“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (11-ҳадис)

22:00 20.12.2018 395

11-ҳадис “Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ”

عَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ، سِبْطِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَرَيْحَانَتِهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: حَفِظْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "دَعْ مَا يَرِيبُكَ إِلَى مَا لا يَرِيبُكَ“. (رواه الترمذي والنسائي، وقال الترمذي حديث حسن صحيح).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари ва “райҳонлари“ – Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бу сўзларни ёдлаб қолганман: “Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол“. (Термизий ва Насоий ривоятлари. Термизий ҳасан-саҳиҳ ҳадис деб тасниф этганлар).

Ибн Ҳажар Ҳайтамий мазкур ҳадис шарҳи сўнгида ёзадилар: “Ушбу ҳадис Ислом динининг улуғ қоидаларидан бири саналади. Ҳақ нурни тўсиб қўювчи шубҳа-гумонлар зулм-зулматларини ёриб ташлашда ҳам юқоридаги ҳадис асл-асос ҳисобланади“.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Шубҳали нарсаларни тарк этмоқ лозим

Ибодат, муомала ва умуман барча ўринларда шубҳали нарсалардан йироқ туриб, фақат ҳалол-покиза тарзда иш юритмоқ мусулмон кишини тақводор зотлар сафига қўшади. Шайтон васвасаларини даф этишда жуда фойдали бўлган мазкур хусусият инсон учун дунё ва Охиратда кўп хайрли оқибатларни юзага келтиради, инша Аллоҳ!

– Шубҳали нарсаларни тарк этиб, фақат ҳалол-покиза амалларга берилиш хусусида салафларнинг сўзлари ва ишларидан

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”.

Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут”.

Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар:

– Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз?

– Челагим бўлганда ичардим! – деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар.

Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож.

– Аниқ билан шак-шубҳа қарама-қарши келиб қолса, қай бири олинади?

Мазкур вазиятда аниқ ҳолат олиниб, шубҳа-гумондан юз ўгирилади. “Шаръий аҳкомлар мажалласи“ тасдиқлаган фиқҳий қоидаларнинг иккинчиси айнан мана шу мавзу хусусида: “Аниқ ишонч гумон туфайли бекор бўлмайди“.

– Шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунган киши шубҳали нарсалардан ўзини сақласин

Биз Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқадиган, Исломга тўлиқ амал қиладиган тақводор мўминларни шубҳалардан йироқ юришга даъват этаяпмиз. Бироқ ҳаром-ҳаришга ботиб юрадиган кимсанинг дақиқ шубҳалар қаршисида тақводор бўлиб қолиши “cовуқ тақво” дейилади. Биз уни бундай тақводан қайтарамиз. Чунки у аввал ўзини очиқ ҳаром ишлардан тийсин. Ундан биринчи навбатда мана шу талаб қилинади.

Аҳмад ибн Ҳанбал биродарларининг сиёҳдонидан ёзмасдилар. Аслида Аҳмад ибн Ҳанбал шундай тақво қилишга ҳақли эдилар. Бироқ, дини Исломи комил бўлмаган, тақво мақомида юксалмаган кишиларни бундан қайтарардилар.

– Ростгўйлик хотиржамликдир, ёлғончилик эса саросимадир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги мазмунда ворид бўлган ҳадислари Термизий ривоятида келтирилган. Киши бирор нарсанинг жавобини билишни истаса, фақат рост ва аниқ-тиниқ сўзни изласин. Ростгўйлик омонати шуки, қалб ундан хотиржамлик туяди. Ёлғон эшитганда эса қалб хижил бўлиб, шубҳа-гумонга тўлади.

– Ҳалоллик, ростгўйлик ва ҳақиқат ҳамиша хотиржамлик-розилик олиб келади. Ҳаром-ҳариш, ботил ва ёлғон фақат шубҳа, гумон ҳамда изтироб олиб келади.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!