“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (30-ҳадис)

23:00 10.01.2019 530

30-ҳадис “Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳадлар ва ҳаром ишлар”

عَنْ أَبِي ثَعْلَبَةَ الْخُشَنِيِّ جُرْثُومِ بْنِ نَاشِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى فَرَضَ فَرَائِضَ فَلا تُضَيِّعُوهَا، وَحَدَّ حُدُودًا فَلا تَعْتَدُوهَا ، وَحَرَّمَ أَشْيَاءَ فَلا تَنْتَهِكُوهَا، وَسَكَتَ عَنْ أَشْيَاءَ – رَحْمَةً لَكُمْ غَيْرَ نِسْيَانٍ – فَلا تَبْحَثُوا عَنْهَا)". حديث حسن رواه الدارقطني وغيره).

Абу Саълаба Хушаний Журсум ибн Ношир розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ”Аллоҳ таоло бир қанча фарзларни лозим этди, бас, уларни зое қилмангиз. Ҳад-чегараларни белгилади, уларни босиб ўтмангиз. Айрим нарсаларни ҳаром қилди, уларга яқин йўламангиз. Баъзи нарсалар хусусида – унутганидан эмас, сизларга марҳамат кўрсатиб, – сукут қилди, бас, улар устида баҳс қилмангиз. (Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Фарз ва вожибларга тўлиқ амал қилмоқ
Аллоҳ таоло бандаларига буюрган намоз, закот, рўза ва ҳаж каби амаллар фарз ҳисобланади. Фарзлар икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мукаллафга айнан тегишли бўлган фарзлар. Масалан беш вақт намоз, закот, рўза...

Фарзи кифоя эса маълум тоифанинг у билан машғул бўлиши билан бошқалар устидан соқит бўладиган фарз. Агар ҳеч ким фарзи кифояни адо этмаса, ҳамма баробар гуноҳкор бўлади. Масалан жаноза намози, саломга алик олиш, амри маъруф ва наҳий мункар...

– Аллоҳ таоло белгилаган ҳадларни босиб ўтмаслик
Ҳадлар – инсонларни ҳаромдан тўсишга хизмат қилувчи шариатда белгиланган жазолар. Масалан зино ҳадди, ўғирлик ҳадди, ароқ ичганнинг ҳадди ва ҳоказо...

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар:
– Эй Амирулмўминин! Ароқ ичган кимса алжирашга тушади. Алжираган одам, албатта туҳмат-бўҳтон қилади. Аллоҳнинг китобида туҳматчининг жазоси саксон даррадир...

“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ кимсалардир”. (“Нур” сураси, 4-оят).

– Ҳаромдан ҳазар қилмоқ
Китобу Суннатда ҳаромлиги қатъий айтиб қўйилган барча мункар амаллардан тийилиш, улардан пок сақланиш буюрилган. Қатъий ҳаром ишларга ёлғон гувоҳлик бермоқ, етимнинг молини емоқ, судхўрлик каби нопок қилмишларни мисол қилиб келтириш мумкин.

“Айтинг, Парвардигорим бузуқ ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди!” (“Анъом” сураси, 151-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир!”. “Қонларингиз, мол–давлатларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга ҳаромдир”.

– Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати
Аллоҳ субҳонаҳу айрим нарсалар хусусида сукут қилди. Яъни, уларни на ҳалол ва на ҳаром деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати деб таърифладилар. Бинобарин, ҳукми айтилмаган ишларни қилишда ҳеч қандай танглик йўқ. Албатта, Аллоҳ таолонинг ушбу сукути хато ёки унутиш орқали содир бўлгани йўқ. Зеро, Қодир ва Меҳрибон Яратувчи бундай нуқсонлардан буткул покдир! 

“Парвардигорингиз унутгувчи эмас”. (“Марям” сураси, 64-оят).

“Парвардигорим адашмас ва унутмас”. (“Тоҳа” сураси, 52-оят).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!