Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Расмий баёнот

10069

Ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг хабари бор, шу йилнинг 31 май куни «Azon New Media» МЧЖ таъсисчиси (Мубашшир Аҳмад) ва директори (Ғ.Сайдалиев) ҳамда Azon.uz сайти ва AzonTV онлайн телеканали раҳбарлари ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасига (телефон орқали) чақиртирилди.

Юқорида номи зикр этилган бошқарма ва ДХХ ходимлари томонидан сайт ва онлайн телеканал фаолиятига доир экспертиза ўтказилгани, натижада диний-миллий низолар қўзғатиши мумкин бўлган бир қатор мақола ва кўрсатувлар тарқатилгани, шунингдек, диний мазмундаги материалларга Дин ишлари бўйича қўмита томонидан экспертиза хулосаси олинмагани айтилди.

Ўз навбатида Azon гуруҳи ҳам ўринли эътирозларимизни билдирдик. Жумладан, журналист (ёки таҳририят) ўз нуқтаи назарига эга бўлиши мумкинлиги, берилаётган хабарларда қайсидир давлат ё гуруҳлар манфаатини кўзлаш мажбурияти йўқлигини, Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза учун топширилган китобларга узоқ муддатларда хулоса берилаётгани ва шунинг учун Қўмита масъуллари билан мақола ва кўрсатувларни эскпертиза хулосасиз беришга оғзаки келишилгани ҳақида айтиб ўтдик.

Ҳар бир ходим билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашилгани учун вақт чўзилиб кетгани, ҳазил-чин аралаш "бола-чақани ўйлаш", "бошқа иш топиш" ҳақидаги "дўстона маслаҳат"ларни айтмаса, суҳбат оддий ўтди. Ҳар бир ходимнинг оила аъзоларига ва шахсига доир маълумотлар ёзиб олиниб, охирида тушунтириш хати олинди. Йиғилган материаллар асосида хулоса қилиниши айтилди.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда Аzon гуруҳи қуйидаги қарорга келдик:
Диний мақола ва кўрсатувларни экспертизадан ўтказиш-ўтказмаслик масаласида Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти билан учрашиб, бу бўйича икки томонни ҳам қониқтирадиган бир тўхтамга келиш.
Эътиборга олиш лозимки, мақола ва кўрсатувларимизнинг камида 50 фоизи тезкорлик билан берилмаса, маънан эскиради.

Бу ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда икки ечимни кўряпмиз:

  1. Дин ишлари бўйича қўмитага бериладиган кўрсатув ва мақолаларимизга тезкор хулоса олиш имконияти.
  2. Устоз Мубашшир Аҳмаднинг диний билими ва тажрибасини инобатга олган ҳолда, барча материалларни у кишининг текширувидан ўтказиб (Дин ишлари бўйича қўмита экспертиза хулосасани олмаган ҳолда) бериш. Бунда бирор мақола ёки кўрсатувда Қўмита томонидан бериладиган эътирозларни инобатга олиш масъулиятини зиммамизга оламиз.

Фаолиятимизга оид эътирозлар асосан 2014 йил 20 январда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг "Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бўйича билдирилганини инобатга олсак, мазкур қарорни ҳам бугунги кунга мос ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурга ўхшайди.

Гапнинг индаллосини айтсак, янгича фикрлайдиган замон келди. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, "Энди эскича ишлаб, эскича яшаб бўлмайди!"

Azon.uz таҳририяти

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага