нарса бўлмайди. Яъни, узр мавжудлиги туфайли рўза тутмаган кунлари учун муохаза қилинмайдилар.

Бордию, юқорида зикр этилган кишилар Рамазонда узр туфайли тута олмаган кунларининг қазосини тутиб берсалар бўладиган кунларга етишиб, рўза тутмасликларини мубоҳ қилувчи узрлари кетгани ҳолда мазкур кунлар қазосини тутиб беришни пайсалга солавериб, шу орада уларга ўлим етса яъни ўлим тўшагига тушиб қолсалар, ўлишлари аниқ бўлиб қолса, у ҳолда улар қолдираётган молларидан қазосини тутишга қодир бўлатуриб, тутмаган ҳар бир кунлари учун фидя чиқарилишини васият қилган бўлишлари лозим.

Ҳар бир кун учун бериладиган фидянинг миқдори эса фитр садақасининг миқдори кабидир.

Мазкур васият агар марҳумнинг меросхўрлари бўлса,  молининг учдан бир қисмидан адо этилади. Меросхўри бўлмаса, барча молидан адо этилиши мумкин.

Яъни дейликки, бериладиган фидя меросхўри бўлмаган маййитнинг барча молини эагаллайдиган даражада бўлса, демак, қолдирган барча моли ишга солинади.

Агар вафот этган киши бу ҳақда васият қилмаган бўлса, меросхўрлар унинг молидан, унинг номидан фидя беришлари шарт эмас. Зеро, бу ибодат бўлиб, фақат унинг буйруғи билангина амалга ошадиган ишдир.

Лекин, марҳумнинг васятисиз унинг молидан қазосини тутмаган кунлари учун фидя чиқарсалар, иншааллоҳ жоиз бўлади.

Алишер Сўлтонхўжаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!