“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (27-ҳадис)

22:00 07.01.2019 400

27-ҳадис “Яхшилик ва ёмонлик”

عَنِ النَّوَّاسِ بْنِ سَمْعَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "البِرُّ حُسْنُ الْخُلُقِ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي نَفْسِكَ وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ)". رواه مسلم(. 
وَعَنْ وَابِصَةَ بْنِ مَعْبَدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "جِئْتَ تَسْأَلُ عَنِ الْبِرِّ؟" قُلْتُ: نَعَمْ. فَقَالَ: "اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ وَاطْمَأَنَّ إِلَيْهِ الْقَلْبُ، وَالإثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسُ وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ". (حديثٌ حَسَنٌ رُوِينَاهُ في مُسْنَدَيِ الإمَامَيْنِ: أحمدَ بنِ حنبلٍ، والدارميِّ بإسنادٍ حسنٍ.

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яхшилик бу ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглинг хотиржам бўлмаган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”. (Муслим ривоятлари). 

Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим: 
– Сен эзгулик хусусида сўрагани келдингми? – дедилар Набий соллаллоҳу алайхи васаллам. 
– Ҳа! – деб жавоб бердим. 
– Қалбингдан сўра! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам - Нафсинг ва қалбинг хотиржам бўлган нарса эзгуликдир. Одамлар фатво бераверсалар ҳам ичингни ғаш қилиб, кўнглингга ўрнашмаган нарса гуноҳдир. (Аҳмад ва Доримий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Энг гўзал ахлоқ
Шак-шубҳасиз энг гўзал, шарафли ва хайрли ахлоқ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқларидир. Аллоҳ таоло бандалари учун дастуруламал қилиб тайинлаган Қуръоний одоблар унда жамулжам бўлганди. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръони каримда қуйидагича мақтаган: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (“Қалам” сураси, 3-оят). Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди”.

– Ҳар бир мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан хулқланишга интилмоғи лозим. Чунки ҳусни хулқ энг улуғ яхшиликдир.

– Гуноҳнинг икки аломати
а) Ички аломат: кўнгил ўзи хотиржам бўлмаган ишдан изтиробга тушади, қийналади ва ундан қочишни истайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Гуноҳ кўнглингиз хотиржам бўлмаган ишдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ - қалбларни тирнайдиган нарса!” 

б) Ташқи аломат: инсон мусулмонлиги туфайли бир номаъқул ишини биродарлари кўриб қолишини истамайди. Бироқ бу ёқтирмаслик одатий эмас, диний ёқтирмаслик бўлади.

– Дин инсон виждонидаги терговчидир. Ожиз ақллар чиқарган қонунлар эса фақат ташқаридан ҳаракат қилади, холос.

– Ислом инсонларни гуноҳга қўл уришдан тўсади

Чунки ҳар ким ичидаги иймон номли қўриқчиси кузатувида бўлади. Бундай ишончли кузатувчи ҳеч вақт ғафлатда қолмайди. Ташқи назоратчиларга таяниб иш юритувчи қонунларни эса ғафлатда қолдириш ёки унинг таъсир доирасидан чиқиб кетиш у қадар қийин иш эмас.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!