Рамазонга фарзандларимизни муҳаббатли қилиш йўллари

13:00 08.05.2019 743

Рамазон ойида ёш болаларни рўза тутишга муҳаббатини ошириш воситалари қандай? Ахир динига диёнатли, иймони бут фарзандларни тарбиялаш энг асосий вазифамиз эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Рамазон ва унинг муқаддас ойлиги ва бу ойда биз Аллоҳга янада яқин бўлишимизни болаларга қандай тушунтириш мумкин? Келинг бугунги мавзумиз шу ҳақида бўлсин!

Илгари  Шом аҳлининг одати, улар ёш болаларига рўза тутишни ўргатиб, уни "Минора зинаси", деб номлашар эди. Демак ёш бола бомдоддан пешингача рўза тутади. Сўнг пешиндан асргача рўза тутади. Кейин асрдан то қуёш ботиб, катталар билан оғизни очгунича рўза тутади.

Биринчи рўза тутган куни у бола учун махсус дастурхон ёзилади. Ўша дастурхонни "Ифторлик дастурхони", деб номланади. Дастурхон устида кичик лаган ва турли хил алвондаги овқат ичимлик ва ҳар-хир ширинликлар ҳамда ўша пайтда мавжуд бўлган мевалар қўйилади. Бола марказда туради. Аҳли уни ўраб олиб, мақтаб, олқишлайдилар. Аллоҳга қандай ҳамд айтишни ўргатадилар. Унга Аллоҳ ҳузурида қандай ажрлар борлигини тушунтирадилар. То ифтор бўлганини билдирувчи замбарак отилгунича шундай қиладилар. Мазкур дастурхон ёш болаларни рўзага муҳаббатини оширишда из қолдирувчи энг муҳим воситалардан биридир, дейди шайх Али Тантовий.

Фарзандимга Рамазон ва унинг муқаддас ойлигини тушунтириш, англатиш учун мен шундай қилдим:

  1. Унга Рамазон ойи ва рўзанинг нима учун тутилишини ва бу амал биз учун ниҳоятда муҳимлигини тушунтирдим.
  2. Унга рўзадорларга ифторлик ва саҳарлик тайёрлаш ҳам савоб эканлиги ҳақида ва буни жон-дили билан бажариши кераклиги ҳақида сўзладим.
  3. Унга намуна бўлиш учун ҳаммасини бажариб кўрсатдим.
  4. Натижаси эса фарзандимда Рамазон ва рўзага муҳаббат пайдо бўлганини ва савоб олиш илинжида менга ифторлик дастурхони учун елиб-югуриб хизмат қилаётганига гувоҳ бўлдим.

Ҳадис

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Болаларингизга учта хислат билан одоб ўргатинг! Пайғамбарингизни севишни, унинг оиласини севишни ва Қуръон ўқишни таълим беринг. Зотан, Қуръон қорилари қиёмат кунида Аллоҳ таоло Аршининг соясида бўлади. Фақатгина Аршнинг сояси бор пайтда Аллоҳнинг пайғамбарлари ва соф бандалари билан бирга бўлади”.

Ислом дини фарзандлар тарбиясига жуда катта эътибор қаратади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратишни таъкидлаб, таълим-тарбиянинг услубларини, турларини кўрсатиб берганлар. Ўғил болаларга сузишни ўргатиш кераклигини, қизларга эса тўқиш-бичишни ўргатишни тавсия қилганлар. Биз кўриб чиққан мазкур ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандларга уч нарсани ўргатиш лозимлигини, улар уч хислат билан камолга етмоғи кераклигини айтганлар.

Улардан биринчиси, Ислом пайғамбари, оламларга раҳмат бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш хислатини сингдиришдир.

Иккинчиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли оилалари, шунингдек, саййидзода ва эшонзодалар каби У Зотнинг зурриёт-авлодларини ҳурмат ва иззат қилишни таълим беришдир. Фарзандларимиз эгаллаши керак бўлган учинчи хислат бу – Қуръон ўқишни билишларидир. Қуръон барча яхшиликлар манбаидир. Уни ёддан ёки китобдан ўқишнинг ўзиёқ ибодатдир. Шу қаторда фарзандларимизни Рамазон ойи ва рўзани интиқлик билан кутишга ўргатиш ҳам фарзимиздир. 

Барчамизга иймони бут, динида собит солиҳ ва солиҳа фарзандлар берганлиги рост бўлсин.

Саида Рустам қизи тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!