“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (18-ҳадис)

22:00 27.12.2018 513

18-ҳадис “Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ”

عَنْ أَبِي ذَرٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا،  عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ)".رواه الترمذي وقال: حديث حسن. وفي بعض النسخ: حسن صحيح.

Абу Зар – Жундуб ибн Жунода розияллоҳу анҳу ва Абу Абдурраҳмон Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан тақво қил! Ёмонлик ортидан бир яхшилик қилгинки, уни ўчириб юборади. Одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўлгин”. (Термизий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Тақво нажот йўлидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (“Наҳл” сураси, 128-оят).

Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур”. (“Талоқ сураси”, 2-3-оятлар).

Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман”. (“Аъроф” сураси, 156-оят). 

Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (“Қамар” сураси, 54-55-оятлар). 

– Комил тақво 
Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). 

Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган”. 

– Банда қандай қилиб тақводор бўлади? 
Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!” (“Фотир” сураси, 28-оят). 

Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади. 

– Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир

Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони Каримда қуйидагича тавсифлайди: “Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган – ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур – билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (“Оли Имрон” сураси, 135-оят). “Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар”. (“Аъроф” сураси, 201-оят).

Tақводор қилиб қўйган гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади: “Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади”. (“Ҳуд” сураси, 114-оят). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!” деган сўзларига амал қилади.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!