“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (25-ҳадис)

22:00 05.01.2019 481

25-ҳадис “Аллоҳ таоло фазлу марҳамати”

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالُوا لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ، يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ. قَالَ: "أَوَلَيْسَ اللهُ قَدْ جَعَلَ لَكُمْ مَا تَصَدَّقُونَ؟ إِنَّ لَكُمْ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٍ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٍ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ، وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ". قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيَأْتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟ قَالَ: "أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ، أَكَانَ عَلَيْهِ وِزْرٌ؟ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الْحَلالِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ)". رواه مسلم. 

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан баъзи бировлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга дедилар: 

– Ё Расулаллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади.

– Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. – Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз – садақа, яхшиликка буюриш – садақа, ёмонликдан қайтариш – садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа!

– Ё Расулаллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?! 
– Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ажр бўлади. (Муслим ривоятлари). 

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Аллоҳ азза ва жалла зикрини қилиш кишининг ўзига энг яхши садақадир
Агар саховат кўрсатгани ортиқча молу дунёингиз бўлмаса, Пок Парвардигор шаънига тасбеҳ, такбир, таҳлил ва ҳамдлар айтинг. Ўшанда сиз ҳар битта сўзингиз учун садақа-эҳсон ажрини оласиз. Ахир қанақасига бошқача бўлсин?! Аллоҳ таоло зикри “боқий яхшиликлар” дея таърифланиши энди сизга сир эмас-ку! 

“Парвардигорингиз наздида боқий яхши амаллар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир”. (“Каҳф” сураси, 46-оят); 

“Албатта Аллоҳ зикри улуғроқдир”. (“Анкабут” сураси, 45-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирор кун, тун ёки соат йўқки, унда Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган бандасига марҳамат этадиган садақа-эҳсони бўлмаса. Аллоҳ таоло бандасига Парвардигор зикрини қилишга илҳом беришдек марҳамат кўрсатмаган”. (Ибн Можа ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
– Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида энг фазилатли бандалар кимлар?
– Аллоҳни кўп зикр қилувчилар, – деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

– Яхшиликка чақириш жамиятга қилинган эҳсондир
Амри маъруф, наҳий мункар эшиги ҳамма мусулмонлар учун кенг очиқ. Ушбу фарзи кифояни адо этувчи банданинг ажру мукофоти эҳсон қилувчи саховатпешалар ажридан асло кам эмас. Билъакс, айрим ҳолларда улардан бир неча баробар юқори ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир яхши иш садақадир”. (Муслим ривоятлари). 

Қанақасига шундай бўлмасин?! Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати айнан яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш хусусияти билан инсонлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлди-ку!

“Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз. Ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (“Оли Имрон” сураси, 110-оят).

– Аллоҳ азза ва жалланинг фазли кенгдир
Инсонлар модомики, ниятлари тўғри экан, ҳар кеча-кундузда улкан ажр-савобларга эга бўлишади. Чунки ҳамма ҳам аҳли-оиласини, қўли остидагиларни едириб-ичириш учун ҳаракатда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кишининг аҳли оиласига, жуфти ҳалолига ва қўл остидагиларига қилган нафақаси садақадир”. (Муслим ривоятлари). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло юзини истаб қилган ҳар бир нафақангизга ажр оласиз. Ҳатто аёлингиз оғзига тутган бир луқма учун ҳам ажрга эга бўласиз”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!