“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (40-ҳадис)

22:00 09.02.2019 734

40-ҳадис “Фурсатни ғанимат билинг”

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبَيَّ فَقَالَ: "كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ، أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ".
وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يَقُولُ: إِذَا أَمْسَيْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الْمَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ. (رواه البخاري).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан тутиб дедилар: “Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтардилар: “Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”. (Бухорий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Дунё фоний, Охират эса боқийдир

Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло белгилаган муҳлат миқдорича яшаб, сўнг бир кун ўлим таъмини тотади.

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”. (“Оли Имрон” сураси, 185–оят). 
“Шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар”. (“Зумар” сураси, 30-оят).

Банда қачон ва қаерда жон беришини ҳам билмайди. 

“Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас”. (“Луқмон” сураси, 34–оят).

Биз қанчалик узоқ яшамайлик, барибир бир кун бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кўриб, ҳар соат ҳис қилиб турамиз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – Охират ҳаётига кўчиб ўтамиз. Аввал Аллоҳ таоло бутун инсониятни тирилтириб, Уларни амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Инсонларни тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ер қадар бўлган боқий жаннат ёки кофирларга тайёрлаб қўйилган, ўтини одамлару тошлар бўлган жаҳаннам кутади. Кофирлар дўзах ўтидан қочиб қутила олмаслар.

– Дунё Охират учун кўприкдир.
Дунёда ўзини бир мусофирдек тутган мўмин унинг ноз–неъматларига алданиб, арзимас матоларига боғланиб, йўлидан қолиб кетмайди. Бу нарсалар билан машғул бўлиб қолишни ўзига нолойиқ деб билади. Чунки, мўмин назарида дунё бир қўниб ўтиладиган қўналғадир.

“Бу ҳаёти дунё алдамчи матодир”. (“Оли Имрон”, 185-оят).

Мўмин ўзининг бу дунёга бегона эканлигини, бамисоли ватанидан, аҳли оиласидан йироқ бир ғариб мақомида туриши лозимлигини бирон лаҳза унутмайди. У ҳамиша ўзининг асл ватанига, аҳли оиласи, ёр-дўстлари қучоғига ошиқади. Бу фироқ қанчалик чўзилмасин, у бегона диёрга кўникиб кетолмайди. Шу боис, ҳаёти дунёда ҳовли-жой, кўрпа-тўшак ғамини емайди. Балки борига қаноат қилиб, имкон қадар ўзининг асл диёри учун арзирли ҳадялар ҳозирлайди. Чунки унинг ёр-дўстлари ҳам, мангу қарор топадиган суюкли манзили ҳам ўша ерда. Охират ҳовлисига қиёсланганда бир неча лаҳзалик қадр-қиймати қоладиган бу дунёдан чин мўмин шу тариқа кўнгил узади. 

“Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарсадир”. (“Тавба” сураси, 38-оят)
“Албатта Охират (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир”. (“Ғофир” сураси, 39-оят)

Ҳасан Басрий айтадилар: “Мўмин бир мусофир кабидир. У дунёда хорликдан сиқилмайди ва дунё азизлигини талашмайди. Зеро, мўминнинг ғами бошқа, одамлар ғами бошқа”.

Ибн Ражаб айтадилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, уни жуфти билан жаннатда яшаттирди. Сўнг икковлари жаннатдан туширилдилар. Аммо уларнинг ўзларига ҳам, солиҳ зурриётларига ҳам яна жаннатга қайтарилажаклари тўғрисида ваъда берилди. Шу сабабдан мўмин ҳамиша ўзининг асл ватанини қўмсайди. Зеро, ватанни севмоқ иймондандир”.

Мўмин бу дунёда ғарибнинг ўзга юртдаги ҳаёт кечиришидан ҳам камроқ яшаб, камроқ қарор топади. Баъзан мусофир бегона юртни ёқтириб, ўша ерда уй-жой қилиб, қолиб кетиши мумкин. Бироқ мўминда дунёга нисбатан бу ҳол юз бермайди. У бир йўловчидек йўл бўйидаги лаш-лушлар ёнидан вазмин ҳолда ўтиб боради. Қалби мудом асл ватани томон ошиқади. Қанчалик кўп йўл босса, шунчалик қувонади. Уни йўлдан озгина ушлаб қолган нарса ҳам оғринтиради. Мусофир сафарда уй-жой қилишга, ошна-оғайни орттиришга тиришмайди. Унинг учун манзилига етиб олишга кўмаклашадиган, йўл узоқлигини билинтирмайдиган чин дўстлар кифоя. Мўмин Охиратда Аллоҳ розилигига эришишдек улуғ орзусини рўёбга чиқаришга зарур бўладиган миқдордаги дунё матоларига эътибор беради. 

“У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”. (“Мулк” сураси, 2-оят).

Мўмин дўст танлашда ўзининг нажот соҳилига етиб олишига ёрдам берадиган, мудом тўғри йўлга бошлаб турадиган солиҳ инсонларни қидиради. 

“У кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)”. (“Зухруф” сураси, 67-оят).

Саҳрода ёлғиз қолган йўловчи қароқчи  ва йўлтўсарларлардан эҳтиёткор бўлганидек, мўмин ҳам Аллоҳ азза ва жалладан ва Унинг тоат–ибодатидан узоқлаштирувчи кимсалардан ўзини эҳтиёт қилади. 

“У кунда бу золим қўлларини тишлаб дер: “Э, қанийди, мен ҳам Пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди, мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма – Қуръон келганидан сўнг, ўша мени йўлдан оздирди”. Шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир”. (“Фурқон” сураси, 27-29-оятлар).

Мўмин ҳам мусофир каби Охират учун йўл озиғини ғамлайди. 

“Озуқани ғамланг! Энг яхши озуқа тақводир. Мендан қўрқингиз, эй ақл эгалари!” (“Бақара” сураси, 197-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: Кексаликдан олдин ёшлигингни, касал бўлмасингдан аввал соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлимингдан аввал ҳаётингни!” (Ҳоким ривоятлари).

– Мусулмон имкон қадар тоат-ибодат ва бошқа хайрли амалларни кўпроқ қилишга шошилади. Ўзининг улуғ орзусига етмоқ учун сусткашлик ҳам, дангасалик ҳам қилмайди. Чунки у ажали қачон келишини билмайди.

– Мўмин ҳар битта қулай фурсатни ғанимат билиб, Охирати ғамини емоғи лозим.

– Ҳадисда зоҳид бўлишга тарғиб қилинди. Бунинг маъноси дунё ишларини бутунлай ташлаб қўйиб, ҳаракатсиз, беамал ўтириш дегани эмас, албатта. Бу ерда дунёнинг ўзига боғланиб қолмасликка, унга берилган ҳолда Охиратни унутиб қўймасликка чақирилаяпти холос.

– Мўминнинг вазифаси иложи борича хайрли амалларни кўпайтирмоқдир. Доим Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, хавфсираб туриши эса уни янада кўпроқ амалга чорлайди. Унинг ҳақиқий мусофирга ўхшаши ҳам шундадир. Зеро, мусофир киши сафари давомида мудом сергак туради, кўзлаган манзилига етолмай йўл ярмида тўхтаб қолишдан ҳазир бўлади.

– Ёмон ҳамроҳлардан узоқлашиш лозим. Улар худди йўлдаги қароқчилар каби мўминни асл мақсади сари юришдан чалғитадилар. Натижада унинг кўзлаган манзилига етишига тўсқинлик қиладилар.

– Ушбу ҳадис бизни мўътадилликка чорлайди. Дунё тупроғига ёпиша бошлаганимизда, Охират ғамидан узоқлашиб, ғафлатимиз ошиб кетаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари бизни ўзлигимизга чақиради, дунё ва Охират учун амал қилишда мўътадил ва мувозанатли бўлишга чорлайди.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм. 37-қисм. 38-қисм. 39-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!