“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (42-ҳадис)

22:00 13.02.2019 618

42-ҳадис “Аллоҳ азза ва жалланинг мағфирати кенгдир”

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "قَالَ اللهُ تَعَالَى: يَا ابْنَ آدَمَ، إِنَّكَ مَا دَعَوْتَنِي وَرَجَوْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ مِنْكَ وَلا أُبَالِي. يَا ابْنَ آدَمَ، لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ، ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ. يَا ابْنَ آدَمَ، إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِي بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا، ثُمَّ لَقِيتَنِي لا تُشْرِكُ بِي شَيْئًا، لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً ". (رواه الترمذي، وقال: حديثٌ حسنٌ صحيحٌ).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, модомики, сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, нима гуноҳ қилган бўлсангда, парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, Мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!” (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Мағфират тиламоқ
Инсон Аллоҳ таолодан ўзи учун сўрайдиган энг аҳамиятли нарсалар – бу мағфират ва унинг ортидан келувчи нажот ҳамда жаннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мана шу нарса (яъни, дўзахдан паноҳ ва жаннат сўраш) атрофида айланамиз”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Абу Муслим Хавлоний айтадилар: “Дуо қилмоқчи бўлганимда дўзах ёдимга тушса, фақат ундан паноҳ тилаш билан машғул бўламан”.

– Қуръонда истиғфор зикри
Қуръони Каримда истиғфор ҳақида кўп айтилган.

Истиғфор айтиш буюрилган оятлар: 
“Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”. (“Муззаммил” сураси, 20-оят).

“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар”. (“Ҳуд” сураси, 3-оят).

Истиғфор айтувчилар мақталган оятлар: 
“Ва саҳарларда истиғфор айтувчилар”. (“Оли Имрон” сураси, 17-оят).

(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган инсонлардир. Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур. Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (“Оли Имрон” сураси, 135-оят).

Аллоҳ таоло истиғфор айтган бандаларни мағфират қилиши хусусидаги оят: 
“Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини кўрур”. (“Нисо” сураси, 110-оят).

Мазкур оятлар истиғфор айтмоқнинг нақадар улуғ иш эканлигига ва унинг билиб-билмай гуноҳга қўл уриб қўядиган бандалар нажоти учун асосий омонлик воситаси саналишига далилдир.

– Тавба ва истиғфор
Қуръонда истиғфор билан тавба кўпинча кетма-кет зикр қилинган: “Ахир Аллоҳга тавба қилиб, мағфират қилишини сўрамайдиларми?!” (“Моида” сураси, 74-оят);

“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар!” (“Ҳуд” сураси, 3-оят).

Истиғфор – бу мағфират тиламоқ, тавба эса гуноҳлардан бутунлай юз ўгирмоқдир.

Баъзан, истиғфорнинг ёлғиз ўзи зикр қилиниб, шунга биноан мағфират хабари айтилиши мумкин:
“Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди ўзинг мени мағфират қилгин”. Бас, (Аллоҳ) уни мағфират қилди”. (“Қасас” сураси, 16-оят).

“Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”. (“Муззаммил” сураси, 20-оят).

Банда Аллоҳ мағфиратига муяссар бўлмоғи учун гуноҳларини тарк этиб, аҳволини ўнгламоғи лозим. “Аммо ким бундай жабру зулмдан кейин тавба қилиб, ўзини тузатса, Албатта Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”. (“Моида” сураси, 39-оят).

– Истиғфор ва гуноҳлар
Баъзилар истиғфор ҳақидаги барча мутлақ (Мутлақ – чекловсиз) оятларни “Оли Имрон” сурасида келтирилган оят қайд қилади (қайд қилиш – чеклаш), дейишади. Бу оятда Аллоҳ таоло истиғфор айтганидан сўнг гуноҳларида давом этмайдиган бандаларига мағфират ваъда этган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Истиғфор айтган банда гарчи бир кунда етмиш марта гуноҳга қайтса ҳам, гуноҳга берилиб кетган бўлмайди”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир банда гуноҳ қилди-да: “Парвардигоро, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!” деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!” деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: “Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!” деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!” деди. Сўнгра банда Аллоҳ хоҳлаганча муддат турди, кейин яна бир гуноҳ қилди. У: “Парвардигоро, мен яна гуноҳ қилиб қўйдим. Ўзинг мағфират қилгин!” деб айтди. Аллоҳ таоло “Бандам гуноҳини кечирадиган ва у сабабли жазолайдиган Парвардигори борлигини билди. Мен уни кечирдим!” деди.

Муслим ривоятларига кўра учинчисида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мен бандамни мағфират этдим. Энди у билганини қилсин”.

Орифлар айтадилар: Истиғфорининг натижаси тавбасининг ўнгланиши бўлмаган банда ўз истиғфорида ёлғончидир.

Қалб гуноҳ-маъсиятдан бутунлай узилмаса-да, фақат тил истиғфор айтса, у бир оддий дуо. Аллоҳ таоло бу дуони хоҳласа ижобат қилади, хоҳласа рад этади. Ҳатто шу дуонинг ҳам ижобати умид қилинади. Дуо-илтижо, айниқса, гуноҳкорлигини ҳис қилиб эзилган қалбдан чиқса ёки саҳар пайти, азондан ва фарз намозидан кейинги дақиқалар каби ижобат соатларига мувофиқ келса, иншоаллоҳ, дуолар мақбулдир. Аммо, аслида билиб туриб гуноҳ-маъсиятдан тўхтамаслик дуоларни ижобатдан тўсиб қўяди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Билиб туриб гуноҳ-маъсият ишларида давом этувчи кимсаларга вайл бўлсин!”

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: “Гуноҳдан тавба қилувчи бамисоли бегуноҳ кабидир. Гуноҳ қилишда давом этиб истиғфор айтаётган кимса Аллоҳга истеҳзо қилаётган кабидир”.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан: “Аллоҳ ўзинг кечир” деб яна гуноҳга қайтмоқ ҳам ёлғончилик ҳисобланади”.

– Кўп истиғфор айтмоқ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмишдан ортиқ марта Аллоҳга истиғфор айтиб, тавбалар қиламан”. (Бухорий ривоятлари).

Луқмон ўғилларига дедилар: “Эй ўғлим! Тилингни “Парвардигоро, мени мағфират этгин” дуосига ўргатгин. Зеро, Аллоҳнинг шундай соатлари борки, у соатларда сўровчини рад этмайди”.

Ҳасан айтадилар: “Қаерда бўлсангизлар: уйдами, йўлдами, бозордами ёки бирон даврадами, кўп истиғфор айтинглар. Чунки сизлар мағфират қачон туширилишини билмайсизлар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен “Аллоҳдан мағфират сўраб Унга тавба қиламан”, деган дуони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп айтадиган одамни кўрмадим”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юз маротаба “Парвардигоро, мени мағфират этгин, кечиргин. Албатта Сен тавбаларни қабул қилувчи ва кечиримли Зотсан!” деб айтганларини санар эдик”.

– Қўрқув ва умид
Умидворлик манфаат бериши учун инсонда қўрқув ҳам бўлиши лозим. Банда нажот топмоғи учун қўрқув ва умиднинг биттаси билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ҳар икковини жамлаган бўлиши керак. Чунки қуруқ умидворлик макрга, қўрқинчнинг ўзи эса умидсизликка олиб боради. Ҳар икки сифат ҳам ёлғиз олинганда қоралангандир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган: “Хавф билан Умид қасам ичди: дунёда кимки ҳам қўрқиб, ҳам умид боғлаб яшаса, жаҳаннам ҳидини ҳидламайди. Қайси бир бандада дунёда шу икки нарса жамланмасдан, фақат биттаси бўлса жаннат ҳидини ҳидламайди”.

– Тавҳид гуноҳлар кечирилишининг асосидир!
Банданинг мағфират этилишига энг катта сабаблардан бири шак–шубҳасиз тавҳид ҳисобланади. “Албатта Аллоҳ Ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради”. (“Нисо” сураси, 48 ва 116-оятлар).

Аллоҳ таоло фазли ва тавфиқи билан “Арбаийн” шарҳи ниҳоясига етди. Бу ишимизни икки дунёйимиз учун манфаатли қилсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, У зотнинг аҳли-оилаларига ва асҳобларига Қиёмат кунига қадар Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! Бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз!

Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм. 16-қисм. 17-қисм. 18-қисм. 19-қисм. 20-қисм. 21-қисм. 22-қисм. 23-қисм. 24-қисм. 25-қисм. 26-қисм. 27-қисм. 28-қисм. 29-қисм. 30-қисм. 31-қисм. 32-қисм. 33-қисм. 34-қисм. 35-қисм. 36-қисм. 37-қисм. 38-қисм. 39-қисм. 40-қисм. 41-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!