“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (31-ҳадис)

22:00 30.01.2019 480

31-ҳадис “Зоҳидлик моҳияти ва унинг самараси”

عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أَحَبَّنِي اللهُ وَأَحَبَّنِي النَّاسُ. فَقَالَ: "ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّكَ النَّاسُ". (حديث حسن رواه ابن ماجه وغيره بأسانيد حسنة).

Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят: 
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, деди:
– Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, агар уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўрсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Дунёга қизиқма, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлардаги нарсаларга қизиқма, шунда одамлар ҳам сени яхши кўришади. (Ибн Можа ва бошқалар ривояти).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Зоҳидликнинг маъноси
Дунёга нисбатан зоҳид бўлишни салаф ва халаф уламолари турлича шарҳлаганлар. Бироқ ушбу хилма-хил иборали таърифларнинг барчаси қуйидаги ривоят асосида бирлашади: Имом Аҳмад Абу Идрис Хавалонийдан ривоят қиладилар: “Дунёга нисбатан зоҳид бўлиш ҳалол неъматни ўзига ҳаром билиш ёки молини зое этиш билан амалга ошмайди. Ҳақиқий зоҳидлик ўз қўлингдаги нарсага қараганда Аллоҳнинг қўлидаги нарсага кўпроқ ишонишинг ва бир мусибат етса, унинг ажрига ва Охират учун захира бўлишига ўша мусибатнинг ўрни сен учун тўлиб туришига қараганда кўпроқ умидвор туришингдир!”.

Зоҳидлик ҳақида улуғ имомлар шундай деганлар:
Ҳасан Басрий: “Бировни кўрганда “У мендан афзал экан” деювчи одам зоҳиддир”;
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Орзу-ҳаваснинг камлиги ва одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаслик зоҳидлик саналади”.

– Зоҳидлик турлари
Айрим салафлар зоҳидликни уч қисмга бўлганлар:
а) Ширкни тарк этиш.
б) Маъсиятларни тарк этиш.
в) Ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ.

Ибн Муборак Муалло ибн Абу Мутенинг қуйидаги сўзларини келтирадилар: “Зоҳидлик уч турли бўлади: сўзу амалда бирон бир дунёвий нарсани мақсад қилмасдан, Аллоҳ таоло учун холис бўлиш; бемаъни ишларни қўйиб, фақат яхшилиги бор амалларни қилиш; ҳалол хусусида ҳам зоҳид бўлиш. Зоҳидликнинг бу қисми ихтиёрийдир”.

Иброҳим ибн Адҳам айтадилар: “Зуҳд уч турга бўлинади: фарз зуҳд, фазл зуҳд ва саломатлик зуҳди. Ҳаромдан зоҳид бўлмоқ – фарз зуҳд, ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ – фазл зуҳди, шубҳали нарсалардан йироқ юрмоқ – саломатлик зуҳди”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам зуҳднинг уч тури ривоят қилинади: 
Биринчи: Ҳаромни тарк этиш. Бу омманинг зоҳидлиги.
Иккинчи: Ҳалолнинг ортиқчасини тарк этиш. Бу хослар зуҳди.
Учинчи: Аллоҳдан машғул қилиб-чалғитиб қўювчи нарсалардан зоҳид бўлиш. Бу орифлар зуҳдидир.

– Дунё муҳаббат қўйишга арзимайди
Унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳақиқий зоҳид оят–ҳадисларни ўқиган сари ўз мавқеида тобора мустаҳкам ўрнаша боради. Дунёнинг арзимас мато эканига ва унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигига яна бир бор иймон келтиради. 

“Йўқ, сизлар, ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки Охират яхшироқ ва боқийроқдир”. (“Аъло” сураси, 16,17-оятлар). 

“Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Аллоҳдан қўрққан кишига Охират яхшироқдир”. (“Нисо” сураси, 77-оят). 

“...Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни “ғарур” (яъни шайтон) Аллоҳ (гуноҳни кечиб юборади деган алдов) билан алдаб қўймасин”. (“Луқмон” сураси, 33-оят). 

(Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир”. (“Раъд” сураси, 26-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Охират олдида дунё худди бирингизнинг бармоғини денгизга тиқиб олганидек, холос: кўрсин-чи, у қанчаям нарса олиб чиқаркин”. (Муслим ривоятлари).

– Аллоҳ муҳаббатини қозониш
Дунёга кўнгил қўймасдан, унга нисбатан зоҳид бўлиб Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш мумкин. Чунки Аллоҳ итоатли бандаларни яхши кўради. Дунё муҳаббати билан Аллоҳ муҳаббати бир жойда жамланмаслиги шаръий ҳужжатлар асосида ҳам, ҳаёт тажрибалари асосида ҳам исбот этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дунёга муҳаббат қўймоқ барча гуноҳ–хатоларнинг бошидир!” Аллоҳ таоло хато-маъсиятларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам хуш кўрмайди. Дунё бир лаҳзалик ўйин-кулгудир! Аллоҳ ўйин-кулгини яхши кўрмас!

Қалб Аллоҳ мулки ҳисобланади. У ерда Аллоҳ муҳаббатига дунё муҳаббати шерик қилинмаслиги лозим. Шаҳват ва лаззатлар ортидан югуриб, Аллоҳ ибодатидан машғул бўлиб, дунёга муҳаббат қўймоқ ҳаром. Бироқ яхши амаллар қилиб, Аллоҳ таолога яқинроқ бўлиш умидида дунёни яхши кўрмоқ мақтовли муҳаббат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қариндошларига силаи раҳм қилишига ва бошқа яхши ишларига ёрдам берадиган ҳалол-пок мол солиҳ кишига нақадар ярашади-я!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

– Инсонлар муҳаббатини қозониш
Бандалар муҳаббати қай тарзда қозонилиши юқоридаги ҳадиси шарифда очиқ баён этилди:
– Улар қўлидаги мол-давлатга кўз тикманг! Одамларнинг яхши кўрган нарсасини тинч қўйсангиз, улар сизни яхши кўрадилар. Аксарият қалблар дунё муҳаббатига гирифтор бўлган. Агар бирон кимса уларнинг маҳбуби-дунёларига кўз тикса, уни қаттиқ ёмон кўрадилар. Мол-дунёларига тамагирлик қилмасангиз, улар наздида сиздан яхши одам бўлмайди.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Инсон, модомики, одамлар қўлидаги нарсага кўз тикмас экан, улар учун суюклидир. Киши қачон бировлар молига тама кўзи билан қараса, одамлар уни ҳурмат қилмай қўйишади. Суҳбатидан қочиб, ўзини ёмон кўришади”.

Бир саҳройи араб Басра аҳлидан сўради:
– Улуғларингиз ким?
– Ҳасан! – деб жавоб беришди басраликлар.
– У нима билан бу даражага эришди?
– Одамлар Ҳасаннинг илмига муҳтожлар. У эса одамларнинг мол-дунёларидан беҳожат!
– Бу нақадар яхши! – деди аъробий. 
Аллоҳ барчамизни дунё муҳаббатидан асраб, одамларнинг мол-дунёларидан беҳожат қилсин!

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!