Рамазондан ўзга ойда бундай юксак ибодат лаззатини топиб бўлмайди

23:00 17.05.2018 364

Ислом динининг беш устунларидан бири ҳар бир мусулмонга фарз қилиб берилган (маълум гуруҳдаги инсонлар бундан мустасно) ва Рамазон ойида тутишлари керак бўлган рўзадир. Рамазон ойи ўзига хос ой бўлиб, унда Қуръон нозил этилган. Бу ой раҳмат ва мағфиратга тўла, банда ибодатлари орқали Аллоҳ таолонинг розилигиги, марҳаматига эришиши ва ўз Холиқига қурбат ҳосил қилиши мумкин. Мусулмон банда йилнинг исталган вақтида рўза тутиши мумкин, лекин бу рўза орқали Исломнинг беш устунларидан бири адо этилмайди, балки суннатга эргашган нафл рўза тутилган бўлади. Рўза Исломнинг устуни ва фарз амал сифатида фақат Рамазон ойидагина адо этилади.

Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган бошқа ибодатларда бўлганидек, рўзада ҳам фақатгина банданинг ўзигагина эмас, балки бутин жамиятга улкан фойда ва манфаатлар бордир. Агар рўза тутиш баробарида эришиладиган манфаатларга назар ташлайдиган бўлсак, бевосита қуйидагиларни тушуниб етамиз: рўза Аллоҳ таоло бизга ато этган барча неъматларини қадрига етишимиз ва муҳимлигини англашимиз ҳамда булар учун шукр келтиришимизнинг асосий сабаби эрур. Зеро, оч қолгани ва чанқагани ҳолда банда ўзи учун арзимасдек туйилган энг оддий нарсаларнинг ҳам қадрига етади. Шунингдек, таомдан лаззатланиш учун биз ифтор вақтини интизорлик билан кутамиз. Боиси, кунини очлик билан ўтказган инсон учун ифтор вақтидаги таом мазалироқ ва лаззатлироқ туюлади.

Емоқ ва ичмоқ имконияти бўла туриб, Аллоҳ таоло учун барча роҳатлардан воз кечган банда Рамазон ойида ўз нафсини жуда гўзал ҳолатда тарбиялайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ишора қилган ҳолда “Ҳар бир нарсанинг закоти бор. Баданнинг закоти рўзадир. Рўза эса сабрнинг ярмидир” (Ибн Можа ривояти) дея марҳамат қилганлар. Рўзанинг фақатгина таом ва ичимликдан тийилиш эмаслигини англаган банда, ўзининг нигоҳини, қулоқларини, тилини ва танасининг бошқа аъзоларини, ҳаттоки фикрларини ҳаромдан муҳофаза этади ҳамда ҳаёти дунёларида рўза тутганликлари учун жаннатга Райён дарвозаларидан киришликларини орзу қилади.

Рўза туфайли инсон асирига айланган кундалик одатлари занжирини узиб, одатлари бандилигидан қутилади. Бу руҳий тарбия ва ирода мустҳкамлига сабаб бўлади. Зеро, рўза инсонга иродани мустаҳкамлаш борасида жиддий дарс бўлиб, нафс устидан муҳим ғалабани таъминлаб беради. Қуйидаги ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза баданнинг ўзгарувчи эҳтиёжлари устидан руҳ ва қалбнинг ғалабасини таъминлаб берувчи муҳим омил эканлигига далолат қилади: “Эй, ёшлар жамоаси! Сизлардан қай бирингиз қодир булса, уйлансин. Зеро, никоҳ кўзларни ҳаромдан, фаржларни зинодан тўсади. Қодир булмаганлар рўза тутсин, чунки рўза гуноҳлардан қалқондир” (Бухорий ривояти). Рўза чин ихлос билан адо этиладиган ибодатдир. Чунки у намоз, қурбонли ва ҳаж каби ўзгаларга кўринмайди, шундай экан инсон тутган рўзаси билан фахрланиб, туғёнга кета олмайди. Мунофиқ эса бировлардан яширин ҳолда таомланиб, ўзини рўза тутаётгандек кўрсатади. Лекин ихлос билан рўза тутаётган банда бутун қалби ва шуури билан фақат Аллоҳ учун рўза тутади. Шундай экан, рўза тутиш орқали мусулмонларнинг қалблари шаффофлашади ва самимийлашади.

Кўпинча бойлар мухтожларнинг ҳолати ва уларнинг эҳтиёжларини тушуна олишмайди. Чунки улар очлик ва чанқоқ нима эканлигини билишмайди. Рўза туфайли улар ҳам мискинлар ҳар куни бошларидан кечирадиган ҳолатни ўзларида ҳис этадилар ва натижада муҳтожларга ёрдам қўлларини чўзадилар. Жамиятда эса ўзаро ёрдам кенг ёйилади. Шубҳасиз бу инсонлар ўртасидаги ўзаро муҳаббатга сабаб бўлади. Шу билан бирга рўза соғликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Зеро, йил давомида тўхтовсиз ишлайдиган инсоннинг хазм қилиш тизими ҳам, ҳордиқ олишга муҳтож экани тиббий жиҳатдан исботланди. Эслатиб ўтишимиз керакки, ифтор чоғида ортиқча овқат еб юбориш соғлик учун жуда катта зарардир. Рўзанинг инсон ҳамда у яшаб турган жамият учун фойдалари, юқорида санаб ўтилганлар билан чегараланиб қолмайди. Биз сизга уларнинг энг муҳимларинигина тақдим этдик холос.

 

Абдулатиф ИРГАШЕВ таржимаси.

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!