“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (38-ҳадис)

22:00 07.02.2019 691

38-ҳадис “Аллоҳ таоло муҳаббатини қозонмоқ”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ، وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ، وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ، فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ، وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ، وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا، وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا، وَإِنْ سَأَلَنِي لأُعْطِيَنَّهُ، وَلَئِنِ اسْتَعَاذَنِي لأُعِيذَنَّهُ". (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстим билан адоватлашса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан тобора яқинлашаверганидан, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан". (Бухорий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Аллоҳ таолонинг дўстлари
Улар ҳамиша Парвардигор тоат-ибодати устида қоим турувчи ва ёлғиз Унга ихлос қўювчи мўминлардир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз дўстларини иймон ва тақво сифати билан тавсиф этди. "Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир". (“Юнус” сураси, 62-64 оятлар).

– Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган энг афзал амал фарзларни адо этишдир
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: "Амалларнинг афзали Аллоҳнинг фарзларини адо этмоқ, Аллоҳ ҳаром этган ишлардан тақво қилмоқ ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсалар хусусида ниятни холис-рост қилмоқдир!"

Умар ибн Абдулазиз хутба қилиб, дедилар: "Ибодатларнинг афзали фарзларни адо этмоқ ва ҳаром ишлардан йироқ юрмоқдир!"

Чунки бандалар Аллоҳ таолога нисбатан яқинлик ҳосил қилишлари ва розилигию раҳматига ҳақли бўлишлари учун Аллоҳ мана шу фарзларни улар зиммасига юклади. Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг улкан баданий фарз ҳисобланади. "Аллоҳга сажда қилиб (У Зотга) яқин бўлинг!" (“Алақ” сураси, 19-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Банданинг Парвардигорига энг яқин пайти унинг саждадаги ҳолатидир!"

Масъул шахсларнинг (уларнинг ҳоким ёки оддий оила бошлиқлари бўлишидан қатъий назар), қўл остидагиларга нисбатан адолатли бўлишлари ҳам бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи фарзлар жумласига киради.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат кунида Аллоҳга энг суюкли ва Унга энг яқин бўладиган банда одил раҳбардир!" (Термизий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳукм чиқаришда ҳамда аҳли-оилалари ва қўл остидагилари хусусида адолатли бўлган одил зотлар Аллоҳ ҳузурида, Раҳмоннинг ўнг томонида нурдан ясалган минбарлар устида бўладилар. Аллоҳнинг ҳар иккала қўли ўнгдир». (Муслим ривоятлари)

– Маъсиятлардан четланмоқ ҳам фарзларни адо этиш жумласидандир
Аллоҳ таоло маъсиятларни тарк қилишни буюрди. Аллоҳ белгилаган чегарани босиб ўтиб, маъсиятга қўл урган кимса дунёю Охиратда аламли азобга мустаҳиқ бўлур. Демак, маъсиятлардан йироқ юрмоқ ҳам юқорида айтилган ҳадиснинг умумий маъносига киради. "Бандам Мен унга фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга яқинлик ҳосил қилмаган".

– Нафл ибодатлар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради
Фарз ва нафл ибодатларни мудом тўкис адо этмоқ, ҳаром ва макруҳлардан мутлақо йироқ юрмоқ, ҳатто энг кичик макруҳ амаллардан ҳам тақво қилмоқ бандани Парвардигорга суюкли қилади, яқинлаштиради. Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасини тоат-ибодат ва зикр билан машғул қилиб қўяди. Аллоҳга яқин кишилар учун Охиратда улуғ насибалар бордир. "Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир". (“Моида” сураси, 54-оят).

Қуръон ўқиш, тиловатига қулоқ солиш ва унинг маънолари устида тадаббур-тафаккур юритмоқ инсонни Аллоҳга яқин қилувчи улкан нафл ибодатларидандир. "Банда Аллоҳ таолога Ундан чиққан нарса (яъни Қуръон)дек бирон нарса билан яқинлик ҳосил қилмаган". (Термизий ривоятлари).

Аллоҳни севувчи мўминлар учун Маҳбублари каломидан ширинроқ сўз йўқ! Бу калом улар қалбига ором бериб, лаззат бағишлайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким Қуръонни яхши кўрса, демак Аллоҳ ва Расулини яхши кўрибди".

Аллоҳ таолони зикр қилиш ҳам ана шундай улуғ нафл ибодатлар сирасига киради. "Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман". (“Бақара” сураси, 152-оят).

Аллоҳ таоло деди: "Мен бандамнинг Мен ҳақидаги ўйидаман. Мени зикр қилган чоғида у билан биргаман. Агар у Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. Агар жамоа орасида зикр қилса, Мен уни яхшироқ жамоа олдида зикр қиламан". (Ҳадиси қудсий. Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Аллоҳ муҳаббатининг мўминдаги асари
Аллоҳ таоло муҳаббатининг асари валийларида намоён бўлади. “Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан”. Яна бир ривоятда “Ақл юритадиган қалби, гапирадиган тили бўламан”, дейилган.

Ибн Ражаб айтадилар: “Яъни, фарз ва нафл ибодатларни адо қилиб, Аллоҳ таолога яқинлашишга тиришган бандани Аллоҳ таоло Ўзига яқин қилиб, иймон мартабасидан эҳсон (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш) мартабасига кўтаради. Энди банда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилади. Қалби Парвардигор маърифати, муҳаббати, қўрқуви ва маҳобати билан тўлади. Аллоҳга интилувчи, фақат Унгагина суянувчи банда қалбидаги маърифат унинг кузатувчисига айланади.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм. 37-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!