Рамазонга интиқлик: Ихлос, ибодат ва саховат ойига тайёрланамиз

23:00 14.04.2019 924

Рамазон ойи мусулмонларни хайру саховатли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Тонги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).

Эзгу амаллар деганда аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни сабр тоқат ила адо этиш тушунилади. Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у фарз амални адо  қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади”, - деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу: Намоз сенга жаннатнинг йўлини кўрсатса, рўза унинг эшигига олиб боради. Садақа эса, сени ичкарига олиб киради, - деганлар. Бас, бу ойдаги ҳар бир фарз амалга етмиш баробар савоб ёзилар экан, закот ва бошқа хайру эҳсонларни ҳам шу ойда бериш афзалдир.

Бу ой бизларнинг нафсимизни тарбия қилишимизда катта аҳамиятга эгадир. Зеро, рўза орқали нафс сабр қилишга, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатишга, Аллоҳга итоат қилишга кўникади. Ривоят қилинишича Юсуф алайҳиссалом бутун Миср мулкига эга бўлганлари ҳолда кўпинча оч юрар эканлар. У зотдан: Бутун ер хазиналари сизда бўлса-ю, нега оч юрасиз? – деб сўралганда: Тўқ бўлиб, очларни эсдан чиқариб қўйишдан қўрқаман, – деб жавоб берган эканлар.

Дарҳақиқат, рўза туфайли инсон ўз сабрини имтиҳон қилади. Ҳадисларда баён қилинишича, сабр уч ҳолатда имтиҳон қилинади.

1.Тоат ва ибодатларни бажаришда;

2.Гуноҳ ишларни қилишдан сақланишда;

3.Мусибат ва қийинчиликларни енгишда.

Рўзада мазкур учала ҳолат ҳам мавжуддир. Биринчидан, рўза ибодатдир. Тўлиқ бир ой рўза тутиш учун кишига катта сабр-тоқат керак бўлади. Иккинчидан, рўзадор тутган рўзаси мукаммал бўлишини истаб катта-ю кичик гуноҳлардан ўзини  тийишга тўғри келади. Бу эса рўзадордан катта сабру матонат талаб қилади. Учинчидан, рўза ибодати очлик ва ташналик каби қийинчиликларга сабр қилишни талаб этади. Юқоридаги ҳолатларга сабр қила олган бандани Қуръони каримда “собир” деб номланади. Сабр қилгувчиларнинг мукофоти абадий жаннат эканлиги Қуръони каримда баён қилинган:

“Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир (“Фурқон” сураси, 75-76 оятлар).

Сабр ҳақида Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди.

Буюк шахсларидан бири Аҳнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳу кексайиб, мункиллаб қолганларида ҳам рўза тутишни канда қилмас эдилар. Буни кўрган баъзи кишилар: Сиз кекса одам бўлсангиз, рўза тутмасангиз ҳам бўлаверади-ку. Рўза сизни қийнаб қўяди” – дейишганида, у зот: “Мен рўзани узоқ сафарим учун тайёрлаяпман. Бу дунёда Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш, охиратдаги азобига сабр қилишдан кўра осонроқдир”, – деб жавоб берган эканлар.

Аллоҳ таоло рўзадор  кишилар учун жаннатда махсус бир дарвбозани яратиб қўйган бўлиб, бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қиладилар: “Албатта, жаннатда бир дарвоза борки, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўза тутганларгина киради, бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўза тутганлар қаерда?”, – дейилади. Шунда улар ўринларидан туриб ва ўша дарвозадан жаннатга кирадилар. Кириб бўлганларидан сўнг дарвоза ёпилади ва бошқа ҳеч ким киролмайди” (Муттафақун алайҳи).

Маълумки, ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари ва қонун-қоидалари мавжуд. Тонг сахардан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва хотинга яқинлик қилишдан сақланиш рўзанинг адо этилиши учун зарур бўлган фарзларидир. Лекин салафи солиҳинлар булардан ташқари яна олти шартни ҳам тайин қилганларки, булар рўзадорнинг рўзасини мукаммал, бенуқсон ва мақбул бўлиш шартларидир.

Биринчиси: Кўзни шариат ман қилган нарсаларга қаратишдан сақламоқ. Хусусан, номаҳрамларга шаҳват билан қараш ҳам шу жумладандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркак ва аёлларни ўзларига номаҳрам бўлган кимсаларга қарашдан қайтарган (“Нур” сураси, 30-31-оятлар).

Айниқса, рўзадор киши бу нарсага катта аҳамият бериши зарур. Акс ҳолда рўзанинг савобини кетказиб, мукаммал бўлишига путур етказади. Шунингдек, ношаръий ўйин-кулгилар, беҳуда томошалар, айниқса, одоб-ахлоққа зид бўлган кўрсатув ва фильмларни кўришдан тийилиш лозим бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

“Қиёмат куни барча кўзлар йиғлаб туради. Аммо, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўз, Аллоҳ йўлида бедор бўлган кўз ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, пашшанинг бошичалик ёш чиқарган кўз бундан мустаснодир”, - деб марҳамат қилганлар.

Иккинчиси: Тилни беҳуда, ёлғон, ғийбат ва гуноҳ саналмиш турли хилдаги гап-сўзлардан тиймоқ. Демак, тилни шариат ман қилган сўзлар учун ишлатиш рўзанинг мукаммал бўлишига путур етказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк этмаса, унинг фақат еб - ичишини тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмас”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти). Тарихдан маълумки икки аёл киши бировларнинг ғийбати қилиб, охир оқибат ҳолдан тойиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб оғиз очишга изн сўраганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга бир коса бериб, унга қайт қилишга буюрганлари, шунда иккала аёл ҳам қосани тўлдириб қон қусганлари ва бу бировларни ғийбат қилганлари сабабли шундай бўлганлиги ҳақидаги ривоят ҳам машҳурдир.

Учинчиси: Қулоқни бефойда ва бемаъни гап-сўзларни эшитишдан сақламоқ. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда гапирувчи билан унга қулоқ солиб турувчи баробар эканлигини баён қилган (“Нисо” сураси, 140-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирувчи киши гуноҳда шерикдирлар”, – деб марҳамат қилганлар.

Тўртинчиси: Бошқа барча аъзоларни ҳам гуноҳдан сақламоқ. Масалан, қўл билан бировга озор бериш, оёқ билан гуноҳ ишга бориш ва ҳоказо. Кундузи рўза тутиб, ифторда ҳаром нарсалар билан оғиз очиш, ҳалол таомни ҳам ҳаддан ортиқ кўп ейиш кабилар ҳам шулар жумласидандир.

Бешинчиси: Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Солиҳлар ушбуларни рўзага шарт қилишларида кўп ҳикмат  бор. Зеро, Аллоҳ рўзани инсонга очликни ҳис қилиб туриши учун машруъ қилгандир. Кундузи бир оз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш биринчидан, рўзанинг ҳикматига зид, иккинчидан ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон саломатлигига салбий таъсир қилиш мумкин. Кундузини уйқу билан ўтказиш ҳам рўзанинг савобини кетказади. Чунки, кўп ухлаш билан киши умрини зое ўтказган бўлади, хусусан Рамазон ойида савобли амаллар билан машғул бўлиш ўрнига, уни ғафлатда ўтказиш айни нодонликдир. Лекин, кечаларни бедор ўтказиш ниятида кундузи бир оз дам олса зарари йўқ.

Олтинчиси: Ифтордан кейин рўзасининг қабул бўлган, бўлмаганлигини ўйлаб хавф (қўрқинч) ва ражо (умид)да бўлмоқ. Агар инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса савоби бўлмайди Шунинг учун қилган ибодат ва тутган рўзасида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога ёлвориб, уни қабул қилишини сўраш лозим.

Юқорида санаб ўтилган шартларга риоя қилинган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир. Салафи солиҳларнинг рўзалари ана шундай комил ва гўзал рўза эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида: “Эй инсонлар! Буюк ва муборак бир ойнинг сояси устимизга соя солиб турибди. Бу ойда шундай бир улуғ кеча борки, у бошқа ойларнинг мингтасидан хайрлидир. Аллоҳ уни рўзасини фарз, тунги ибодатини эса нафл қилди. Ким бу ойда хайрли ишлар қилса, бошқа ойлардаги фарз қилинган ишларни бажарган каби бўлади. Ким бу ойда фарз ишларини амалга оширса, бошқа ойлардаги 70 та фарзни амалга оширган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир, сабрнинг мукофоти эса – Жаннатдир”.

Рамазон ойи азалдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Қурби етганлар, яъни биринчи навбатда саломатлиги имкон берадиганлар рўза тутишлари билан бир қаторда моддий имкониятлари борлар ёлғиз кимсалар, боқувчисини йўқотганлар, талабалар ва бошқа ҳожатмандларга ёрдам тариқасида закот берадилар. Бирон бир сабаб билан ораларида гина- кудурат пайдо бўлганлар, бу ойда бир-бирларини авф этадилар, беморларга, етим-есирларга алоҳида эътибор ва меҳр-мурувват кўрсатилади. Рамазон ойи ўз номи билан покланиш ойи. Яъни бу ойда қалбларимизни кибру ҳаводан, ҳасаддан, бахиллик, адоват каби иллатлардан фориғ қилишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Рамазони ойи Парвардигоримизнинг бандаларига раҳмат ва баракотини кўплаб нозил қиладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам бу ҳақда марҳамат қилиб:

“Рамазон ойида мўминнинг ризқи зиёдаси билан берилади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан қисқартирилмаган ҳолда шунча савоб берилади” – деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларини Рамазон ойининг фазилатидан унумли фойдаланиб қолишга тарғиб қилиб, Ўзларининг қимматли ўгитларини баён қилиб кетганлар. Жумладан, шундай деганлар:

 “Рамазон кунларида тўртта амални кўпроқ қилиб юришга ҳаракат қилинг. Зеро, бу тўрт амалнинг иккитасини бажариш билан Раббингизни рози қиласиз, қолган иккитасидан эса Сиз беҳожат эмассиз. Раббингизни рози қиладиган икки амал, бу – “Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳамда “астағфируллоҳ” калималари, Сиз беҳожат бўлмаган икки нарса эса, Аллоҳдан Сизни жаннатга дохил қилишини ва дўзахдан паноҳ беришини сўрамоғингиздир”.

Манбалар асосида Умида Турсунзода тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!