“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (21-ҳадис)

22:00 30.12.2018 506

21-ҳадис “Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон”

عَنْ أَبِي عَمْرٍو، وَ قِيلَ: أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْ لِي فِي الإِسْلامِ قَوْلاً، لا أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: "قُلْ آمَنْتُ بِاللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ) ". رواه مسلم

Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: 

- Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).

Маълумки, Ислом тавҳид ва итоатдан иборат. Тавҳид Аллоҳга иймон келтириш билан юзага келса, итоат тўғри йўлда юриш билан бўлади. Зеро, у шариат буйруқларига тўла бўйсуниб, қайтарилган амаллардан йироқ юрмоқдир. Иймон, Эҳсон ва Ислом каби қалб ҳамда бадан амали ушбу доира ичига киради. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!” (“Фуссилат” сураси, 6-оят).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
- Тўғри йўлда юриш нима дегани?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари қуйидаги оятлардан олингандир: “Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб сўнгра тўғри йўлда юрган зотларнинг олдиларига (ўлим пайти) фаришталар тушиб, дерлар: “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” (“Фуссилат” сураси, 30-оят).

“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деган, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар”. (“Аҳқоф” сураси, 13-оят).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Сўнгра тўғри йўлда устивор бўлганлар...” оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло - Парвардигоримиз, деб собит турдилар”. 

Умар розияллоҳу анҳу юқоридаги оятни минбарда туриб тиловат қилдилар-да, бундай дедилар: “Улар Аллоҳ таолонинг тоатида собит турдилар. Тулкига ўхшаб йўлда эгри-бугри юрмадилар”. 

- Қалбнинг тўғрилиги 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Огоҳ бўлингизким, танада бир парча гўшт бор. Агар шу парча гўшт яхшиланса, бутун тана яхшиланади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Билингларки, у қалбдир!” (Бухорий ривоятлари).

- Тилнинг тўғрилиги 
Инсон тили қалбнинг таржимони ҳисобланади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби тўғриланмагунга қадар тўғриланмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди”. (Аҳмад ривоятлари). 

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи уйғонганида, унинг аъзолари тилни ўраб олиб шундай дейдилар: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Чунки биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз!” (Термизий ривоятлари).

Тавҳид ва Ёлғиз Аллоҳ ибодатига ихлос қўйиш билан ҳақ йўлда устивор бўлишга бир-биримизни чақирайлик.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!