“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (36-ҳадис)

22:00 05.02.2019 607

36- ҳадис “Эзгулик мажмуаси”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَاللهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ. وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ. وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ، إِلا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ. وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ". (رواه بهذا اللفظ مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди”. (Муслим ривоятлари)

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Мусулмонлар бир тана аъзоларидир
Иймон ва Ислом жамиятининг фуқаролари битта тананинг аъзоларига ўхшайдилар. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдирлар. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинсалар, мусибатларидан қайғуга тушадилар. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам–ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берганлар. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.

– Мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, Аллоҳ азза ва жалланинг мадади
Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Ҳар бир мусулмон киши биродарининг иши учун моли, жони, обрў-эътиборини ўртага қўйиб ҳаракат қилсагина, жипс жамоа вужудга келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган ва Қуръонда буюрилган мўминларнинг бир тан, бир жон бўлишлари воқеликда кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир". (Муттафақун алайҳ).

"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз". (“Моида” сураси, 2-оят).

Ўзаро ҳамкорлик жамиятларнинг таркиб топишида, уммат ва шахслар ҳаётида кучли таъсирга эга бўлганлиги боис, ушбу хислат Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал амаллардан саналди. Ҳамкорлик ибодатга айланди ва унинг ажр-мукофоти намоз, рўза, садақа каби амаллар ажрига тенг ёки ортиқ қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир кишига от-уловига чиқишда ёрдам беришинг ёки нарсасини кўтариб олиб беришинг ҳам садақадир". (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди, – дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яъни, рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.

Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир гуруҳ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ҳамсафарларини мақтаб келишди:
– Биз фалончидек одамни ҳеч қачон кўрмаганмиз. У ҳар доим тиловатда бўлди. Қаерга қўнсак, намоз ўқирди.
– Унинг кундалик юмушларини ким бажарди?.. Ким туясига ем берди? – деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
– Биз! – дейишди саҳобалар.
– Сизларнинг ҳаммангиз ундан яхшисизлар, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Абу Довуд ривоятлари).

Яъни, сизлар ҳам худди Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқигандек ёки кўпроқ ажр оласизлар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали мўминни хурсанд қилмоқдир: Уни кийинтирасан, қорнини тўйғазасан ёки ҳожатини чиқарасан". (Табароний ривоятлари).

Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.

"Модомики, банда биродарининг ёрдамида турар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади".
– Исломда илмнинг ўрни
Жаннат йўли саналмиш хайрли илм Исломда жуда қадрланади. Аллоҳ ҳузуридаги манзил–мартабада уламолар анбиёлар мартабасига яқинлаштирилган. "Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни даража-мартабаларга кўтарур". (“Мужодала” сураси, 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳнинг Пайғамбарлари на дирҳам ва на динор қолдирдилар. Улардан илм мерос бўлиб қолди. Ким уни олса, дарҳақиқат, тўкис насибага эга бўлибди". (Термизий ва бошқалар ривояти).

– Исломда талаби илмнинг ҳукми
Илм ўрганмоқ фарздир. У икки хил даражада бўлади:
а) Фарзи айн: Ҳар бир мўмин-мусулмон билиши шарт бўлган илмлар. Улар кишининг ақидаси соғлом, ибодати дуруст ва бутун ҳаёти Аллоҳ шариатига мувофиқ бўлиши учун зарур саналган илмлардир. "Билингки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир". (“Муҳаммад” сураси, 19-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмонга фарздир". (Ибн Можа ривоятлари).

б) Фарзи кифоя: Умуман, мусулмонлар жамоаси билиши шарт бўлган илмлар. Бу соҳада маълум шахсларнинг машғул бўлиши бошқалар устидан масъулиятни соқит қилади. Агар ҳеч ким улар билан шуғулланмай қўйса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Масалан, шариат илмларини чуқур, батафсил ўрганмоқ, ёд олмоқ, мусулмон жамоа учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ва ер юзида ҳақ ва адолат давлатининг мустаҳкам туришига сабаб қилиб қўйилган илмларнинг эгалланиши ана шу фарзи кифоя таркибига киради. Агар Ислом давлати ҳар соҳада тўкис ва мукаммал бўлса, воқеликда ўзига хос ҳайбат касб этади. Ана шунда чор–атрофдаги душманлар, фосиқу фожир кимсалар унга қарши юришга журъат қила олишмайди. "Барча мўминлар жангга чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!" (“Тавба” сураси, 122-оят).

Уммат эҳтиёжи учун зарур бўлган илмлар ҳам диний илмларга қиёс қилинади.

Шариат илмларини чуқур ўрганмоқ, мусулмон учун зарур бўлган соҳаларни эгалламоқ ҳам мусулмон учун мандубдир. "Айтинг: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин". (“Тоҳо” сураси, 114-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло кимга бир хайр-яхшиликни истаса, уни динни англайдиган қилиб қўяди". (Муттафақун алайҳ).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!