“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (35-ҳадис)

22:00 04.02.2019 357

35-ҳадис “Исломий биродарлик ва мусулмоннинг ҳақлари”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا تَحَاسَدُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا، وَلا تَبَاغَضُوا، وَلا تَدَابَرُوا، وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ، وَكُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا، الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ: لايَظْلِمُهُ، وَلا يَكْذِبُهُ، وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَهُنَا – وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرّاتٍ – بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ، كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ: دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ". (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир. (Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Ҳасад қилманглар
“Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни иймонли бўлганингиздан кейин, уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан сўнг ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди”. (“Бақара” сураси, 109-оят).

“Ёки одамларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан берган нарсага ҳасад қиляптиларми?!” (“Нисо” сураси, 54-оят).

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ўзаро нафрат-адоват орангизга суқилиб кирди. Нафрат-адоват қирувчидир. У сочни эмас, динни қиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, то бир-бирларингизни яхши кўрмас экансизлар, мўмин бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангизлар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар: Саломни ўртангизда кенг ёйингиз!” (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ёғочни – ёки ўт-ўланни, дедилар – ямлаганидек яхши амалларни ейди”. (Абу Довуд ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ўтган умматлар касали ҳали менинг умматимга ҳам тегади.
– Ё Расулуллоҳ, уларнинг касали нима эди? – сўрашди саҳобалар.
– Кибр-ҳаво, ношукрлик, мол-дунё тўплаш мусобақаси, ўзаро адоват-ҳасад... Кейин зулм-бузғунчилик бўлади, сўнг алғов-далғов. (Ҳоким ва бошқалар ривояти).

– Бировга зарар бериш мақсадида молнинг баҳосини ошириш ножоизлиги
Бир киши мол сотиб олишга рағбати йўқ бўлса-да бозорда овозни баланд қўйиб, мол баҳосини оширади. Масалан, ўзини харидор қилиб кўрсатади-да, мол баҳосини кўтариб савдолашади. Бу иш сотувчи билан келишиб олиб қилинса ҳам, сотувчи бехабар бўлса ҳам, барибир қатъий ҳаром ҳисобланади. Чунки айни услуб алдов ва ғирромликдан бошқа нарса эмас. Исломда ҳар иккиси қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга зарар бермоқ ниятида мол нархини сунъий равишда оширишни ман қилганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз!
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин кишига биродари савдоси устидан савдо қилиш ҳалол эмас”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яъни, энди бирон нарса сотиб олган кишига “Молини қайтиб бер! Сенга худди шу пулга бундан яхшироғини сотаман” ёки “Арзон бераман!”, деб ўртадаги савдони бузиш мумкин эмас. Сотувчига “Сотган молингни қайтиб ол! Мен қимматроққа сотиб оламан!” деб савдони аксинча бузиш ҳам билиттифоқ ҳаром...

– “Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз!”
Мусулмон киши Исломдаги биродарлари билан муомала қилганида, ҳамиша ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоғи лозим. “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар”. (“Ҳужурот” сураси, 10-оят).

– Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади. “Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (“Ҳужурот” сураси, 13-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: 
– Энг мукаррам инсон ким?
– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар у зот.

Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (“Ҳаж” сураси, 32-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади”. (Муслим ривоятлари).

Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар” тош босади.

– Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!