“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (8-ҳадис)

22:00 17.12.2018 551

“8-ҳадис, Мусулмоннинг ҳурмати”

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَيُقِيمُوا الصَّلاةَ، وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلا بِحَقِّ الإِسْلامِ، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ تَعَالَى“. (رواه البخاري و مسلم)

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир“ деб гувоҳлик бериб, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар одамлар юқоридагиларга амал қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир“. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳадис ўзида Исломнинг учта асосий рукнини жамлаган:
1. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бермоқ;
2. Намозни барча қонун-қоидалари билан тўкис адо қилмоқ;
3. Закотни ҳақдор кишиларга бермоқ.

Ушбу ҳадис билан мазмунан бир хил бўлган бошқа ривоятлар имом Бухорий, Аҳмад ва Ибн Можа асарларида ҳам келтириб ўтилганки, улар ҳадис маъносини янада чуқурроқ ёритиб беради.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Икки шаҳодатни тил билан айтган кишининг жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиш умидида ҳузурларига келган кишилардан фақат икки шаҳодатни қабул қилиб олардилар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу “Лаа илааҳа иллаллоҳ“ калимасини айтган кишини ўлдириб қўйганида Пайғамбар алайҳиссалом унга қаттиқ дашном берган эдилар.

Юқоридаги ҳамма ҳадислар саҳиҳ ва улар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. "Агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини очиб қўйингиз". (“Тавба” сураси, 5-оят); "Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис бажо қилиб, закотни адо қилсалар, у ҳолда диндош биродарларингиздир". (“Тавба” сураси, 11-оят).

Қуйидаги ҳадисда ушбу ҳукм очиқ баён этилган: Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Шундай амирлар бўладики, сизлар уларнинг баъзи ишларини маъқул топасиз, баъзиларини эса инкор этасиз. Уларни инкор этган киши зиммасидаги масъулиятдан қутулади. Уларнинг қилмишларини ёмон кўрган киши Қиёмат куни саломат қолади. Бироқ уларга рози бўлиб эргашган кимса саломат қолмайди.

– Ё Расулаллоҳ! Уларга қарши уруш қилмаймизми? – деб сўрашди саҳобалар.
– Йўқ! Модомики, намоз ўқисалар!.. (Муслим ривоятлари).

– Исломнинг барча арконларини тарк этган кишининг ҳукми
Ибн Шиҳоб Зуҳрий Ҳанзала ибн Али ибн Асқоъдан ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни жиҳодга жўнатар эканлар, унга беш нарса учун уруш очишни тайинладилар. Халифа буйруғига кўра беш рукннинг биттасини тарк этган кимсага қарши худди беш рукннинг барчасини тарк этганга қарши уруш очилганидек жанг қилинарди. Бу рукнлар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж зиёрати“.

– Матлуб иймон
Ушбу ҳадисда салафу халаф уламоларнинг иймон учун шарт қилган сўзларига очиқ-ойдин далолат мавжуд. Улар кишининг мўмин бўлиши учун ундан иймон рукнларини қатъий тасдиқ этиш ва Ислом рукнларига ҳеч иккиланмасдан эътиқод қилиш талаб этилади, деб айтганлар.

– Ҳадислардаги “Фақат унинг ҳаққи бундан мустасно“ лафзининг маъноси
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намоз ўқиш ва закот беришни ана шу ҳақ ичига киритганлари юқорида айтиб ўтилди. Баъзи олимлар рўза ва ҳажни тарк қилишни ҳамда ўлим жазоси белгиланган гуноҳларни қилишни ҳам мазкур ҳақ доирасига киритишган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Инсонлар "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!" деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар ушбу шаҳодатни айтсалар, қон ва молларини мендан омон сақлаган бўладилар ва фақат шу калиманинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳавола.

– Унинг ҳақларига нималар киради? – деб сўрашди.

– Жуфти ҳалоли бўла туриб зино қилишдан, иймондан сўнг куфрга қайтишдан ва бир жонни ўлдиришдан тийилиш. Акс ҳолда у шу ишларнинг жазоси учун ўлдирилади! (Табароний ва Табарий ривоятлари).

Ибн Ражаб ҳадис сўнгидаги сўзларни Анас ибн Моликка тегишли деганлар. Баъзилар мазкур ривоятни бутунлай Анас розияллоҳу анҳуга мансуб дейишган. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоят ушбу ҳадис мазмунини қувватлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон, яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса“. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Охиратда ҳисоб-китоб қилмоқ Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир
Қалбларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билгувчидир! Пок Парвардигор ҳақиқий иймон эгаларини жаннатга киргазиб, риёкор мунофиқларга жаҳаннам қаъридан жой ажратади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларидаги вазифа – мўминларга жаннат хушхабарини, кофирларга эса Охират азобини эслатиш, холос. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Илло ким юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Зеро, уларнинг қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам ёлғиз Ўзимизнинг зиммамиздадир!” (“Ғошия” сураси, 21-26-оятлар); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга дедилар: “Мен одамлар қалбини ёриб кўришга буюрилмаганман!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Мусулмонларнинг моли ҳам, жони ҳам Ислом шариатида ҳимоя этилгандир.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!