“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (10-ҳадис)

22:00 19.12.2018 463

“10-ҳадис, Ҳалол-покиза юрган кишининг амали мақбулдир!”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ لا يَقْبَلُ إِلا طَيِّبًا، وَإِنَّ اللهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا] وَقَالَ تَعَالى: [يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ] ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ، وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ، وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ، وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ، وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ، فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ“. (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: "Эй Пайғамбар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар". "Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз – покиза нарсалардан енглар". Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: “Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Парвардигоро! Парвардигоро!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!” (Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳадис ҳам Исломнинг улкан қоидаларига асос вазифасини ўтаган, ҳалол билан озиқланиб, ҳаромдан четланиш борасида ҳужжат бўлган ва мусулмон жамиятини қуришда энг фойдали ҳамда хайрли қўлланма саналган ҳадислар сирасига киради.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:

– Аллоҳ таоло ҳузурида фақат ҳалол-покиза нарсаларгина мақбулдир

“...қабул қилади“ жумласи амаллар, нарсалар, сўзлар ва эътиқодга тааллуқли саналади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло риё, кибр каби турли чиркин нарсалар аралашмаган гардсиз-покиза амалларнигина қабул қилади.

Ибн Ражаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ фақат покиза амалларнигина қабул этади“, деган сўзлари шарҳида айтадилар: “Мўминнинг қалби ҳам, тили ҳам, танаси ҳам пок бўлади: Унинг қалбида иймон ўрнашган, тили зикр-дуо билан машғул. Аъзолари билан эса иймон самараси саналган ва иймон исмига кирувчи солиҳ амалларни адо этади“.

– Амал қандай қилиб мақбул-покиза бўлади?

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ушбу оятни ўқидим: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар“. ("Бақара" сураси, 168-оят). Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб деди:

– Ё Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиган киши қилсин.

– Эй Саъд, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, – луқмангни ҳалол-покиза этгин, дуоси мустажоб киши бўласан. Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, қорнига ҳаром луқма туширган банданинг амалини Аллоҳ қирқ кун қабул қилмайди. Ҳаромдан семирган банданинг жойи дўзахдадир“. (Табароний ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳаром еган кишининг намозини қабул қилмайди!”

– “Қабул қилмайди“ дегани нимани англатади?

Мазкур ибора баъзан амалнинг дуруст бўлмаслигини билдиради. Юқорида келтирилган ҳадислардаги “қабул бўлмайди“ ибораси “ажр-савоб олмайди“ маъносида тушунилади. Яъни эрини норози қилган аёл ва фолбинга борган киши намоз ўқиса уларнинг устидан фарз соқит бўладию, бироқ улар қилган ибодатлари учун ажр-савоб ололмайдилар.

– Мусулмон киши ҳаромдан қандай қутулади?

Қўлидаги молнинг эгаси кимлигини била олмаган ёхуд кўчада бировнинг нарсасини топиб олган киши ўзи учун ҳаром бўлган бу молни Аллоҳ йўлида садақа қилиб юборади ва ажр-савоб молнинг ҳақиқий эгасига тегади.

Молик ибн Динордан ривоят: “Мен Ато ибн Абу Рабоҳдан:

– Бир кишининг қўлида ҳаром мол бор ёки молнинг эгаси ким эканини билмайди. Ўша киши ҳаром молдан қандай қилиб халос бўлади? – деб сўрадим.

– Садақа қилиб юборади, – дедилар Ато. – Бироқ мен бу амал унинг номидан ўтади, деб айтмайман”.

Имом Шофеъий фикрларига кўра, ҳаром мол то ҳақли эгаси чиққунигача сақлаб турилади, садақа қилиб юборилмайди. Фузайл ибн Иёз эса ҳаром молни йўқотиб-чўктириб юбориш лозим, у садақа қилинмайди. Чунки Аллоҳ таолога фақат пок-ҳалол нарсаларни садақа-эҳсон қилиб қурбат-яқинлик ҳосил қилинади, деганлар.

Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳаром молни садақа қилиб юбориш энг тўғри йўлдир. Чунки молни зое этиб, йўқ қилиб юборишдан шариатда қайтарилган. Уни золимларга тайёр ўлжа сифатида қолдириш ҳам, чириб-битиб йўқ бўлишга нишон қилиб қўйиш ҳам мутлақо ярамайди. Мол эгасининг номидан садақа бўлади. Яъни, ҳақиқий эгаси уни бу дунёда ишлатишдан маҳрум бўлган. Шу боис, садақа қилиб юборилгач, Охиратда унга фойдаси тегади”.

– Дуонинг ижобат бўлиш сабаблари

а) Узоқ сафарларга чиқиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч кишининг дуоси мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отанинг боласига қилган дуоси“. (Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).

б) Кийиниш ва кўринишда ҳокисорликни лозим тутиш

...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраб чиққанларида ўзларини паст тутиб, хокисор кўринишда дуо қилардилар...

в) Қўлни осмонга чўзиш

Қўлни кўкка кўтариб сўраш дуо қилиш одобларидандир. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло ҳаёли, Карим Зотдир. Агар биров ундан тиланиб қўлини кўтарса, Аллоҳ таоло унинг қўлларини қуруқ ва умидсиз қайтаришдан ҳаё қилади". (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

г) Аллоҳ таолодан сабот билан қаттиқ туриб сўрамоқ лозим

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар банда "Парвардигоро!" деб тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло: “Лаббай бандам! Сўра, сўраганинг берилади", деб жавоб беради". (Баззор ривоятлари).

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!