Иймон

Расулуллоҳ кимни бахтли деган...

748

عَنْ الْمِقْدَادِ بْنِ الأَسْوَدِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: ايْمُ اللهِ لَقَدْ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنَ إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنِ إِنَّ السَّعِيدَ لَمَنْ جُنِّبَ الْفِتَنُ وَلَمَنْ ابْتُلِيَ فَصَبَرَ فَوَاهًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бахтли одам фитналардан узоқ юрган (киши)дир. Бахтли одам фитналардан узоқ юрган (киши)дир. Бахтли одам фитналардан узоқ юрган (киши)дир. (Бахтли одам) мусибатга йўлиқиб, унга сабр қилган (киши)дир. (Бу) қандай яхши!” деб айтганларини эшитганман” (Абу Довуд ва Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

“Фитна” деганда, “ихтилоф”, “адашиш”, “уруш-жанжал” назарда тутилади. Демак, фитналардан узоқ юрган, ўзаро ихтилоф қилишдан сақланган, бошига тушган қийинчиликларга мардонавор сабр қилган банда энг бахтли киши экан. Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар. Ҳатто, “Бу қандай яхши”, деб фитналардан узоқ юриш, сабрли бўлиш нақадар яхшилигига алоҳида урғу берганлар.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مِنْ سَعَادَةِ ابْنِ آدَمَ رِضَاهُ بِمَا قَضَى اللهُ لَهُ وَمِنْ شَقَاوَةِ ابْنِ آدَمَ تَرْكُهُ اسْتِخَارَةَ اللهِ وَمِنْ شَقَاوَةِ ابْنِ آدَمَ سَخَطُهُ بِمَا قَضَى اللهُ لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالشَّاشِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ тақдирига рози бўлиш одам боласи саодатидандир. Аллоҳдан ёрдам (ёки яхшилик) сўрашни тарк этиш одам боласи бадбахтлигидандир. Аллоҳ тақдирига норози бўлиш ҳам одам боласи бахтсизлигидандир” (Термизий, Аҳмад, Байҳақий ва Шоший ривояти. Ҳадис санади заиф).

Бу ривоятга кўра, қайси бир банда – бой бўлсин, камбағал бўлсин, чиройли ёки кўримсиз бўлсин – Аллоҳ тақдиридан рози бўлса, ана ўша одам бахтли саналади. Сабаби у ҳаётдан нолимайди,  Аллоҳнинг тақдиридан шикоят қилмайди. Энди бу банда жаннатни, Аллоҳ розилигини қўлга киритишида шубҳа йўқ. Ҳақиқий бахт мана шунда!

Кимда-ким Аллоҳ тақдиридан норози бўлса, камбағал бўлиб, бой бўлмаганига, бой бўла туриб, мол-дунёси бундан ҳам кўпроқ бўлмаганига аччиғланса, умуман ўз ҳаётидан шикоят қилаверса, ана у одам бахтсиздир. Гарчи қўша-қўша иморатлари, турли русумдаги машиналари, фарзандлари бўлса ҳам Аллоҳ тақдирига рози бўлмаган одам саодатдан бенасибдир. Сабаби у ҳақиқий бахт нима эканини билмайди. Ҳақиқий бахтни моддий нарсалардан қидириб умрини беҳуда ўтказиб юборади.

Бахтсизликнинг яна бир белгиси, Аллоҳдан ёрдам сўрамасликдир. Ҳадиси шарифларнинг бирида айтилишича, дуо қилмаган бандасидан Аллоҳ ғазабланар экан. Ким ўз ҳожатини Аллоҳдан сўрамаса, демак у ўзига ўхшаган ожиз одамларга тилёғламалик қилувчи, бурни осмонда бўлган кимсадир. Аллоҳга тазарру қилиш, ўз ожизлигини тан олиб, Парвадигорига юкиниш эса, инсоннинг саодатли эканига далолат қилади. Чунки, Аллоҳ камтар, дуо қиладиган, Ўзидан сўрайдиган бандасини яхши кўради, уни ярлақайди, икки дунёда бахт ато этади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Фитна уйқудадир, уни уйғотган кишини Аллоҳ лаънатлаган»

1381 21:00 01.11.2019

«Ўзимизни ўнгламас эканмиз, зурриётларимиз биздан беш баттар майда гап бўлади»

2012 16:00 03.07.2019

Буюк Имомнинг матонати

1569 20:00 12.05.2019

Фитна сўзининг маъноси нима?

1028 10:00 03.05.2019
« Орқага