“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (34-ҳадис)

22:00 02.02.2019 478

34- ҳадис “Ёмонликнинг олдини олмоқ – исломий бурч!”

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدْهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ". (رواه مسلم).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Буниси эса иймоннинг ўта заифлигидир”. (Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Мункардан қайтармоқ

Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.

а) Қалб билан инкор қилмоқ
Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.

б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади
Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: ““Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди”.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?”, деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир
Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир”.

– Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари

Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (“Моида” сураси, 78-79-оятлар).

Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:

– Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик

Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривоятлари).

Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!
– Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади

Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик.

“Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос”. (“Ғошия” сураси, 21-оят).

“Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос”. (“Шўро” сураси, 48-оят).

"Панд–насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур”. (“Зориёт” сураси, 55-оят).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!” Абу Саид розияллоҳу анҳу йиғлаб, дедилар: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Имом Аҳмад ривоятларида қуйидагича қўшимча ҳам бор: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин!”
– Ё Расулуллоҳ! – дейишди саҳобалар – қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин?
– Сизлардан кимдир Аллоҳ амри-буйруғини кўради (билади). Айни масалада (яъни шу амрга хилоф иш қилинаётганда) уни ўзгартириш учун гапириш керак эди. Бироқ у ҳеч нарса демайди. Аллоҳ таоло ундан “Фалон–фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?”, деб сўрайди.

– Одамлардан қўрқдим, – дейди у. Аллоҳ таоло айтади:
– Сен Мендан қўрқишинг керак эди! (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

– Ҳикмат билан панд-насиҳат қилмоқ
“Парвардигорингизнинг йўли-динига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват қилинг!” (“Наҳл” сураси, 125-оят).

Буюрилаётган ва қайтарилаётган иш турига ёки қайтарилаётган киши ҳолатига қараб юмшоқ ёки қаттиқ тарзда панд–насиҳат қилинади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади.

(Эй Мусо ва Ҳорун), сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, Чунки у ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар. Шояд, панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса!” (“Тоҳа” сураси, 43-44-оятлар).

“Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг!” (“Тавба” сураси, 73-оят).

Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши, хусусан, қуйидаги сифатларга эга бўлмоғи шарт: мулойимлик, ҳалимлик, адолатпарварлик ва илм.

Суфён Саврий айтадилар: “Қуйидаги учта сифатга эга бўлмаган кимса панд–насиҳат қилмасин: буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам мулойимлик; буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам адолатли бўлмоқ; буюраётган ёки қайтараётган нарсасини яхши билмоқ”.

Имом Аҳмад айтадилар: “Одамлар муросаю мадорага, мулойимликка муҳтождирлар. Амри маъруф ҳеч вақт қўрслик билан қилинмайди. Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига қаттиқ муносабатда бўлинади”. Чунки у ҳурматга лойиқ эмас. Имом Аҳмад бундай дедилар: “Даъватчи мулойимлик ва хокисорлик билан буюради. Агар одамлар унга ёқимсиз сўзни айтсалар, аччиқланмайди. Акс ҳолда ўзи учун ўч олган бўлиб қолади”.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!