“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (14-ҳадис)

23:00 23.12.2018 457

14-ҳадис “Мусулмон кишининг қони тўкилмайди”

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يَحِلُّ دَمُ امْرِئٍ مُسْلِمٍ يَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ إِلا بِإِحْدَى ثَلاثٍ: الثَّيِّب الزَّانِي، وّالنَّفْسُ بِالنَّفْسِ، وَالتَّارِكُ لِدِينِهِ الْمُفَارِقُ لِلْجَمَاعَةِ) ".رواه البخاري ومسلم(.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони фақат уч ҳолатдан бири сабабидангина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон сифатида ва Ислом динидан чиқса, жамоатни тарк қилса”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

Мазкур ҳадиси шарифда Исломда инсоннинг нечоғлик қадрланиши яққол кўринади. Жамият учун зарарли хулқ-атворлардан холи, соғлом табиатли мукаррам инсоннинг ҳаёти қаттиқ ҳимоялангандир. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзадилар: “Мазкур ҳадис энг эътиборли нарсалардан бири – жон масаласига тааллуқли бўлгани боис ҳам, муҳим асослар сирасига киради ва инсон ҳаётининг дахлсиз сақланишига кўпроқ эътибор қаратган. Чунки Ислом ҳамиша инсониятнинг энг гўзал ва энг мўътадил суратида қолишини истайди”. 

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Мусулмон қонининг ҳурмати
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир”, деб пок Парвардигорнинг ягоналигию, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатлари ҳақлигини тасдиқлаган кишининг ҳаёти омонда бўлади. Зеро, мусулмоннинг жонига қасд қилишга ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаққи йўқ! Фақат қуйидаги уч оғир жиноятдан бири содир этилсагина, шаҳодат келтирган киши мазкур дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ҳалол жуфтини қўйиб, ўзганинг ҳалолига кўз тикса покиза булоқдан юз ўгириб, ифлос балчиққа ўзини урган бўлади ва ибрат мисоли тошбўрон ила жазоланади. Зинокор насл-насабнинг бузилиб-аралашиб кетишига сабабчи бўлиши билан инсониятга қарши жиноят қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг қайтариғига қулоқ осмаган бундай кимсанинг жазоси тошбўрондир. “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир”. (“Исро” сураси, 32-оят).

Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, озод, балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида, дуруст никоҳ билан турмуш қуриб, жуфти ҳалоли билан қовушган банда Қуръонда “муҳсан” деб таърифланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳсан зинокорни тошбўрон қилишга буюрганлар ва тошбўрон қилдирганлар. Муҳаддислар бу ҳақда бир қанча ривоятларни келтирганлар.

– Қасос
Золимдан қасос олинар экан, одамлар тинч-бехавотир яшайдилар. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (шу билан жиноятлардан) сақлансангизлар!” (“Бақара” сураси, 175-оят).

– Муртаднинг жазоси
Диндан қайтган кимса куфрда қаттиқ туриб, муртадликдан тавба қилишни истамаса, билиттифоқ ўлдирилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Динини ўзгартирган кимсани ўлдирингиз!” (Бухорий ва сунан соҳиблари ривояти).

– Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
Динда мусулмонлар жамоаси тутган йўл эътиборга олинади. Бу уларнинг мутлақ кўпчилик қисми демакдир;

Ҳамиша мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлиш лозим. Мусулмонлардан ажралиб қолиш мумкин эмас;

Юқорида санаб ўтилган учта жиноятдан қайтариш ва уни содир этишдан огоҳлантириш;

Ҳадлар, яъни шаръий жазоларларни татбиқ қилишдан аввал жамиятни Аллоҳ таолодан қўрқишга ва У Зотнинг ҳамиша барча ишларни кўриб-билиб туришини ҳис этишга одатлантирмоқ ва шу руҳда тарбия қилмоқ керак.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!