“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (41-ҳадис)

22:00 12.02.2019 681

41- ҳадис “ Иймон асоси шариатга эргашишдир”

عَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يَكُونَ هَوَاهُ تَبَعًا لِمَا جِئْتُ بِهِ". (حديثٌ صحيحٌ ، رُوِينَاهُ في كتابِ الْحُجَّةِ بِإِسْنادٍ صحيحٍ).

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлардан ҳеч бирингиз – токи унинг хоҳиш-истаклари мен олиб келган нарсага бўйсунмагунча, – мўмин бўла олмайди». («Китобул-ҳужжа» дан. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Мусулмон ҳамиша комилликка интилади
Комил мўминнинг сўзи билан иши, фикри билан тутган йўли ўртасида қарама–қаршилик бўлмайди. Ақли, фикри, ҳис-туйғулари ўзаро мувофиқ бўлганидек, қалби ҳам, тили ҳам бошқа аъзолари ҳаракатидан айри тушмайди. Унинг руҳи билан танаси мувозанатли, тили эътиқодига мос, ақидаси амалларидан кўриниб туради. Эътиқоди йўлини белгилаб, хатти-ҳаракатини ўнглайди. Шундай қилиб у шаҳватларга қул бўлмайди, бидъатлар уни ҳаддидан оширмайди. Роҳат-фароғат, айш-ишрат чалғитолмайди. Чин мўмин ҳамиша Аллоҳ таолонинг ҳақ шариатига мувофиқ ҳаракат қилади. Қисқа сўзларда кенг маъноларни баён этиш мўъжизаси берилган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий мўминнинг суратини қуйидагича чизиб бердилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз – токи унинг хоҳиш-истаклари мен олиб келган нарсага бўйсунмагунча, – мўмин бўла олмайди”.

– Ҳавои хоҳиш моҳияти ва унинг турлари
Хоҳиш деганда баъзан ҳаққа мойиллик, унга бўйсуниш ҳам тушунилади. Масалан: 
“Сиз аёлларингиздан ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз”, (“Аҳзоб” сураси, 51-оят) ояти нозил бўлганда, Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Раббингиз доим сизнинг истак-хоҳишингизни бажо қилади-я?!” дедилар. (Бухорий ривоятлари).

Умар розияллоҳу анҳу Бадрда қўлга тушган асирлар устида бўлган маслаҳат ҳақида гапириб, шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаволарига мен айтганим тўғри келмай, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг гапи кўпроқ ёқди”.

Баъзида бу сўздан умуман ҳавои хоҳиш, майл назарда тутилиши мумкин. Умар розияллоҳу анҳунинг юқоридаги ҳадисларида ҳам ҳавои хоҳишнинг умумий маъноси назарда тутилган.

Аммо кўпинча, ҳавои хоҳиш деганда фақат нафсни қондириш, унинг рағбатларини юзага чиқариш кўзда тутилади. Ҳавои хоҳиш калимаси ҳеч қандай қайдсиз ишлатилса, ана шу маъно кўзда тутилган бўлади. Ҳавои хоҳишнинг ушбу маъноси муомалада ҳам кўп учрайди. Оят ва ҳадисларда ҳавои хоҳиш айни шу эътибор билан қораланган. Чунки у одатда ҳаққа хилоф майлдир. Кўнгил хоҳишлари ҳамиша ҳам шариатга мувофиқ келавермайди. Бинобарин, у эгасини залолатга бошлайди. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга хитоб қилиб деди: “Бас, сен ҳавои хоҳишга эргашиб кетмагин. Акс ҳолда у сени Аллоҳ йўлидан оздирур”. (“Сод” сураси, 26-оят).

– Ҳавойи нафсга эргашмоқ ҳасрат-надомат, унга қарши курашмоқ бахт-саодат келтиради
Ҳавойи нафсга эргашмоқ, ҳалол-ҳаромга этибор бермасдан мол-дунё, айш-ишрат ва кўнгилхушликлар ортидан қувмоқ Аллоҳдан ўзга маъбудга сиғинмоқдир. Неъмат билан овора бўлиб, ана шу неъматни берган зотни унутмоқ зулм ва исёндир. Боқий Охиратни қўйиб фоний дунёни танламоқ – жоҳиллик ва залолатдан бошқа нарса эмас. Бу йўлнинг оқибати аниқ ҳалокатдир. Чунки унинг асосида кибр, зулм ва зўравонлик ётади. “Бас, ана ўшанда ким туғёнга тушган ва ҳаёти дунёни устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина унга жой бўлур!” (“Ван-нозиот” сураси, 37-39-оят).

– Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига муҳаббат
Банда иймоннинг илк мартабасига эришиб, унинг камоли йўлида давом этмоғи учун Аллоҳ таолони яхши кўрмоғи шарт. Айни шу яхши кўриш уни Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилишга, қайтарган ишлардан тийилишга ундамоғи лозим. Аллоҳ таоло яхши кўрган нарсани яхши кўриб, У ёмон кўрган нарсадан нафратланмоқ учун мўмин Аллоҳ ва Расулини ҳаммадан ортиқ севмоғи керак. Унинг муҳаббати шу қадар кучли бўлсинки, бу йўлда ҳар қандай фидокорлик мўминга оғир туюлмасин. “Айтинг: “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касодга учрашидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг Пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунича кутиб тураверинглар. Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас”. (“Тавба” сураси, 24-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз токи мен унга ўзидан, боласидан, аҳли-оиласидан ва барча инсонлардан суюклироқ бўлмагунимга қадар мўмин бўлмайсиз”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

– Муҳаббатнинг белгиси бўйсуниш ва шариатга мослашишдир
Чинакам муҳаббат эгаси ҳамма нарсада суюкли кишисига мувофиқ ҳаракат қилади. Аллоҳ ва Расулини чин дилидан севган мўмин улар яхши кўрган нарсани яхши кўриб, улар ёмон кўрган нарсадан нафратланади. Айни муҳаббат асосида ниманидир яхши ва ниманидир ёмон санамоқ амалларда ҳам кўринмоғи шарт. Демак, Аллоҳ ва Расулига муҳаббати юксак бўлган мўмин шариатга мувофиқ яшайди. Ўзининг муҳаббати ва иймони қуруқ сўз бўлиб қолмаслиги учун у шариат буйруқларини тўлиқ адо этиб, қайтарилган ишларга яқин йўламайди. “Айтинг: “Агар Аллоҳни севсангиз менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади...” (“Оли Имрон” сураси, 31-оят).

Ҳасан Басрий айтадилар: “Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз Парвардигоримизни жуда қаттиқ яхши кўрамиз!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзига бўлган муҳаббат даъвогарлари учун бирон белги-аломат қилмоқни хоҳлади ва юқоридаги оятни нозил этди”.

Кимда-ким қодир бўла туриб Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севган амални бажармаса ёки улар ёмон кўрган ишни қиладиган бўлса, демак, унинг иймони нуқсонлидир. Бундай кишилар иймонларини комил бўлиши учун ҳаракат қилмоқлари лозим, токи уларнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббати қуруқ даъво бўлиб қолмасин.

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Сизни ўзимдан бошқа ҳаммадан ортиқ кўраман! – дедилар. 
– Йўқ, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, токи мен сиз учун ўзингиздан ҳам суюклироқ бўлмагунимча (иймонингиз комил саналмайди), – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Умар розияллоҳу анҳу бир муддат жим қолдилар. Улуғ саҳобий Пайғамбар ҳаққининг ҳар қандай ҳақдан муқаддам ва таъсирлироқ эканини, ҳатто жон ҳам шу йўлда қурбон қилинмоғи лозимлиги хусусида фикр қилдилар: Ахир айнан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли дўзах оловидан омон қолмадиларми?! 

Кейин:
– Аллоҳга қасамки, ҳозир сиз мен учун ўзимдан-да суюклироқсиз! – деб жавоб қилдилар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.
– Ана энди (билдинг), эй Умар, – дедилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Бухорий ривоятлари).

Ўзларининг ушбу хусусиятлари билан иймон карвонининг сарбонлари – саҳобаи киромлар Парвардигорлари мақтовига мушарраф бўлдилар: “Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар – Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир”. (“Тавба” сураси, 100-оят).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм. 37-қисм. 38-қисм. 39-қисм. 40-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!