“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (19-ҳадис)

22:00 28.12.2018 339

19-ҳадис “Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати”

عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا، فَقَالَ: "يَا غُلامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلا بِشَيْءِ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأَقْلامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ)".رواه الترمذي و قال: حديث حسن صحيح.

وَفِي رِواية غير الترمذي: "احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَ اعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا".

Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин – У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”. (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

Яна бир ривоятда шундай дейилган: “Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин – оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур”.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Аллоҳни ёд этгин, Аллоҳ ҳам сени асрайди 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар разияллоҳу анҳуга ушбу дуони ўргатдилар: “Парвардигоро! Мени турган ҳолимда Ислом билан асрагин. Ўтирган ҳолимда Ислом билан асрагин. Уйқудалигимда Ислом билан асрагин. Ҳеч бир душман ва на ҳасадчини менга мусибат бериш билан қувонтирма!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

– Барча ҳожат Аллоҳ таолодан сўралади 
Эҳтиёж ҳам, паноҳ ҳам, мадад ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Биз дуою шукр билан ҳеч қачон Ундан ўзгага юкинмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Дуо қилувчи борми, Мен унинг дуосини ижобат этаман! Сўровчи борми, Мен унинг сўраган нарсасини бераман. Истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан””. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Қийинчилик ва енгиллик 
Мазкур ҳадис маънолари ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлигига эътибор берган бўлсангиз керак. Дарвоқе, қийинчилик ташвиш келтиради, енгиллик эса ёруғликка элтадиган эшикдир. Ҳар иккиси учун сабр ва чидам шарт. Ана шунда унинг ортидан зафар-муваффақият бўй кўрсатади. Бу ҳам Парвардигорнинг фазли-марҳамати ҳисобланади. Қийинчилик ортидан ҳамиша енгиллик келади. “Аллоҳ танглик-қийинчиликдан кейин енгилликни ҳам пайдо қилади”. (“Талоқ” сураси, 7-оят). 

Аллоҳ тақдирига рози бўлиб, шариат аҳкомларига тўлиқ амал қиладиган ва фақат Парвардигорларидан енгиллик-нажот истаб дуо-илтижо қиладиган солиҳ инсонлар албатта саодатли онларга етишадилар. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга етарлидир”. (“Талоқ” сураси, 3-оят).

Мусулмон киши ўз зиммасидаги тоат-ибодатларини адо этиб, мункар ишларни тарк қилиши, амри маъруф-наҳий мункар фарзини бажо этиши, иймони заиф одамларнинг хунук оқибатлардан қўрқитишларига қулоқ солмаслиги керак. Чунки унинг тақдирида ёзилган иш содир бўлмасдан иложи йўқ.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!