“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (39-ҳадис)

22:00 08.02.2019 641

39- ҳадис “Исломда танглик йўқ”

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَجَاوَزَ لِي عَنْ أُمَّتِي: الْخَطَأَ، وَالنِّسْيَانَ، وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ". (حديث حسن رواه ابن ماجه والبيهقي و غيرهما).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло мен учун умматимнинг билмасдан, унутиб ва мажбурланиб қилган ишларини кечди". (Ибн Можа, Байҳақий ва бошқалар ривояти).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Аллоҳ азза ва жалланинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига фазл кўрсатиб бу уммат устидан ҳараж-тангликни кўтариши
Аллоҳ таоло ўзга умматларга бермаган енгилликни бизларга инъом этди. Бани Исроил Аллоҳнинг бирон буйруғини унутсалар ёки қайтарилган ишни билмасдан қилиб қўйсалар ҳам Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлганлар. Пок Парвардигор бизга қуйидаги дуони Ўзи ўргатди ва уни ижобат этди: “Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!” (“Бақара” сураси 286-оят).

“Билмайин қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз қасд қилган нарсадагина гуноҳкор бўлурсизлар. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир”. (“Аҳзоб” сураси 5-оят).

– Адашган, унутган ёки мажбурланган банда барча ҳукмлардан эмас, фақат гуноҳдан фориғ этилган
Мукаллаф банда шариатга хилоф хатти-ҳаракати учун қуйидаги ҳукмларнинг бирига тушади: қилган ишига жавоб бериб жазо олади; гуноҳкор бўлади; ёки ўтказиб юборган амалини адо этади, талофат етказган бўлса, кафолатини тўлайди ва ҳоказо.

Ҳадис лафзи мукаллаф устига тушадиган барча ҳукмларнинг кўтарилганига яъни унинг жавоб бермаслигига умумий далилдир.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: “Демак, у фақат ҳукмдан ёки фақат гуноҳкорликдан ёки ҳар иккаласидан озод қилинади. Ҳақиқатга яқинроқ фикр ҳам шу. Чунки ҳадисни фақат биттасига (гуноҳкорлик ёки ҳукмга) тегишли деб кўрсатувчи бирон асос йўқ. Хуллас, ҳадис ҳар иккисини ҳам назарда тутган. Фақат иккинчисига хослаш учун эса далил керак”.

Бироқ билмасдан, унутиб ёки мажбур бўлиб шариатга номувофиқ иш қилган бандадан айни гуноҳига тааллуқли барча ҳукмлар олиб ташланмаслигига шаръий далиллар бор. Бинобарин, у фақат гуноҳкорлик юки ва Охират азобидан халос этилган, холос, дея оламиз. Албатта ҳар битта ҳукм ҳақида алоҳида гапирилиши керак. Қуйида шу хусусда батафсилроқ сўз юритамиз.

Алий Қори “Арбаийн” шарҳида ёзадилар: “Маълумки, йўл қўйилган хатонинг ҳукми унинг гуноҳи ва ўрнини тўлдириш учун лозим бўлган нарсалардан умумийроқ. Чунончи, хато учун гуноҳкор бўлмаслик ҳақида юқоридаги ҳадисда баён этилган бўлса, айни хато ўрнини тўлдириш, ўнглаш эса қуйидаги оятдан олингандир: “Ким бир мўминни билмай ўлдириб қўйса, у бир мўмин қулни озод қилиши ва марҳумнинг эгаларига – агар улар кечиб юбормасалар, – хун тўлаши вожибдир”. (“Нисо” сураси 92-оят).

Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан фақат жиноятга қасддан қўл урган, шариатга хилоф юришни ихтиёрий равишда билиб туриб танлаган осий кимсаларни жазолашга қарор қилди.

Ибн Ҳажар ёзадилар: “Билмасдан, унутиб ёки мажбурланиб гуноҳга қўл урган кимсанинг афв этилиши ҳикмат ва ақл тақозосидир. Албатта Аллоҳ таоло уни азобласа ҳам адолат қилган бўларди. Бандаларга буйруқ ва қайтариқларни юклашдан мурод итоаткор билан осийни ажратиб олишдир. Токи, нажот топган ҳам, ҳалок бўлган ҳам ўзи учун аниқ ҳужжат ҳозирласин. Ҳар бир яхшилик ёки ёмонликка савоб-жазо бермоқ учун айни хатти–ҳаракат аниқ мақсад асосида қилинган бўлиши шарт. Юқоридаги уч ҳолатда эса мақсад деган нарса мутлақо йўқ. Билмасдан ёки унутиб бир ишга қўл урган кишида қилиш мақсади йўқлиги аниқ. Мажбурланган киши эса иш қуроли вазифасини ўтаган холос. Шу боис, аксарият усул олимлари улар қилган ишларига жавоб беришга мукаллаф эмаслар, дейишган”.

– Янглишмоқ ва унутмоқ ҳукмининг тафсилоти
Мукаллафнинг билмасдан ёки унутиб айтган сўзи ёки қилган иши турлича бўлгани боис ҳукмлар ҳам бир-биридан фарқланади. Буни тўрт қисмга ажратиш мумкин.

Биринчи: Агар мукаллаф билмасдан ёки унутиб шариат буйруғини тарк қилса, мазкур буйруқ унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Мукаллаф ўтказиб юборилган вожибнинг ўрнини тўлдириши шарт. Масалан, сиз бировни камбағал ҳисоблаб, унга закот бердингиз. Кейин унинг бой эканлигини билиб қолдингиз. Сизнинг берган закотингиз ўтмайди. Закот фақир, камбағал кишига берилиши шарт. Бойга берган пулингизни қайтариб олиш-олмаслик сизнинг ишингиз.

Энди унутишга мисол келтирамиз. Биров сафар анжомлари орасида суви борлигини унутиб, таяммум қилиб намоз ўқиди. Сўнг суви борлиги ёдига тушди. У таҳорат олиб, намозини қайтадан ўқийди.

Иккинчи: Зарар-талофат етказиш таркибига кирмайдиган бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши жавобгар бўлмайди. Масалан, ароқни сув деб ўйлаб ичиб қўйган кишига ҳад урилмайди ёки таъзирга тортилмайди. Эҳромга кирган киши унутиб хушбўй нарса сепса ёки тикилган либос кийса ҳам, ҳеч нима қилмайди. Яъни, унга каффорат ёки жазо-таъзир белгиланмайди.

Учинчи: Зарар-талофат таркибига кирувчи бирон қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши каффоратини тўлашга мажбур. Ноҳақ тортиб олинган таомни унутиб ёки билмасдан еб қўйган киши унинг каффоратидан озод эмас. Шунингдек, эҳромдалигини унутиб ёки эҳромга тааллуқли аҳкомларни билмагани сабабли бирон ҳайвонни ўлдирган киши фидя бериши шарт. «Менинг хотиним эмас», деб ўйлаб бир аёлга талоқ сўзини айтса ва ҳалиги аёл ўзининг хотини бўлиб чиқса, аёли талоқ бўлади. Уйлангани ёдидан чиқиб «Хотиним талоқ», деб юборган кишининг ҳам аёли талоқ бўлади.

Тўртинчи: Жазо-уқубати белгиланган бир қайтариқни билмасдан ёки унутиб қилиб қўйган киши учун унинг хатоси ёки унутганлиги жазони соқит қилувчи шубҳа деб ҳисоб қилинади. Дорулҳарбда (уруш ҳолатидаги жойда) кофир деб ўйлаб, бир мусулмонни ўлдириб қўйган киши хун тўламайди, ундан қасос ҳам олинмайди. Шунингдек, ўлдирилган одамнинг эгаси (отаси, ўғли, акаси...) қотилдан жазони талаб қилиш вазифасига ўз номидан бировни вакил қилиб тайинлаган бўлса ва қотилнинг қонидан кечса-ю, вакил унинг кечирилганини унутиб, ўлдириб қўйса, вакилдан қасос олинмайди, бироқ у хун тўлайди.

– Унутувчи маъзур саналмайдиган ишлар
Унутувчи унутган нарсасига ўзи сабабчи бўлса, масалан, тез-тез ёдига олиб турмаса ёки ёдига соладиган сабаблардан юз ўгирса, қилган ишига жавоб беради. Қуръонни ўқимай ташлаб қўйганлиги учун ёд олган оятларини унутган киши, кийимидаги нажосатни дарров ювиб ташламасдан охир–оқибат унутиб нажосат теккан кийим билан намоз ўқиган киши бунга мисол бўла олади. Улар қосирлик қилган ҳисобланиб, йўл қўйган хатоларини ўнглашлари шарт.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм. 37-қисм. 38-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!