“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (29-ҳадис)

22:00 09.01.2019 377

29-ҳадис “Яхшилик эшиклари ва ҳидоят йўллари”

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِي الْجَنَّةَ وَيُبَاعِدُنِي عَنِ النَّارِ، قَالَ: "لَقَدْ سَأَلْتَ عَنْ عَظِيمٍ، وَإِنَّهُ لَيَسِيرٌ عَلَى مَنْ يَسَّرَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَيْهِ: تَعْبُدُ اللهَ لا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ، وَتَصُومُ رَمَضَانَ، وَتَحُجُّ الْبَيْتَ". ثُمَّ قَالَ: "أَلا أَدُلُّكَ عَلَى أَبْوَابِ الْخَيْرِ: الصَّوْمُ جُنَّةٌ، وَالصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ، وَصَلاةُ الرَّجُلِ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ، ثُمَّ تَلا: (تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ – حَتَّى بَلَغَ – يَعْلَمُونَ)". ثُمَّ قَالَ: "أَلا أُخْبِرُكَ بِرَأْسِ الأَمْرِ وَعَمُودِهِ وَذِرْوَةِ سَنَامِهِ". قُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: رَأْسُ الأَمْرِ الإسْلامُ، وَعَمُودُهُ الصَّلاةُ، وَذِرْوَةُ سَنَامِهِ الْجِهَادُ". ثُمَّ قَالَ: "أَلا أخْبِرُكَ بِمِلاكِ ذَلِكَ كُلِّهِ". فَقُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَخَذَ بِلِسَانِهِ وَقَالَ: "كُفَّ عَلَيْكَ هَذَا". قُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، وَإِنَّا لَمُؤَاخَذُونَ بِمَا نَتَكَلَّمُ بِهِ؟ فَقَالَ: "ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ فِي النَّارِ عَلَى وُجُوهِهِمْ – أَوْ قَالَ: عَلَى مَنَاخِرِهِمْ – إِلا حَصَائِدُ أَلْسِنَتِهِمْ)". رواه الترمذي وقال: حديث حسن صحيح(.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, – дедим.

– Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам – Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон–бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!

Сўнг дедилар:
– Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир).

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас”.

Сўнг дедилар:
– Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!
– Ҳа, ё Расулуллоҳ! – дедим мен.
– Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!

Сўнгра дедилар:
– Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?!
– Ҳа, ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб, дедилар:
– Мана бунингни тийгин!
– Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!
– Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки “бурунлари билан” дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Термизий ривоятлари. Ҳасан саҳиҳ ҳадис).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Солиҳ амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабдир 
– Яхшилик эшиклари ва унга олиб борувчи сабаблар қуйидагилардир:

а) Рўза қалқондир!
б) Садақа гуноҳларни ўчиради
в) Кечаси туриб ўқиладиган намоз

– Тилдан келадиган хатар. Зеро инсон оғзидан чиққан сўзига жавоб беради

Тил ўзининг пушаймон келтирувчи ҳосиллари билан эгасини жаҳаннамга қулатиши ҳам мумкин.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!