Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Мадина аҳли учун қилган дуолари

15:14 24.04.2019 664

Мадинанинг Аллоҳ ва Унинг наздида ажралиб турувчи беҳисоб жиҳатлари ва фазилатлари кўп. Ушбу маънони ҳадис ва бошқа асарлар ҳам таъкидлайди. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари ва ҳадислари эса, Мадинанинг дунё ва охират яхшиликларини жам қилганини англатади.

Ойша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Аллоҳ, бизларга Мадинани худди Маккани яхши кўрганимиздек ва унданда суюкли қилгин, унга барака бергин, уни бизлар учун соғлом шаҳар қилгин....”, – дедилар.

Бошқа ҳадисда, Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинадан чиқдик. Саъд ибн Абу Ваққосга тегишли Ҳарра деган жойдаги сувли ўринга етиб келдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таҳоратга сув келтиринглар”, дедилар. Таҳорат қилиб бўлгач, ўрниларидан туриб, қиблага юзландилар, сўнг такбир айтиб, орқасидан: “Эй, Аллоҳ! Иброҳим Сени банданг ва халилинг (дўстинг) эди. Макка аҳлига барака сўраб дуо қилди. Мен Муҳаммад банданг ва расулингман. Мадина аҳлига уларнинг мудди ва соълари (ўлчов бирликлари)да Макка аҳлига берган баракангнинг икки баробарида баракасини беришингни сўрайман. Бир барака икки барака ўрнида бўлсин” дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ Расуллулоҳнинг ушбу дуоларини ижобат қилди, ушбу гўзал дуо сабабидан мадиналиклар унинг барокати соясида яшайдилар. Шунинг учун ҳам Мадина шаҳри ер юзидаги барча мусулмонлар учун суюкли маскандир. Бунга сабаб Расулуллоҳнинг барака сўраб қилган дуоларидир.

Анас ибн Молик (р.а)дан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитганлар: “Ё Аллоҳ, Мадинага Маккага берган баракангнинг икки бараварини бергин”, – дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар(р.а)дан ривоят қилинади: “Отам Умар ибн Хаттобдан шундай деганларини эшитдим: Мадинада қийинчилик, очарчилик, етишмовчилик кучайиб, нарх-наво кўтарилиб кетди, шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Мадина аҳли, сабрли бўлинглар, сизларга хушхабар бор. Чунки мен сизларнинг ўлчовларингизга барака беришини сўраб дуо қилдим, ҳаммаларингиз бўлинмасдан еб-ичаверинглар! Чунки бир кишига етган таом икки кишига ҳам етади, икки кишига етган таом тўрт кишига, тўрт кишига етган таом беш, олти кишига ҳам етади”, – дедилар”.

Имом Муслим ўзлари Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда айтади: “Одамлар энг аввалги пишган меваларни Расулуллоҳга олиб келардилар, ва Расулуллоҳ мевани олиб шундай дердилар: “Ё Аллоҳ, бизларнинг меваларимизга, шаҳримизга, ўлчовларимизга барака ёғдиргин. Ё Аллоҳ, Иброҳим сенинг дўстинг ва набийингдир ва мен ҳам сенинг набийинг ман, у Макка аҳлига дуо қилди, мен Иброҳим а.с. дуо қилганининг икки баробари мислича Мадина ҳаққига дуо қиламан”. Ровий айтадиларки, сўнгра Расулуллоҳ ўша мевани Мадинадаги энг ёш бўлган болаларга берардилар”.

Мадинада имон жамланади, Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в)айтдилар: “Иймон Мадинага ҳудди илон ўз инига қайтгани каби қайтади”. Яъни, илон уйидан чиқиб озуқа талабида чиқиб, уни топгач, инига қайтгани каби. Иймон ҳам Мадинада кенг ёйилди, ҳар бир мўмин киши Расулуллоҳни яхши кўрганлигидан қалб-қалбидан Мадинага интилади. Бу эса барча вақтларни ўз ичига олади. Мусулмонларнинг Набий (с.а.в.) даврларида Мадинага интилишлари Расулуллоҳдан таълим олиш учун эди. Саҳобийлар, тобеинлар ва таба тобеинлар даврида эса уларга эргашишлик учун эди, ундан кейин эса Мадинада Набий (с.а.в.) масжидларида намоз ўқиш учун келадилар ва қиёмат яқин қолганда бошқа тарафларда иймон қолмаганида ҳам Мадинада иймон қолади.

Мадина аҳлини қўрқитмоқчи бўлган кишиларни Расулуллоҳ мазаммат қилганлар. Саҳиҳи Бухорийда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Саъддан Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитдим: “Мадина аҳлига ҳеч ким макр қилмайди, агар шундай қилса, худди сувда туз эриб кетгандай эриб кетади”.

Манбалар асосида А. Нуруллоҳ ўғли тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!