“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (23-ҳадис)

22:10 03.01.2019 531

23-ҳадис “Ҳар бир яхшилик садақадир”

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيْمَانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلآنِ – أَوْ تَمْلأُ – مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَو عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبَائِعٌ نَفْسَهُ، فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا)". رواه مسلم.
 
Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Покизалик иймоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” осмонлару ер оралигини тўлдиришади (ёки тўлдиради). Намоз нурдир. Садақа (закот) далил-ҳужжатдир. Сабр зиёдир! Қуръон сенинг фойдангга ёхуд зарарингга ҳужжатдир. Ҳамма тонг саҳардан ҳаракат қилиб, ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Натижада нафсини халос қилади ёки уни ҳалок этади”. (Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Таҳорат ва унинг ажри 
Таҳорат намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. “Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз!” (“Моида” сураси, 6-оят). “

Либосларингизни пок тутинг!” (“Муддассир” сураси, 4-оят).

– Аллоҳ таоло зикри ва шукронаси
Аллоҳ таоло неъматларига ҳадисларда ворид бўлган зикрлар билан шукроналар айтмоқ Қиёмат кунида тарозининг солиҳ амаллар палласини оғир қилади. “Алҳамдулиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” осмонлару ер оралиғини тўлдиришади (ёки тўлдиради). (Муслим ривоятлари).

“Тасбеҳ ва такбир осмону ерни тўлдиради”. (Муслим ривоятлари).

“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси Аллоҳга етгунга қадар ўртада ҳеч қандай парда-тўсиқ бўлмайди. (Термизий ривоятлари). 

– Намоз нурдир
“Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар”
. (“Таҳрим” сураси, 8-оят).

Исломнинг асосий рукнларидан бўлмиш намоз ибодатли бандаларни хайрли йўлга бошловчи, уларни маъсиятлардан тўсиб, тўғриликка йўлловчи нурдир.

“Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур”. (“Анкабут” сураси, 45-оят). 

– Садақа ҳужжат-бурҳондир 
Араб тилида “бурҳон” сўзи қуёшнинг ёрқин шуъласи-нури маъносини беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам бунга мисол бўла олади: “Мўминнинг руҳи танасини тарк этганда бамисоли қуёш нуридек мунаввар бўлади”. (Ҳадисдаги “қуёшнинг нури” ибораси “бурҳон” калимаси билан ифодаланган). Шу боис, қатъий далил-ҳужжатга ҳам “бурҳон” лафзи ишлатилади. Чунки у қаратилган нарсага очиқ-ойдин далолат қилиб туради.
 
– Сабр зиёдир
Зиё оддий ёруғликдан фарқли ўлароқ, ҳарорати бор нурдир. Мисол учун ой ёруғлиги ҳароратсиз, қуёш зиёси эса иссиқлиги билан ундан анча фарқ қилади. “Сабр зиёдир!” дейилди. Чунки сабр нафсларга бироз оғир келади. Рўзадорлар ўзларини емоқ, ичмоқ ва шаҳват каби айрим кўнгилхушликлардан тўсадилар.

“Дарҳақиқат, Биз Айюбни сабр қилувчи ҳолида топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир”. (“Сод” сураси, 44-оят).

“Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз У Зотга қайтгувчидирмиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. (“Бақара” сураси, 155-157-оятлар).

– Қуръон ҳужжатдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларга шундай бир нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангизлар, мендан кейин ҳаргиз залолатга юз тутмайсизлар: У Аллоҳнинг китобидир!” (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:”Қуръон ўқинглар! Қиёмат кунида у шафоат қилувчи бўлиб келади”.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!