Ахлоқ

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг аёллари билан муомалада ташқи кўринишлари

910

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларнинг энг гўзали эдилар. Гўзалликлари барча ишларида кўринар эди. Шунинг учун мусулмон киши оилавий ҳаётида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эргашиши учун у зотнинг ҳар бир ишдаги жозибадорликларига алоҳида тўхтаб ўтишимиз керак бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётидаги гўзалликни икки томондан ўрганишимиз мумкин:

–  покизаликлари;
–  ўзларининг ташқи кўринишларига эътибор беришлари.

1.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жасад аъзоларини поклашга қаттиқ риоя қилишлари сийратларидан маълум. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бу покланишни фитрат хислатларидан билиб, шунга буюрганлар.

Фитратнинг маъноси – пайғамбарлар ихтиёр қилган ва шариатларга мувофиқ келган қадимий суннат. Фитрат бу – инсонлар комил сифатлар билан сифатланишлари ва гўзал суратда бўлишлари учун шунга кўра яратилган жибиллий (туғма) хислат.

Жума куни ғусл қилиш ҳам фитратдан ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Сизлардан бирингиз жумага боришни хоҳласа, ғусл қилсин” (Имом Муслим ривояти).

Тишларни доимо покиза тутиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бунга қаттиқ эътибор берар эдилар. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мисвокларини ва таҳорат сувларини тайёрлар эдик. Аллоҳ таоло у зотни кечадан хоҳлаган вақтида турғазар эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мисвок қилар, таҳорат олар ва намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мисвок оғизни поклагувчи ва Раббни рози қилувчидир”,– деганлар (Имом Насоий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) рўза вақтларида ва рўза бўлмаган пайтларида, уйқудан турганларида, таҳорат вақтида, намозгача ва ундан кейин уйга кирганларида ва бундан бошқа пайтларда ҳам доим мисвок қилар эдилар.

2.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг ташқи кўринишларига эътибор берардилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиройли кўринишлари, кийимлари орасталиги, ҳидлари хушбўйлиги ва сочлари таралганлиги билан ажралиб турар эдилар.

Энди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётларида ташқи жиҳатларга қандай эътибор берганлари ҳақида сўз юритамиз.

Биринчи хислатлари. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кийимлари гўзал бўлишига эътиборли эдилар. Либослари доимо бежирим гўзал кўринишда бўлар эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Албатта, бир киши устки кийими ва оёқ кийими чиройли бўлишини яхши кўради”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Албатта, Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради...”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Иккинчи хислатлари. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочларига ҳам қаттиқ эътибор берар эдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) сочларини қирдирар ёки шундайлигича қолдирардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочларини фақат ҳайитда олдириб, кўпинча қолдирар эдилар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сочлари қулоқларининг ярмигача тушар эди” (Имом Насоий ривояти).

Гоҳида сочларини ўзлари тарар эдилар. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га соч тараш ва таҳорат олишда ўнг томондан бошлашлари ёқар эди” (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Баттол айтади: “Таржил – соч ва соқолларни тараш ва ёғлаш. Бу нарса покланиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:

“Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз”. (Аъроф, 31)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Кимнинг сочи бўлса, уни икром қилсин” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадисда сочга эътибор қилишга, уни доимо батартиб тутишга очиқ-ойдин чақириқ бор.

Учинчи хислатлари. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хушбўй нарсаларни яхши кўрар ва кўпинча хушбўйланиб юрар эдилар. У зотга муаттар нарсаларнинг энг яхшиси миск (мушк) бўлиб, уни қайтармас эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимга райҳон берилса, уни рад қилмасин. Чунки унинг юки енгил, лекин ҳиди хушбўйдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). 

Тўртинчи хислатлари. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг акса уриш ва эснашга бўлган муносабатлари.

У зот (алайҳиссалом) акса урсалар, юзларини қўллари ёки кийимлари билан ёпар ва овозларини тўсар эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эснашдан қайтарар, кимга эснаш ғолиб бўлса, қўлини оғзига қўйишни буюрар эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Вақтики сизлардан бирингиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Чунки оғзига шайтон киради”(Имом Муслим ривояти).

«Исломда оила» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қайта назар солиш мумкинми?

608 12:00 28.03.2020

Оиладаги меъёр ва мувозанат

361 07:30 28.03.2020

Уйда хотининг, фарзандларинг борлигини унутма!

607 12:00 27.03.2020

Расулуллоҳ қандай кишиларни суяр эдилар?

1160 08:30 27.03.2020

Ўзингиздан пастга қаранг!

409 08:00 27.03.2020

Аллоҳ йўлида дўстлашиш 

445 22:00 26.03.2020
« Орқага