Таҳлил

Рақобатсиз капитализм Европада нималарга олиб келди?

828

«Исён. Парижликларга бағишланади» номли қисқа рисолада француз шоирлари Жозеф Мери ва Август Бартелеми 1830 йилнинг 28 июлида Париж шаҳрида бўлиб ўтган қўзғолон ҳақида ҳикоя қилган. Унда исёнчилар монархия тикланишига қарши соат минораларига тош отгани тасвирланган – бунда рамзий маъно бор. Яъни шу тариқа қўзғолончилар тарих ўзанини тезлаштириб, қироллик кучлари устидан ғалабага имкон қадар тезроқ эришишга ҳаракат қилган.

Орадан тахминан 150 йил ўтгач, француз инқилобчиларининг мафкуравий меросхўрлари яна бир бор соатларни нишонга олди, лекин бу сафар ўзгаришларни амалга ошириш учун эмас, аксинча тўхтатиш учун. 1989 йил 9 ноябрда Шарқий ва Ғарбий Европани иккига бўлган темир парда «кўтарилганининг» ёрқин мисоли сифатида Берлин девори қулагач, бутун Ғарб бўйлаб неолиберал капитализмни жорий этиш устида кенг миқёсдаги ҳаракатлар авж олди, бу жараёнда иштирок этиш учун бошқа кучлар билан бир қаторда тарих саҳнасига сўл қанот ҳам кўтарилди. 

Кейинги 20 йил бир қарашда тинч ва бир йўсинда кечди – спекулятив молия жадал кенгайиши ҳисобига сезиларли иқтисодий тараққиёт кузатилди. Глобаллашув жараёни ҳамда ўз ички бозорлари интеграциялашуви, бундан ташқари, пост-коммунистик Шарқий Европа давлатларини ўз таркибига қўшиб олиш орқали Европа Иттифоқи улкан ўзгаришларни амалга оширди. Бир сўз билан айтганда, Европадаги сиёсий кайфият жойига тушган, аҳоли ўртасидаги умумий ҳолат мўътадил эди.

“Капитализм ҳаммамизни таназзулга етаклаяпти. Исломий иқтисод чора бўлиши мумкинми?”

Қисқаси, мана шу капитализм

Менинг дўстим Йўҳан

Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ғарбий демократия бутун Европа ҳаёти узра ўз ҳукмронлигини ўрнатди ва энди унда ҳеч қандай ўзгаришлар ғоясига ўрин йўқ эди. Аммо мажбуран ёки ихтиёрий сингдирилганига қарамай, Шарқий Европа давлатларидаги коммунизм ҳамда Шарқий блокнинг  мавжудлиги Ғарбдаги капитализм ислоҳи ва ижтимоий адолатни янада кучайтиришга бўлган талабни пайдо қилганини инкор этиб бўлмайди.

Шунинг учун ҳам ҳали Берлин девори демократиясиз социалистик давлатларни социализмсиз демократик давлатлардан ажратиб турган бир пайтда Европадаги сўл кучлар жасур бир фаразни олға суришга журъат этди: демократия ва социализм уйғунлиги. 

Инчунун, бир вақтлар айнан социализм таҳдиди остида Ғарб элитаси вакиллари оддий ишчи синфи билан муроса қилишга мажбур бўлганди. Мисол учун, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа кучлари Шарқий блок мавжуд меҳнат шароитларидан қониқмаган ишчи синфини ўз томонига оғдириши мумкинлигидан хавфсираганида, Европадаги бугунги фаровон тизимни яратиш анча қийин бўлган бўлар эди.

Аммо 1989 йилга келиб Ғарб демократлари учун келажакка нисбатан радикал ва муқобил қарашлар ўз якунига этди. Америкалик сиёсатшунос Франсис Фукуяма ўзининг «Тарих интиҳоси» китобида либерал демократия ва эркин бозор муносабатлари ғалабаси туфайли энди ҳар қандай ғоявий қарама-қаршиликлар тугашини ҳамда зиддиятлардан холи даврнинг бошланишини маълум қилди.

Шундай қилиб, ўнг ва сўл кучлар ўртасидаги сиёсий фарқлар йўқолишни бошлади. 90-йиллар Учинчи йўл ёки янги марказчилик йиллари эди, бу ерда мақсад энди демократияни социализм билан бирлаштириш эмас, балки ўнг ва сўл тушунчаларидан ташқарига чиқиш эди. Охир-оқибат сўл қанот молиявий капитализмнинг йўналтирувчиларига айланиб қолди.

Худди шу руҳдаги партиялар бутун Ғарбга тааллуқли бўлган. Ўша давлардаги Европа глобализациясини Буюк Британияда Тони Блэрнинг «Янги лейбористлар партияси», Германияда Герхард Шрёдернинг «Социал демократлари» ҳамда Италиядаги Коммунистик партия иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмасди ҳам.

Аммо Собиқ Иттифоқ қулаб, ниҳоят социализм таҳдиди бартараф этилиб, капитализмнинг мутлақ ғалабаси нишонланар экан, капиталистик элита ишчиларга муқаддам тақдим этилган имтиёзларни қайтариб ола бошлади. Энди улар Коммунистик партиялар хавфи ва ғалабасидан чўчимай қўйганди. Тенгсизликлар авжига чиқди, кимдир ўта бой, кимдир эса ўта қашшоқлигича қолиб кетаверди. Ушбу тизимнинг номини контрреволюция деб аташади, у ниҳоят 2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози даврида парчаланиб кетди. 

Дарҳақиқат, Европа сўнгги ўн йилликда инқироздан инқирозга ўтар экан, сўл қанот мунтазам равишда муаммонинг ечими эмас, балки худди шу муаммонинг бир қисми сифатида қабул қилинди; 1989 йилдан кейин Европанинг буюк неолиберал конверсияси даврида тобора кучсизланиб бораётган капитализмни тубдан ислоҳ қилиш тарафдори бўлган ҳеч ким қолмади деярли. Натижада сўл қанот томонидан бўшатилган сиёсий ўринларни деярли бутун қитъани қамраб олган ўта ўнглар ва миллатчилар билан тўлдирила бошлади. Кейин эса неолибералистик капитализмнинг вайронларида муаммоларга дуч келганлар шу муаммоларини айтиш учун ўта ўнглардан бошқа муқобилга эга бўлмай қолди. Натижа нима бўлди? Иқтисодий тизимга бўлган ишонч йўқолди, унинг ўрнига фашистик ғоялар Европага қайтди.

Яъни ҳаммаси чалкашиб кетди. Буларни ҳал қилиш учун эса 1989 йилда бошланган жойга қайтишимиз керак. Биз ижтимоий тенгсизлик ва сайёрамизни охир-оқибат йўқ қилиш томон қадам ташлаётган моделлар доирасидан чиқиб кетиш учун мавжуд сиёсий тизим билан баҳслаша олгулик янги сиёсатчилар, ижтимоий фаоллар ва партияларга муҳтожмиз.

Ёш авлод орасида аллақачон бу ғоянинг нақадар муҳимлигини англаган қатлам борлигини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Жумладан, экологик фалокатнинг олдини олиш учун глобал иқтисодиётни бутунлай қайтадан кўриб чиқишга чақирувчи «Келажак учун жума» ҳаракати каби ташаббуслар ва намойишлар атроф-муҳитни ҳимоя қилишга қаратилган янги бир йўналишга замин яратди. Янги демократик социалистик кучлар ва ушбу қанотнинг жуда машҳур вакили бўлган  Конгресс аъзоси Александрия Окасио-Кортес бойликларни қайта тақсимлашга қаратилган «Янги яшил битим»га чақириқлари билан одамларни ўз атрофига бирлаштирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Европа яна сўл қанот ғояларига қайтмоғи лозим. Бошқачасига иложи йўқ – биз вақтни қўлдан бой берияпмиз. Ҳозир на тўхташ ва на дам олиш замони. Ҳозир яна бир бор ортга қайтиб, барчасини тузатишнинг энг яхши фурсатидир. Биз яна бир бор соатларга қараб, ўз тарихимизни бошидан бошлашимиз керак.

Лорензо Марсили

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага