“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (20-ҳадис)

22:00 29.12.2018 419

20-ҳадис “Ҳаё иймондандир”

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلامِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: إِذا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ)".رواه البخاري

Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” (Бухорий ривоятлари).

Имом Нававий айтадилар: “Бу ҳадис Ислом асосларидан биридир. Яъни шариат буюрган вожиб ва мандуб амалларни бажармасликдан ҳаё қилинади. Шариат қайтарган ҳаром ва макруҳ ишларни эса бажаришдан ҳаё қилинади. Мубоҳ амалларга келсак, уларни бажаришдан ҳам, тарк қилишдан ҳам ҳаё қилиш мумкин. Шунга кўра, ушбу ҳадис бешала ҳукмни ўз ичига олгандир”.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
- Пайғамбарлар меросидан 
Одамлар асрлар бўйи Пайғамбарлардан айни ҳаё ҳақидаги даъватни эшитиб келдилар, уни авлоддан авлодга мерос қилиб қолдирдилар. Шу тариқа у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларигача етиб келди. Модомики, биз Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ барча Пайғамбарлар меросхўри бўлган эканмиз, демак Аллоҳ берган ҳаё неъматини маҳкам тутмоғимиз, мазкур гўзал хислат ила безанмоғимиз лозим. 

- Ҳадис маънолари 
Улуғ олимларимиз мазкур ҳадисни уч хил шарҳлаганлар. Қуйида биз ҳадисга берилган учала маънони келтириб ўтамиз. 

Биринчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ феъли таҳдид-ваъидни ифодалайди. Унда ҳадис маъноси қуйидагича шарҳланади: Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қилавер. Албатта Аллоҳ таоло сени қаттиқ жазолайди! 

Амр-буйруқ феълининг таҳдид маъносида келиши қуйидаги ояти каримада ҳам кузатилади: “(Эй кофирлар), хоҳлаган ишингизни қилаверинглар. Албатта У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир”. (“Фуссилат” сураси, 40-оят).

Иккинчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ хабар маъносини ифодалайди. Яъни беҳаё кимсалар хаёлларига нима келса қилаверадилар. Чунки ҳаё инсонни қабиҳ-разил одатлардан тўсиб туради. Ҳаёсиз махлуқлар эса бузуқлик ва тубанлик балчиғига ботадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам буйруқ феъли хабар маъносини ифодалаб келган: “Кимда-ким менинг ишимда мен айтмаган гапни гапирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”. Яъни, у жойини жаҳаннамдан тайёрлабди. 

Учинчи маъноси: Буйруқ мубоҳликни билдиради. Яъни, агар сен бир ишни қилишдан Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам ҳаё этмасанг, модомики у шариатда қайтарилмаган бўлса, уни қилавер, рухсат. Зеро шариатда қайтарилмаган ҳар қандай амал мубоҳдир. 

Юқоридаги шарҳлар орасида албатта биринчи келтирилгани кучлироқдир. Бироқ имом Нававий (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) учинчи маънони рожиҳ-кучли санаганлар. Абу Убайд Қосим ибн Салом, Ибн Қутайба ва Муҳаммад ибн Наср Марвазийлар иккинчи маънони ихтиёр этишган. 

- Бемаъни ҳаё 
Бундай сифат кишини илм олиш ва кундалик ризқини топишдан тўсиб қўяди. Баъзилар ўз ўрнида бўлмаган кераксиз ҳаёга заифлик деб баҳо берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаё икки турли бўлади: бири иймондандир, иккинчиси эса ожизликдир”. (Ҳасан Басрийнинг мурсал ривоятлари).

- Ҳаё фақат яхшилик келтиради 
Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди. 

- Дин аҳкомларини ўрганишда ва ҳақ талабида уялиб тортиниб турмаслик керак.

“Аллоҳ ҳақни айтишдан тортинмайди”. (“Аҳзоб” сураси, 53-оят)

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!