“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (37-ҳадис)

22:00 06.02.2019 449

37-ҳадис “Аллоҳ таоло адолати, фазли ва қудрати”

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِيهِ عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ: فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ، وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً". (رواه البخاري ومسلم في صحيحيهما بهذه الحروف).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорлари Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб дедилар: "Аллоҳ таоло яхшиликларни ҳам, ёмонликларни ҳам ёзди, сўнгра шуни баён қилиб берди: ким бир яхшиликни кўнглига тугса–ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир яхшиликни кўнглига тугиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни ўз ҳузурида ўн ҳасанадан етти юз баробаргача – беҳад зиёдалар билан ёзиб қўяди. Агар банда бир ёмонликни кўнглига тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ таоло ўз ҳузурида уни комил яхшилик сифатида ёзиб қўяди. Агар бир ёмонликни кўнглига тугиб, уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни битта ёмонлик сифатида ёзиб қўяди". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Эзгуликларни амалга оширмоқ
Мўминнинг қилган битта яхши амали ўн баробар орттирилади... У нафақат яхшиликни кўнглига тугди, балки уни амал майдонига ҳам олиб чиқди. "Ким бир яхши амални қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур". (“Анъом” сураси, 160-оят).

Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандасига бундан-да кўпроқ зиёдалар берур. "Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. Аллоҳ истаган кишиларига янада бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ карами кенг ва билимдондир". (“Бақара” сураси, 261-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига нўхталанган туя етаклаб келди.

– Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Мана шу туя Аллоҳ йўлига! – деди у.
– Мана шу туянг учун Қиёмат кунида етти юзта туя берилади, – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Муслим ривоятлари).

Кишининг Исломи қанчалик гўзал, иймони нечоғлик комил ва қилган иши қай даражада ўрнига тушганига қараб, унинг амали зиёдалари билан ўзига қайтарилади.

– Ёмон амалларни қилмоқ
Банда томонидан содир этилган ҳар бир ёмонлик ўз ҳолида ёзиб қўйилади. "Ким бир ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас". (“Анъом” сураси, 160-оят).

– Ҳасаналарни ният қилмоқ
Ким бир яхши амални қаттиқ кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса ҳам, ана шу қатъий қарори Аллоҳ таоло ҳузурида комил яхшилик сифатида ёзиб қўйилади. Чунки яхшилик қилишга бел боғламоқ ҳасаналарнинг муқаддимаси ва сабабчисидир. Яхшилик сабабчиси ҳам яхшилик саналади. "Агар бандам бир яхшиликни амалга оширишга азм қилса, Мен унинг шу ниятини ҳасана-яхши амал сифатида ёзиб қўяман". (Ҳадиси қудсий. Муслим ривоятлари).

"Агар банда бир яхшиликни кўнглига тугиб, сўнг уни қилмаса, Аллоҳ таоло чин дилдан шу ишни хоҳлаганини билиб, ушбу ниятини ҳасана сифатида ёзиб қўяди". (Аҳмад ривоятлари).

Абу Дардо айтадилар: “Ким кечаси туриб намоз ўқишни ният қилиб тўшагига ётса-ю, кўзларига уйқу ғолиб келиб, тонггача ухлаб қолса, ният қилган амали унинг учун ёзиб қўйилади”.

– Ёмон амални кўнгилга тугмоқ
Агар банда дилига туккан бир ёмон ишини тарк қилса, унинг учун комил ҳасана ёзилади. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтди: "У Мен туфайли дилидаги ёмон амални тарк этди!" (Муслим ривоятлари). Имом Бухорий ривоятларида эса бундай дейилган: "Агар у Мени деб ёмон ниятидан воз кечса..."

Саид ибн Мусаййиб айтадилар: “Намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни ёки жиҳодга чиқишни мақсад қилган банда бирон қаршиликка учраса, Аллоҳ таоло уни қилган ниятига эриштиради”.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!