“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (17-ҳадис)

22:00 26.12.2018 795

17-ҳадис “Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим”

عَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ،  فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأَحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ)". رواه مسلم.

Абу Яъло Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, яхши бир тарзда қатл этинг. Агар жонлиқ сўйсангиз, яхши бир тарзда сўйинг. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва жониворга роҳат беринг”. (Муслим ривоятлари). 

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Барча машруъ яъни шариат рухсат берган амалларни мукаммал ва чиройли адо этмоқ лозимдир

“Албатта Аллоҳ адолатли ва чиройли амаллар қилишга буюрур”. (“Наҳл” сураси, 90-оят). 

“Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”. (“Бақара” сураси, 195-оят).

Буюрилган амалларни бажаришда ҳам, қайтарилган ишларни тарк этишда ҳам, ўзаро муомала-муносабатларда ҳам мукаммалликка интилмоқ лозим. Ана шунда банданинг амали қабул бўлиб, олажак ажру савоби ортади.

– Ҳайвонларни шариатга мувофиқ чиройли тарзда сўймоқ лозим 
Исломда жонлиқ сўйишнинг ўз одоблари мавжуд бўлиб, улар мулойимлик ва мукаммалликнинг ажойиб мажмуидир.

Қассоб ҳайвонни қийнаб қўймаслик учун аввал пичоғини обдон ўткирлаб олмоғи керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пичоқни ўткирлашни ва уни ҳайвондан яширишни буюрдилар: “Агар қай бирингиз жонлиқ сўйса, тайёргарлик кўриб олсин!” – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

Сўйиладиган ҳайвонга юмшоқ муомалада бўлиш ҳам мазкур одоблар сирасига киради. Жонивор сўйиладиган жойга аста етаклаб келинади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши қўйнинг қулоғидан ушлаб тортарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар: “Қўйнинг қулоғини қўйиб юбориб, бўйнидан ушла!” – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Ибн Можа ривоятлари).

Имом Аҳмад айтадилар: “Сўйилишга олиб кетилаётган ҳайвон аста етакланади. Ҳайвонга пичоқ фақат сўйилаётган пайтда кўрсатилади. Унгача пичоқ яшириб турилади”.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда терисини кесиб, бўйин томирини узмай қўйишдан ҳам қайтарганлар”. (Ибн Можа ривоятлари).

– Юқоридаги ҳадис Исломнинг улкан асослари каторига қўшилади. Зеро, у ҳар бир ишни шариат буюрганидек чиройли ва мукаммал адо этишга чақиради.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!