“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (32-ҳадис)

22:00 31.01.2019 344

32-ҳадис “Исломда зарар етказиш йўқ”

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ سِنَانٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا ضَرَرَ وَلا ضِرَارَ ". (حديث حسن، رواه ابن ماجه و الدارقطني وغيرهما مسنَدًا. ورواه مالك في الموطأ مُرسَلا: عن عَمْرِو بْنِ يحيى، عن أبيه، عن النبي صلى الله عليه وسلم. فأسقط أبا سعيد. وله طرق يقوي بعضها بعضا).

Абу Саид Саъд ибн Синон ал–Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиёни текканга ғайришаръий) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!” (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Ҳадисда зарар етказмоқ инкор этилган. Унинг шаръий жазо ва қасосга дахли йўқ
Ҳадиси шарифда бировга ноҳақ зарар-озор етказмоқ рад этилган. Аммо жазога лойиқ кимсани қилмишига яраша жазоламоқ шариат доирасидаги ишдир. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар!” (“Бақара” сураси, 179-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамлар то “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” деб гувоҳлик бермас эканлар, улар билан уришишга буюрилдим. Агар шаҳодат калимасини айтсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлайдилар, илло унинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳгадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яъни улар бир жиноят содир этсалар, қилмишларига яраша молий ёки баданий жазога мустаҳиқ бўладилар.

Аслида жиноятчини қилмишига яраша жазолаш зарарнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки жиноятчининг жазоланиши жамият ва унинг аъзолари учун хавфли зарарни даф этади.

– Ислом ҳеч қачон зарарли нарсаларга буюрмайди ва фойдали нарсалардан қайтармайди
Аллоҳ таоло бандаларини нимага буюрган бўлса, ўша нарса уларнинг дин ва дунёлари учун фақат фойда келтиради. Аллоҳ таоло ман этган ишлар эса, ҳеч шак-шубҳасиз инсонлар ҳаёти ва Охирати учун зиён-фасоддан ўзга нарса эмас. “Айтинг: “Парвардигорим адолатга буюргандир”. (“Аъроф” сураси, 33-оят).

Албатта адолат замирида фақат эзгулик ётади. Аллоҳ таоло инсонлар ақли ва танаси учун фойдали бўлган нарсаларни ҳалол қилди. Бандаларнинг ҳис-туйғулари, куч-қувватлари, соғлик-саломатликлари ва мол-мулкларига зарар етказувчи нопокликларни эса қатъий ҳаром қилди.

“Айтинг, “Аллоҳ бандалари учун чиқарган зийнат ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!” Айтинг: “Улар  ҳаёти дунёда иймон эгалари учун бўлиб, “кофирлар ҳам уларга шерик бўлур, Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”. (“Аъроф” сураси, 32-оят).

“Айтинг: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, – чунки у нажасдир, – ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса ҳаромдир”. (“Анъом”, 145-оят).

Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйилган жонлиқ “фосиқлик” дейилди. Чунки у шу ишни қилувчи инсонни Парвардигор итоатидан чиқаради.

– Динда ҳараж-танглик йўқ
Исломда зарар йўқлиги боис бандалар устидан ҳараж–танглик кўтарилгандир. Инсон ўзи мукаллаф бўлган амални бажариш асносида мушкул аҳволга тушиб қолса, шариат унга енгиллик беради. Бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. 

Зеро, Ислом енгиллик динидир. (Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж–танглик қилмади”. (“Ҳаж” сураси, 78-оят). 

“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмас!” (“Бақара” сурвси, 286-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим”. (Аҳмад ривоятлари)

Яъни, суюкли дин ёлғиз Аллоҳ таолога чақирувчи, бандаларни машаққатли ва танг ҳолатларга солиб қўймайдиган ҳақ дин. Ҳолат ва вазиятлар ўзгарса ҳам шаръий таклиф ўз ўрнида қолганида, мукаллафга катта зарар-оғирлик тушар эди.

Машаққат пайтида шариат берадиган енгилликларга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
а) Киши бемор бўлса ёки сув топа олмаса, таяммум қилади. 
“Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд аёлларингизга қўшилган бўлсаларингизу сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз: юзларингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз. Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқ истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга ўз неъматини комил қилиб қўйишни истайди”. (“Моида” сураси, 6-оят).

б) Касал ва мусофир кишилар рўза тутмасликлари мумкин.
(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (“Бақара” сураси, 185-оят).

в) Ҳаж қилаётган киши айрим сабабларга кўра тақиқланган ишларни қилиши мумкин. 
“Ҳадянгиз ўз жойига бормагунча бошларингизни қирманг. Энди агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирор дарди бўлса
(ва сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (қўй) сўйиш билан эваз тўласин!” (“Бақара” сураси, 196-оят).

г) Қийналиб қолган қарздорга муҳлат берилади.
Ҳалол нарса учун маълум бир муҳлатга қарз олган киши белгиланган муддатда қарзини уза олмаса, қарз берувчи тўлов муддатини узайтириши лозим. Қарздор тўлаш имконини топгунга қадар муҳлат узайтирилади. “Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг”. (“Бақара” сураси, 280-оят).

д) Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши, ўз назрини бажаришга мажбур эмас.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ўғли кўмагида қадам ташлаб кетаётган бир қарияни кўриб, сўрадилар:

– У нега бундай қиляпти?
– Қария ҳажга пиёда боришни назр қилган экан, – деб жавоб беришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу одамнинг ўзини қийнашидан беҳожатдир!” дедилар ва унга уловга минишни буюрдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят: Опам ҳажга пиёда боришни назр қилиб, менга Расулуллоҳдан фатво сўраб беришни буюрди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим.

– Пиёда ҳам юрсин, от-уловга ҳам чиқсин! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Зарарнинг кўринишлари
Одатда хатти-ҳаракатларнинг ушбу икки турида зарар мақсади намоён бўлади:
Биринчи: Мукаллафнинг фақат бировга зарар етказишни кўзлаб қилган хатти-ҳаракатлари. Албатта бундай хатти-ҳаракатлар қатъий ҳаромдир.

Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!