“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (9-ҳадис)

22:00 18.12.2018 427

“9-ҳадис, Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз! Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди”

Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар" 
Наҳий яъни қайтариқ Китобу Суннатда бир неча маъноларни ифодалайди. Ушбу ҳадисда наҳий калимаси ҳаром ёки макруҳ нарсани билдириб келмоқда.

– Буйруқларга бўйсуниш
"Амр" (буйруқ) маъносини англатувчи калима Китобу Суннатда бир неча маънода ворид бўлган. Уламолар: "Амр-буйруқдаги асл маъно талабдир", дейишади. Амр асосан "ийжоб" (фарз қилиш) ва "надб" (суннат-мустаҳаб қилиш) учун ишлатилади.

Ўтган умматлар ҳалокати сабаблари
Аввалги қавмлар бошига бало ёғдирган, уларнинг шон-шавкатига путур етказиб, охир-оқибат аламли азоблар домида қолдирган сабаблар хусусида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кўп савол бериш ва Пайғамбарлар ҳукмига қарши чиқиш!”.

Муғийра ибн Шўъба айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда гап-сўздан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтарганлар”. (Бухорий ривоятлари).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳро аҳлидан бир киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берди: 
– Ё Расулуллоҳ! Қачон Қиёмат бўлади?
– Ҳолингга вой сенинг! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам – Қиёмат учун нималар ғамлаб қўйдинг, ўзи?
– Ҳеч нарса тайёрлаганим йўқ! Фақат Аллоҳ ва Расулини яхши кўришим бор, холос.
– Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан! 
– Биз ҳам шундайми? – деб савол ташладик. 
– Ҳа! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. 
Ўша куни биз роса севиндик. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Савол ва унинг ҳукмлари
Саволлар бир неча турга бўлинади. Саволнинг боиси ва таъсирига қараб унинг ҳукмлари ҳам турлича бўлади.

1. Берилиши шаръан талаб қилинадиган саволлар
Мукаллаф банда касби-кори ва ҳолига кўра жавобгар бўлган масалаларни ташлаб қўйиши мумкин эмас. "Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли илмлардан сўрангиз!" (“Наҳл” сураси, 43-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир!” (Байҳақий ривоятлари).

Илм толиблари нафақат ўзлари учун, балки бутун уммат учун зарур саналган масалаларни ўрганадилар, илм эгаларидан сўраб-суриштирадилар. "Барча мўминлар (жангга) чиқишлари ўринли эмас. Ахир уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа одамлар жанг учун чиқмайдиларми?! Бошқалар эса динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми?!)" (“Тавба” сураси, 122-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ҳозир бўлганингиз ғоиб-эшитмаганингизга ўргатсин!" (Муттафақун алайҳ).

2. Сўрашдан қайтарилган саволлар
Аллоҳ таоло махфий этган ва фақат Унинг Ўзигина биладиган нарсалар ҳақида савол қилиш. Масалан, Қиёмат вақти-соати, руҳ моҳияти, қазо-қадар сири ва ҳоказо саволлар.

– Шариат аҳкомларига бўйсуниб, уларни тўла-тўкис адо этмоқ нажот ва муваффақият йўлидир
– Ихтилоф ва келишмовчиликдан эҳтиёт бўлайлик. Дин бирдамликка ундайди

Зеро, Аллоҳ таоло мўминларни битта уммат дея тавсифлади: "Албатта ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен Парвардигорингизман. Бас, Менга ибодат қилингиз". (“Анбиё” сураси, 92-оят).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм. 7-қисм. 8-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!