Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Рассом ўлгач, қассоб текинга гўшт тарқатмай қўйди...

2801

Кичкинагина қишлоқда бир кекса рассом яшар экан. У беқиёс суратлар чизар ва уни яхшигина нархда сотар экан. Кунларнинг бирида қишлоқдаги бир фақир киши келиб унга шундай деди:
 - Сен бу ишинг орқасидан кўп мол топасан. Нима учун бу қишлоқдаги фақирларга ёрдам бермайсан? Анави қассобга қара, кўп бой бўлмаса-да, ҳар куни фақирларга бир неча бурда гўшт тарқатади.

Рассом унинг саволига жавоб бермай, табассум қилиб қўя қолди.

Фақир киши рассомнинг ҳузуридан хафа бўлиб чиқди ва қишлоққа рассомнинг пули кўплиги, аммо бахил экани ҳақида гап тарқатиб юборди. Қишлоқ аҳли ундан нафратланишди. Бир муддат ўтиб кекса рассом бемор бўлди. Уни кўргани қишлоқ аҳлидан ҳеч ким келмади. Унга ҳеч ким эътибор бермади. У шу ҳолатда ёлғизликда вафот этди. 

Вақт ўтди. Қишлоқ аҳли қассобнинг текинга гўшт тарқатмаётганини ҳис қилиб қолишди. Қассобдан бунинг сабабини сўрашганда, у шундай деди:

"Кекса рассом ҳар ой менга қишлоқдаги фақирларга текин гўшт тарқатишим учун етарли маблағ бериб турар эди. У вафот этгач, маблағ ҳам тугади. Энди гўшт ҳам йўқ".

*****
Хулоса: Юзаки бўлмайлик. Ишларнинг биз фақат зоҳирини кўрамиз. Баъзи буюклар махфийликдалар. Улардаги ҳолат шу даражадаки, улар қилган амалларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билишини хоҳлашмайди. 

Умар розияллоҳу анҳуга боқинг. У зот ҳар куни бомдод намозидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир томонга қараб кетишларни мулоҳаза қилиб қолдилар. У кишининг нима қилишларини билиш учун Умар розияллоҳу анҳу у зотга эргашдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир уйга кириб кетдилар. Бир муддатдан сўнг чиқдилар. Умар розияллоҳу анҳу буни бир неча марта такрорланганини кўргач билдиларки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу қандайдир бир яхши иш қилаяптилар. У зот Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сирларини билмоқчи бўлдилар. Ҳалиги уйнинг эшигини тақиллатдилар. Эшикни бир кўзи кўр кампир очди. У кампирдан Умар розияллоҳу анҳу:  "У киши (Абу Бакр) сизнинг уйингизда нима қилади" — деб сўрадилар. Кампир деди: "Аллоҳга қасамки, эй болам, мен уни танимайман. У ҳар куни келиб уйимни тозалайди, овқатимни тайёрлайди, кийимларимни ювади. У бу ишларни гапирмасдан қилади". Буни эшитган Умар розияллоҳу машҳур гапларини айтдилар: "Ўзингдан кейингиларни чарчатдинг, эй Абу Бакр!".

Шунинг учун инсонларни айблама. Инсонларни ўз ҳолига қўй. Ўзингни танишинг сенга кифоя қилади. Инсонларнинг ҳукмлари қачондан бери адолатли бўлиб қолди?! Инсонлар бир кишини яхши кўришса унинг айбларини ҳам фазилатга айлантириб юборишади. Агар бир кишини ёмон кўриб қолишса, унинг яхшиликларини ҳам ёмонликка айлантиришади. 
Улар Лут алайҳиссалом оиласини қишлоқдан чиқариш учун айтарли айб топа олмай: "Лутнинг оиласини чиқаринг. Улар покиза кишилар" — дейишган эди. Инсонлар Иброҳим алайҳиссаломни куфрда, Юсуф алайҳиссаломни зинода,  Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни сеҳр ва ёлғонда айблашган эди.

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Босқинчи рассомнинг асари истилочилар кирдикорларини фош этади

3479 04:15 22.04.2022

Қоҳира китоб кўргазмасида ғайриоддий Қуръон намойиш этилмоқда 

1953 17:15 04.02.2022

Дунёдаги энг катта Қуръон нусхаси намойиш этилиши кутилмоқда

1467 17:15 06.09.2021

Пайғамбар алайҳиссаломни таҳқирлаб карикатура чизган рассом ўлди

9181 11:29 19.07.2021

Рассомлар мусобақаси (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

2874 18:00 19.07.2019
« Орқага