“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (33-ҳадис)

22:00 01.02.2019 446

33-ҳадис “Исломда қозилик асослари”

عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَوْ يُعْطَى النَّاسُ بِدَعْوَاهُمْ لادَّعَى رِجَالٌ أَمْوَالَ قَوْمٍ وَدِمَاءَهُمْ، لَكِنِ الْبَيِّنَةُ عَلَى الْمُدَّعِي وَالْيَمِينُ عَلَى مَنْ أَنْكَرَ". (حديث حسن، رواه البيهقي وغيره هكذا، وبعضه في الصحيحين).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар одамларнинг даъволарига асосланиб сўраган нарсалари берилаверса, (айрим) кимсалар қавмнинг молию қонини даъво қилиб чиққан бўлардилар. Бироқ даъво қилувчи далил келтириши, инкор этувчи эса қасам ичиши шарт”. (Байҳақий, Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис. Ҳадиснинг баъзи қисмлари Бухорий ва Муслимда ҳам келтирилган).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Ислом шариатининг олийлиги
Ҳаёт учун комил дастур саналмиш Исломда барча нарса ўз ўрнига қўйилган. Соф ақида, холис ибодат, гўзал ахлоқ ва одил шариат... У ҳар бир шахс ҳақ-ҳуқуқини кафолатлаб беради, инсонларнинг қони, моли ва обрўларини бирдек ҳимоя қилади. Шу боис барча масалалар фақат одил шариат ҳукмига мувофиқ ечилади. Золим кимсалар ҳар нарсани ўз фойдаларига ҳал қилмасликлари ва уммат золимлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмаслиги учун Ислом шариатининг мустаҳкам қоидалари мавжуд. Сўзимизнинг далил-исботи сифатида юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогар учун ҳам, инкор қилувчи учун ҳам нималар лозимлигини очиқ баён қилиб бердилар. Бинобарин, ҳукм чиқарувчи қози ҳам айни асосларга биноан ҳақ билан ноҳақ ўртасини ажратади.

– Далил ва унинг турлари
Олимлар ҳадисдаги далил калимасини билиттифоқ «гувоҳлик» деб шарҳлаганлар. Чунки далил ҳақни кўрсатиши, даъвогарнинг рост сўзлаётганини исботлаши лозим. Бунга эса фақат гувоҳлар орқали эришилади. Чунки улар кўриб-билиб турадилар.

Даъвонинг тури ва оқибатда берилажак жазоларга қараб далил яъни, гувоҳлик ҳам бир неча хил бўлади. 

Аллоҳ таоло шариатида гувоҳликнинг тўрт тури собитдир:
а) Зинога гувоҳлик бериш.
Бировнинг зино қилгани тасдиқланиши учун тўртта эр киши гувоҳлик беришлари лозим. Аёллар гувоҳлиги бу масалада қабул қилинмайди. “Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг”. (“Нисо” сураси, 15-оят).

“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар”. (“Нур” сураси, 4-оят).
б) Маълум шаръий жазо чоралари белгилаб қўйилган гуноҳлар ва қотиллик хусусида гувоҳлик бериш.

Ўғрилик, ароқхўрлик ва туҳмат қилиш каби гуноҳлар бунга мисол бўла олади. Мазкур ўринларда ҳам эр киши гувоҳлик бериши шарт: “Ўзларингиздан бўлган иккита адолат соҳибини гувоҳ қилинглар!” (“Талоқ” сураси, 2-оят).

в) Савдо-сотиқ, қарз, ижара каби молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тасдиқлаш учун гувоҳлик бермоқ.
Бунда икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлиги қабул қилинади: “Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилинглар”. (“Бақара” сураси, 282-оят).

г) Ҳомиладорлик, бокиралик каби одатда эркаклар назари тушмайдиган аёллар масалалари хусусида гувоҳлик.

Бу ерда эркаклар иштирокисиз фақат аёллар гувоҳлиги билан кифояланилади. 

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйландилар. Бир аёл келиб «Мен Уқбани ҳам, у уйланган қизни ҳам эмизганман!» – деди.

– Сизнинг мени эмизганингизни билмайман! – деди Уқба. – Менга буни айтмагансиз-ку?
Уқба розияллоҳу анҳу Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига отландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг саволини эшитгач, шундай дедилар:

– Қандай қилиб энди у аёл сенга ҳалол бўлади? Ахир иккалангизнинг эмикдош эканингиз айтилибди-ку!

Уқба розияллоҳу анҳу у хотинни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйландилар. (Бухорий ривоятлари).

Уқба розияллоҳу анҳуга фақат битта аёл айтган эди.

– Даъвогарнинг ҳужжати – далил-исбот, инкор қилувчининг ҳужжати – қасам
Қози кимнинг ҳужжати қоим бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм қилишга мажбур. Ислом шариати ҳукмига кўра, даъвогар даъво қилаётган нарсасига эришиш учун далил-исбот келтирмоғи, инкор қилувчи эса ўзини оқлаш учун қасам ичмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Даъвогар далил-исбот келтирмоғи, даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) эса қасам ичмоғи лозим». (Термизий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогарга: «Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади», деганлар. (Муслим ривоятлари).

– Даъвогарнинг ҳужжати жавобгарнинг ҳужжатидан муқаддам туради
Ҳукм пайтида даъво шартлари тўла-тўкис топилса, қози тинглайди. Сўнг жавобгар шахсдан сўрайди. Агар у иқрор бўлса – масала ҳал. Чунки маҳкамага тортилган кишининг иқрори ҳукм учун етарли асос ҳисобланади. Бироқ айбланувчи даъвони инкор этса, қози даъвогардан ҳужжат талаб қилади. Даъвогар ўз сўзига ҳужжат келтира олса, қози инкор қилувчининг кучли қасам билан айтган сўзларию қилган инкорига эътибор бермайди: масала даъвогар фойдасига ҳал қилинади. Агар даъвогар ҳужжат келтира олмаса, қози даъво қилинмиш шахсдан қасам ичишини талаб этади. Унинг қасам ичиши билан даъвогар сўзининг кучи йўқолади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогардан сўрадилар:
– Сенинг бирон ҳужжатинг борми?
– Йўқ! – деб жавоб берди даъвогар.
– Демак, сенга унинг қасами бўлади! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даъвогардан далил сўрадилар ва далил йўқ бўлса, қасам инобатга олинишини баён этдилар. 

– Жавобгар шахс қачон қасам ичиши керак?
Уч имом – Абу Ҳанифа, Шофеъий ва Аҳмад айтадилар:
“Ҳар қандай жавобгар шахс қасам ичиладиган ҳолатга рўбарў келса, қасам ичиши керак бўлади. Бу борада даъво қилинмиш кишилар ким бўлишининг фарқи йўқдир”. Уч имом ўз сўзларига даъво қилинувчи шахсга қасам ичирилиши ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносини ҳужжат қилганлар.

– Нима билан қасам ичиш керак?
Тортишувчилардан бири қасам ичишига тўғри келса, қози Аллоҳ таоло номига қасам ичиради. Қасам ичувчи киши мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъиназар бошқа нарса билан қасам ичиши жоиз эмас. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизларни оталарингиз номига қасам ичишдан қайтаради. Ким қасам ичса, Аллоҳ номига қасам ичсин ёки жим турсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Қасам ичиш одоблари
Бировнинг маҳкамада қасам ичишига тўғри келса, қози ёки шу каби бир кишининг унга ваъз-насиҳат қилиши, ёлғон қасам ичишдан огоҳлантириб, бу тўғрида келган оят ва ҳадисларни эслатиши мустаҳабдир. Бу тўғрида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. Икки аёл бир уй ёки хонада мунчоқ ўтказар эдилар. Улардан бири бигизни кафтида яшириб чиқиб кетди ва уни иккинчи аёлдан даъво қилди. Бу масала Ибн Аббосга кўтарилганда: “Унга Аллоҳни эслатинглар ва: “Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир” оятини унга ўқинглар”, – дедилар. Аёлга панд-насиҳат қилишган эди, у бигизни ўзи олганини тан олди. (Бухорий Муслим ривоятлари).

– Адолатнинг ажри
 Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳоким ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, тўғри топса, унга иккита ажр бор. Агар ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, янглишса, унга битта ажр бор”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қозилар уч хилдир. Уларнинг биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлур. Жаннатий қози ҳақни билган ва унга кўра ҳукм қилган кишидир. Ҳақни билиб, адолатсиз ҳукм қилган киши дўзахдадир, жоҳил бўла туриб одамларга қозилик қилган киши ҳам дўзахдадир”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!