Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббати сабаб, ўғрини кечирди

12:30 23.03.2019 1015

Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтади:

“Бир улуғ зот ҳажга бордилар. Қўлларидаги ҳамёнида пуллари бор эди. Бир жойдан ўтди. Ногоҳ, бир ўғри қўлидаги ўша ҳамённи олиб қочди. Анча узоққа кетгач, бирданига унинг кўзи нурсизланиб қолди. У йиғлай бошлади. Одамлар: “Эй биродар! Сенга нима бўлди”, дейишди. У шундай деди: “Мен бир одамнинг ҳамёнини тортиб олдим. У Аллоҳга яқин, жудаям солиҳ бандага ўхшайди. Менинг кўз нурсизланиб қолди. Аллоҳ учун, мени ўша одамнинг олдига олиб боринг. Мен ундан узр сўрайин”, деди. Одамлар: “Бу воқеа қаерда содир бўлди?” дейишди. У: “Фалон сартарошнинг дўкони яқинида”, деди. Одамлар уни ўша ерга олиб борди. Сартарошдан: “Шундай одам бу ердан ўтдими, сиз уни биласизми?”, деб сўрашди. У: “Мен унинг уйини билмайман. Лекин у намозларга келиб туришини биламан”, деди. Улар кутиб ўтирди. У улуғ зот ўз вақтида келди. Одамлар ўша ўғрини, унинг олдига олиб келишди. Шунда, у ўғри жон куйдириб, унинг қўл ва оёқларидан тутиб: “Мендан хато ўтди. Гуноҳ қилдим. Мен пушаймонман. Шарманда бўлдим. Кўз нурим тортиб олинди. Сиз пулларингизни қайтариб олинг ва мени авф қилинг. Токи, Аллоҳ таоло менинг кўз нуримни қайтариб берсин”, деди. У улуғ зот: “Мен сени ўша заҳоти кечириб юборганман”, деди. Бу гапни эшитиб, ўғри ҳайрон бўлди ва: “Ҳазрат! Мен сизнинг ҳамёнингизни олиб қочдим. Сиз эса кечирим сўрашимдан олдиноқ, мени кечириб юборганман дейсиз”, деди. У зот шундай деди: “Ҳа, менинг қалбимга бир нарса келган эди. Мен бир ҳадис ўқидим. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида менинг умматим ҳисоб-китоб қилиниб, токи, охирги умматимга ҳукм қилинмагунича, мен мезон тарозусига яқин тураман”, деганлар. Менинг қалбимга шундай нарса келди. Агар мен бу ўғрини кечириб юбормасам, у ҳолда қиёмат куни бу даъво ошкор бўлади ва қанча муддат менинг бу даъвойимга ҳукм қилиниши учун кетса, шунча муддат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатдан ташқарида туришларига тўғри келади. Шунинг учун мен кечириб юбордимки, на бу даъво ошкор бўлсин ва на менинг Ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатга киришлари кечикмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезроқ жаннатга ташриф буюрсинлар”, деди...”

“Эҳлэ дил кэ тарпа денэ валэ вақеаат” китобидан. 1-жилд, 105-бет. Абдулқайюм Комил таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!