“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (13-ҳадис)

22:00 22.12.2018 371

13-ҳадис “Иймон ва Ислом биродарлиги”

عَنْ أَبِي حَمْزَةَ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ". (رواه البخاري ومسلم).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари – Абу Ҳамза Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг бировингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўла олмайди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида ёзадилар: “Ўз замонида Мағрибда моликийлар имоми саналган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд бундай деган эди: “Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган: 

1. “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин”;

2. “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир”;

3. “Ғазаб қилма!”;

4. “Сизларнинг бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўлмайди”.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Мусулмон жамиятнинг бирдамлиги ва ундаги ўзаро тинч-тотувлик
Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди.

– Комил иймон 
Юқоридаги ҳадисда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги ҳақиқатни баён қилиб бердилар: Киши худбинлик, ҳасад ва адовату нафрат каби иллатлардан холи бўлмас экан, унинг қалбида иймон мустаҳкам қарор топмайди. Комил иймон эгаси бўлмоқ учун инсон ўзига хоҳлаган соғлик, тинчлик, яхши ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг розилигига эришишдек улуғ неъматларни биродарига ҳам соғинмоғи лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимда-ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини хоҳласа, Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳолида дунёдан ўтсин ва ўзига нисбатан қандай муомалани яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин”. (Муслим ривоятлари). 

– Мусулмондаги олийҳимматлик ва инсонийлик
Комил иймон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи фақат мусулмонларга нисбатан бўлмайди. Шу боис, кофирга ҳидоят тилаб дуо қилиш мустаҳаб саналади.

– Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ иймон камолидандир
Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу иймон комиллигининг аломатидандир. “Бас, мусобақалашувчи кишилар мана шу неъматлар йўлида мусобақалашсинлар”. (“Мутаффифийн” сураси, 26-оят).

– Покиза ва фозил жамият иймон самарасидир 
Ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламтаърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдедилар: “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

– Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади 
Иймон кўпайиб-камайиб туради. Тоат-ибодат билан иймон зиёдалашиб, гуноҳ-маъсият оқибатида камаяди.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!