“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар!..” десангиз туркумидан (16-ҳадис)

22:00 25.12.2018 380

16-ҳадис “Ғазаб қилма – жаннатий бўласан!”

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَوْصِنِي، قَالَ: "لا تَغْضَبْ" فَرَدَّدَ مِرَارًا، قَالَ: "لا تَغْضَبْ)". رواه البخاري.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга насиҳат қилинг”, – деди.

– Ғазаб қилма! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади. 

– Ғазаб қилма! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”. (Бухорий ривоятлари).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Мусулмоннинг хулқи
Саҳобий дунёю-охират яхшилигига етишиш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир оғиз лўнда ибора билан унга насиҳат қилдилар: “Ғазаб қилма!”

Мазкур ибора ҳар бир хайр-яхшиликка дахлдор ва барча ёмонликка тўсиқ бўлган насиҳат эди.

– Ғазабни даволаш йўллари
Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартирмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Агар шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!” (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари). Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

– Аллоҳ таоло учун ғазабланиш
Аллоҳ таолони деб, Унинг динини, буйруғу қайтариқларини, соф эътиқодини ва мусулмон биродарларини ҳимоя этиб, дарғазаб бўлиш мақтовли хислатдир. “Улар билан жанг қилинглар, шунда Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб этади ҳамда мўмин қавм дилларини қондириб, кўнгилларидаги ғам-андуҳни кетказади”. (“Тавба” сураси, 15-оят).

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ғазаб қилмасдилар. Аммо Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса, у кишининг ғазабига ҳеч нарса туриш беролмасди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

– Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради
Киши ғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга рўбарў қилинади. Оғзидан куфр калимаси чиқиб кетса, муртад бўлади. У тавба-тазарру қилмоғи шарт. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни дарғазаблиги унга тўсиқ бўла олмайди.
 
– Мусулмон киши ҳамиша фойдали нарсаларни ўрганишга, чиройли мавъизага ва хайрли насиҳатга муҳаббатли бўлмоғи лозим 

Кам гапириб, кўп амал қилмоқ ва гўзал намуналарга иқтидо этмоқ фазилатли кишиларнинг одатларидир.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм6-қисм7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!