“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (28-ҳадис)

23:00 08.01.2019 421

28-ҳадис “Суннатларни маҳкам тутинг! Бидъатлардан йироқ бўлинг”

عَنْ أَبِي نَجِيحٍ عِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ، فَأَوْصِنَا. قَالَ: "أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ، وَإِنْ تَأَمَّرَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ، فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلافًا كَثِيرًا، فَعَلَْيَكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ، فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ)". رواه أبو داود والترمذي وقال: حديثٌ حسنٌ صحيحٌ(. 

Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мавъиза қилдилар. Бундан қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди. – Ё Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг мавъизасидек бўлди, – дедик биз. – Энди насиҳат қилинг! – Сизларга Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни васият қиламан. Агар бир қул устингизга амир бўлса ҳам, унга қулоқ тутинг, итоат этинг. Ҳали сизлардан (узоқроқ) яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимга ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифалар суннатига эргашингиз! Уни ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар. Янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Тақвога чақириш 
Шариат таклифларидан бўлмиш барча буйруқларни адо этмоқ ва жами қайтариқлардан нафсни покиза тутмоқ тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига тақвони васият қилишлари бу сифатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиборларида улкан ўрин тутганини билдиради. Чунки тақвони маҳкам тутиш дунёю Охират саодатига етаклайди. Аллоҳ таоло аввалу охиргиларга уни тавсия этган. “Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик”. (“Нисо” сураси, 131-оят).

– Итоатга чақириш
Мусулмон амирларнинг хайрли ишлардаги буйруқларига итоат этиш Қуръон ҳукми билан таъкидланган. “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйинсунингиз!” (“Нисо” сураси, 59-оят).

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ва хулафои рошидинлар суннатига эргашмоқ
Суннат бу юриладиган йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг тўғри йўлдаги халифалари тутган эътиқод, қилган амал ва айтган сўзларини маҳкам ушлаш мазкур суннатга амал қилиш ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулафои рошидинларнинг Китобу Суннатдан хулоса чиқариб қилган ишлари тойилишдан йироқ бўлишини билганлари боис, юқоридаги сўзларни айтдилар.

– Бидъатлардан ҳазир бўлинг! Аммо...
Умар розияллоҳу анҳу таровеҳ намозини ўқиётган мусулмонларни бир имом орқасига жамладилар ва кейин шу тарзда намоз ўқиётган мўминларни кўриб: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди!” деган эдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида мусҳафнинг жамланиши, закот беришдан бош тортганларга қарши уруш очиш, бутун умматни битта мусҳаф атрофига тўплаш, Усмон розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида Қуръондан нусхалар кўчириб, чор-атрофга жўнатиш каби бир қанча янги ишларни саҳобалар хайрли деб топдилар ва айни ҳаракатлар шариатда асосланганлигига шубҳа билдирмадилар.

– Видолашув пайтида дунё ва Охират учун фойдали бўлган тавсияларни айтмоқ суннатдир

– Динда асоси бўлмаган янги ишларнинг олдини олиш, одамларни улардан қайтариш лозим.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!