“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (12-ҳадис)

22:00 21.12.2018 441

12-ҳадис “Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ)". حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи чиройли эканлигидандир”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис).

Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Мазкур ҳадис одоб-ахлоқнинг улкан асосларидан бири саналади”.

Абу Довуд барча соҳа-фан доирасида Суннат аслларини тўрт ҳадис ташкил қилади деганларида, улар ичига юқоридаги ҳадисни ҳам киритганлар.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Соғлом муҳит яратиш 
Ислом ҳамиша соғлом жамият қуришга ва инсонларнинг уруш-жанжалсиз, ўзаро тинч-тотув бўлиб, дўстона ҳаёт кечиришларига интилади. Ахлоқли ва комил иймонли мусулмон ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашиб юрмайди.

– Беҳуда нарсалар билан машғул бўлиш умрни зое кетказиш ва иймон заифлиги аломатидир 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳобалардан бир киши вафот этганида кимдир:
– Жаннат хушхабари билан хушҳол бўл, – деб сўзлади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги кишига дедилар:
– Сен қаердан биласан, эҳтимол у ўзи учун кераксиз нарсаларни гапиргандир ёки мол-давлатини камайтириб қўймайдиган нарсада бахиллик қилгандир?! (Термизий ривоятлари). 

– Беҳуда нарсалардан юз ўгирмоқ саломатлик ва нажот йўлидир
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз Исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан тортиб етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шунча ёзиб қўйилади”. (Бухорий ривоятлари). 

Молик бундай ёзадилар: “Луқмондан сўрашди:
– Сизни бу даражага нима олиб чиқди?
– Ростгуйлик, омонатни адо этмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ! – деб жавоб бердилар Луқмони Ҳаким”.

– Аллоҳ таоло билан машғул қалб ўзи учун кераксиз бўлган ишларга эътибор бермайди
Ҳасан Басрий айтадилар: “Банданинг кераксиз нарсалар билан машғул қилиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганига далолат қилади”.

– Инсон учун нима муҳим ва нима кераксиз саналади?
Инсон учун муҳим нарсалар: ҳаёт учун зарурий емоқ, ичмоқ, кийим-бош, уй-жой каби эҳтиёжлар ва Охиратдаги нажот-саломатликка тааллуқли амаллар.

Кераксиз нарсалар: мол-дунё кетидан қувиш, хилма-хил таом ва ичимликларни кўпайтириш, мансаб тама қилиш ва бировлар мақтовини хуш кўриш.

Дунё ва Охиратда инсон учун бирон нафи тегмайдиган ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлар мубоҳ саналади. Вақтни беҳуда зое этадиган бундай ишлардан мўмин киши йироқ тургани афзал. Зеро, биз ҳали ўтказган вақтларимизга ҳам жавоб берамиз.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят:
– Ё Расулаллоҳ! Биз ҳар битта гапирган гапимизга жавоб берамизми?
– Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?! (Термизий ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласининг амри маъруф, наҳий мункар ва Аллоҳ таоло зикридан бошқа сўзлари унинг фойдасига эмасдир”. (Термизий ривоятлари). 
– Мусулмон киши хайрли ишлар билан машғул бўлмоғи лозим. У турли бемаъни сафсаталар ва беҳуда ишлардан ўзини покиза сақлаши зарур.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!