“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (26-ҳадис)

20:00 06.01.2019 604

26-ҳадис “Ислоҳ ва адолат”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "كُلُّ سُلامَى مِنَ النَّاسِ عَلَيْهِ صَدَقَةٌ كُلَّ يَوْمٍ تَطْلُعُ فِيهِ الشَّمْسُ: تَعْدِلُ بَيْنَ اثْنَيْنِ صَدَقَةٌ وَتُعِينُ الرَّجُلَ فِي دَابَّتِهِ فَتَحْمِلُهُ عَلَيْهَا أَوْ تَرْفَعُ لَهُ مَتَاعَهُ صَدَقَةٌ، وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ، وَبِكُلِّ خَطْوَةٍ تَمْشِيهَا إِلَى الصَّلاةِ صَدَقَةٌ، وَتُمِيطُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ)". رواه البخاري ومسلم. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсонлардаги жами аъзолар учун қуёш чиқадиган ҳар бир кунда садақа мавжуд: Икки киши ўртасида адолат қилишинг – садақа. Бировнинг уловга минишига ёрдам бериб, уни чиқариб қўйишинг ёки нарсасини олиб беришинг – садақа. Яхши сўз – садақа. Йўлдан азиятли нарсани олиб ташлашинг ҳам садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Ҳадисда зикр этилган садақа 
Садақа фақат мол-давлат доирасида чекланмайди. Талашиб-тортишиб қолганлар ўртасини ислоҳ қилмоқ, биродарига уловга чиқишида ёрдамлашмоқ каби садақалар нафи ўзгаларга ҳам тегади. Айримлари эса фақат кишининг ўзига тегишли бўлади. Масалан, намоз сари юрмоқ...

– Бир-бири билан хусуматлашиб, ажрашиб кетган икки киши ўртасини ислоҳ қилмоқ 
Ҳар иккала тараф ўртасини жоиз сулҳ (яъни ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилмасдан келиштириш) ва адолатли ҳукм билан ислоҳ этмоқ энг афзал ибодатлардан саналади. 

“Мўминлар ҳеч шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингиз ўртасини ўнглаб қўйинглар!” (“Ҳужурот” сураси, 10-оят); 

“Агар садақа беришга, бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан ҳеч қандай хайр-фойда йўқдир”. (“Нисо” сураси, 114-оят).

– Бировга уловига чиқишда ёрдамлашмоқ
Бир биродарингизни уловига чиқариб қўйишингиз, чиқишига ёрдамлашишингиз ёки унинг юкларини ортиб беришингиз сиз учун шукр ва садақадир. Бу ўзаро ёрдам-мурувват саналади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

“Биродарини (оёқ кийимининг) боғичи устига чиқариб қўйган киши бамисоли Аллоҳ йўлида уни уловига чиқариб қўйган кабидир”.

– Яхши сўз
Акса уриб “алҳамдулиллаҳ” деган кишига “ярҳамукаллоҳу ва яшфийк” деб жавоб айтиш, салом бериш, алик олиш ва зикрлар яхши сўз таркибига киради. 

“Яхши сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам Аллоҳ Ўз даргоҳига кўтарур”. (“Фотир” сураси, 10-оят).

– Юришга халал берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш 
Йўлдан тош, тикан, чўп ва нажосат каби йўловчиларга халақит берадиган озорларни олиб ташлаш ажр-савобда ҳадис аввалида зикр этилган садақалардан (яхши сўз, масжидга юриш кабилар) қуйироқ турувчи садақадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Иймон етмиш учдан ортиқ шохобчадан иборатдир. Уларнинг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ!”, қуйи даражаси йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир”.

– Барча садақалар холис Аллоҳ учун қилинмоғи шарт 
Барча яхши амаллар ва садақалар ажр-савобга лойиқ бўлиши учун аввало ният холис бўлмоғи, яъни ҳар бир хайрли иш фақат Аллоҳ таоло йўлида қилинмоғи шарт. 

“Агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар, уларнинг кўп махфий суҳбатларидан – ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ розилигини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз”. (“Нисо” сураси, 114-оят).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!