Рамазонда шайтонлар кишанланганда, нима учун айримлар гуноҳ қилаверади?

16:00 16.05.2019 1362

Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Эй Аллоҳнинг бандалари! Рўзадор Аллоҳдан ғофил бўлиши мумкин эмас. Рўзадор Аллоҳ азза ва жалладан тўсилган бўлиши мумкин эмас, чунки рўзадорни очқагани ўз ўрнида зикрдир. Рўзадорнинг ташналиги гарчи уни зикр калималари билан тили қимирламасада, ҳақиқатан ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикри саналади. Мен ўзимни таомга муҳтож эканимни ҳис қиламан, лекин мен Аллоҳ таолонинг буйруғига жавоб тариқасида рўза тутганимни биламан. Демак мен рўзадорлигимни ҳис қилган вақтимда Аллоҳнинг кузатувида эканимни ҳам ҳис қиламан. Очликни сезганимда Аллоҳнинг назоратида эканимни ҳам сезаман. Қачон ташна бўлиб оғзим қуриса ва сувга муҳтожлик сезсам мен ушбу ҳолда ҳам Аллоҳ билан биргаман.

Кўрдингизми, эй Аллоҳнинг бандалари, рўзанинг қанча-қанча хусусиятлари ва қанчандан-қанча имтиёзлари бор. Бу бошқа ибодатларда кўзга ташланмайди. Шайтонларнинг кишанланиши ҳам ана шундан. Чунки, шайтонлар қачон инсонни қўлга туширади? Албатта Аллоҳ таолодан ғафлатда бўлганида уни қўлга олади.

Аллоҳ таоло ўз Каломида айтади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз». (То-ҳа сураси, 124-оят).

Ана шу вақтда Аллоҳ таоло унинг устидан шайтонни ҳукмрон қилади. Аммо инсон Аллоҳ билан бирга бўлса ва уни доим эслаб зикр қилиб юрса ҳамда Аллоҳ азза ва жалла билан муроқабада бўлса, шайтон унинг муроқабасини парчалаб қалбига кира олмайди. Бу иш мутлақо бўлиши мумкин эмас.

Агар инсон рўзасида Аллоҳнинг йўлидан қочса ва айрим гуноҳларни қадам босса, мана шу бошқалар гоҳида шубҳали деб билган нарсадир. Улар: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шайтонлар кишанланиши ҳақида хабар берган бўлса ҳам, нима учун кўплаб рўзадор кишилар айрим гуноҳларни содир этмоқдалар?!», деб сўрайдилар.

Улар гуноҳ қилаётган бўлсалар, бу гуноҳларга уларни ундаётган нарса ўзларнинг фаҳмсизлиги ва шаҳвоний истакларидир. Аммо шайтоннинг ҳийласи кучсиз, шайтон ҳақиқий рўза тутган рўзадорга ҳеч қачон яқин кела олмайди. Чунки у модомики рўзадор экан, доимо Аллоҳ азза ва жаллани эслаб туради. Ким Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, У билан бирга бўлса, Аллоҳ таоло уни инсон ва жин шайтонларига қарши ҳимоялаб қўяди.

Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан рўзаларимизни нафсимиз ёмонлигидан ва ҳавойи истакларимиз бефаҳмлигидан бизларни сақлайдиган қалқон қилишини сўрайман».

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!