Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломга дарахтларнинг бўйсуниши

00:00 09.11.2018 490

وعن جابر رضي الله عنه، قال: سرنا مع رسول الله - صلى الله عليه وسلم - حتى نزلنا واديا أفيح فذهب رسول الله - صلى الله عليه وسلم - يقضي حاجته، فلم ير شيئا يستتر به، وإذا شجرتين بشاطئ الوادي، فانطلق رسول الله - صلى الله عليه وسلم - إلى إحداهما فأخذ بغصن من أغصانها فقال:"انقادي علي بإذن الله" فانقادت معه كالبعير المخشوش الذي يصانع قائده، حتى أتى الشجرة الأخرى فأخذ بغصن من أغصانها، فقال: "انقادي علي بإذن الله" فانقادت معه كذلك، حتى إذا كانت بالمنصف مما بينهما قال:"التئما علي ، بإذن الله". فالتأمتا، فجلست أحدث نفسي، فحانت مني لفتة، فإذا برسول الله - صلى الله عليه وسلم - مقبلا، وإذا الشجرتين قد افترقتا، فقامت كل واحدة منهما على ساق. رواه مسلم.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлда юриб борар эдик. Ҳатто бир кенг водийга келиб тўхтадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат қилиш учун юрдилар ва ўзларини тўсадиган бирор бир нарса топа олмадилар. Қарасалар, водийнинг четида иккита дарахт бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дарахтлардан бирининг олдига бордилар ва унинг шохларидан бирини ушлаб, “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш” (яъни, мени тўсиш учун), дедилар. Сўнгра ўша дарахт ўз етакловчисига итоат қиладиган, бурнидан таёқ ўтказилган туя каби бўйсунди. Кейин бошқа дарахтнинг олдига келдилар ва унинг ҳам шоҳларидан бирини ушлаб: “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш”, дедилар. Бу дарахт ҳам худди олдингиси каби бўйсунди. Кейин эса икки дарахтнинг ўртасига келиб: “Аллоҳнинг изни ила мен учун жипслашинг”, дедилар ва икки дарахт жипслашди. Мен эса ўз нафсимга сўзлаган ҳолда бир лаҳза (ҳайратда) қолдим. Кейин қарасам, қаршимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турибдилар. Дарахтлар эса бир-биридан ажралиб, ҳар бири ўз жойида турган экан” (Муслим ривояти).

Бу муборак ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларига далолат қилиш билан биргаликда у зотнинг юксак даражада ҳаё соҳиби эканликларини кўрсатиб турибди. Зеро, Сарвари коинот алайҳиссолату вассалом ҳеч кимсаси йўқ кенг бир водийда, Жобир розияллоҳу анҳуга менга қарамай ўгирилиб тур, мен қазои ҳожат қилиб олай, десалар ҳам бўлар эди. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ўта юксак даражадаги ҳаёлари бундай қилишларига йўл қўймади. Биз умматлар ҳам ўз пайғамбаримиздан ўрнак олишимиз ва у зотнинг ҳаёлари билан ҳаёланишимиз лозимдир. Аллоҳ таоло барчамизга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўлишни насиб этсин!

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 4-курс талабаси
Мурод МУЗАФФАР ўғли

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!