Ислом

Расулуллоҳ шундай эдилар...

660

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг ростгўйи, ваъдасига энг вафолиси, энг мулойим табиатлиси, дўсту ҳамроҳ ва меҳмонига нисбатан энг карамлиси эдилар.

У киши ҳатто ўз чодиридаги (узатилмаган) бокира қиздан-да ҳаёлироқ ва уятчанроқ эдилар. Кўпинча нигоҳларини қуйи қилиб юрар, аксар назарлари тафаккурдан иборат бўларди.

У зот асло фаҳш сўзларни гапирувчи, қўпол сўзлагувчи ва лаънатлаб юрувчи инсон бўлмаганлар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас, балки, кечириб кетардилар.

У кишидан кимдир бирор эҳтиёжини сўраса, албатта сўраганини берар, ёки (бунинг имкони бўлмаса) яхши сўз билан жавоб қайтарардилар. У киши қўпол ва ғализ бўлмаганлар. Токи ҳақдан бошқасини гапирмас экан, ҳеч кимнинг сўзини бўлмасдилар. Бордию, ноҳақ сўзларни гапиришни бошласа, бундан наҳий қилган ҳолда ёхуд ўринларидан туриш билан унинг сўзини кесардилар.

Набий алайҳиссалом қўшнисини ҳимоя қилар, (унинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этар), меҳмонини иззат қилардилар. У кишининг бўш вақтлари зое ўтмасди. Ё Аллоҳ йўлида бирор иш билан банд бўлардилар ёхуд ҳаёт учун зарур ишда ўтарди вақтлари.

У киши некбинликни хуш кўрардилар, бадбинликни ёқтирмасдилар. Агар икки ишдан бирини танлаш керак бўлиб қолса, модомики гуноҳ ишлардан бўлмаса, енгилини танлар эдилар. Бошига иш тушиб, ғамга ботганларга ёрдам беришни, мазлумларга мадад беришни яхши кўрардилар.

Аёллар Расулуллоҳнинг раҳматларига гувоҳлик беради

НАСА тасдиқлади: Ой иккига бўлинган

Набий соллаллоҳу алайҳиссалом ўз асҳобларини яхши кўрар, улар билан маслаҳатлашар ва аҳволларидан хабар олиб турардилар. Касал бўлган кишини зиёрат қилар, кўринмай қолган одамни йўқлар, вафот этган киши ҳақига дуо қилардилар.

Узр сўраган кишининг узрини қабул қилардилар. Ул зотнинг наздида ҳақ борасида кучли ҳам, кучсиз ҳам баробар эди.

Сўзлаганларида шу қадар фасоҳат ва виқор билан, дона-дона сўзлар эдиларки, агар кимдир (у киши гапирар эканлар) сўзларини санаса, бемалол санаб оларди. У киши ҳам ҳазиллашар эдилар, бироқ фақат ҳақни сўзлардилар.

Кишиларнинг энг марҳаматлиси, дўст-ёрларига энг икром ва илтифотлиси эдилар. Мажлисда жой торайиб қолса, сурилиб жойни кенгайтирардилар. Учрашган одамларига биринчи бўлиб салом берардилар. Агар биров билан қўл бериб кўришсалар, то ўша одамни ўзи қўлини тортиб олмагунча ул Зот қўлларини тортмасдилар.

Набий алайҳиссалом одамларнинг энг камтар ва энг тавозелиси эдилар. Агар бирор ерда ўтирган жамоага келиб қўшилсалар, охирги ўтирган одамнинг ёнига ўтирар (яъни одамларни жойидан қўзғатиб, тўрга интилмасдилар) ва бошқаларни ҳам шу ишни одат қилишга чақирардилар.

Шунингдек, у киши мажлисдаги барча ҳамроҳларининг (яхши муомаладан) ўз насибасини берардилар, ҳатто у зот билан ўлтирган одам “мендан бошқа ҳеч ким Пайғамбаримиз учун мендан кўра ҳурматлироқ ва суюмлироқ бўлмаса керак”, деб ўйларди.

Агар Пайғамбаримизнинг ҳузурига бирон киши келиб ўтирадиган бўлса, то ўша одамнинг ўзи турмагунча ўрниларидан турмас эдилар. Илло, қайсидир зарур иш туфайли шошилиб қолсалар, ўша кишидан руҳсат сўраб, кейин ўрниларидан турардилар.    

Набий алайҳиссалом бирон кимсага унга ёқмайдиган, малол келадиган шаклда муомала қилмас эдилар, касалларни зиёрат қилар, мискинларни яхши кўрар, улар билан бирга ўтирар ва жанозаларида қатнашар эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом камбағални камбағаллиги учун таҳқирламас, шунингдек, бирор подшоҳдан унинг подшоҳлиги учунгина ҳайбат қилмас эдилар. Агар қандайдир неъмат берилса, гарчи арзимас ва оз миқдорда бўлса ҳам, уни улуғлаб, ошириб кўрсатардилар.

У киши биронта овқатни ёмонламаганлар. Агар ёқса ер, ёқмаса емасдилар. Таомнинг аввалида Аллоҳнинг номини ёдга олар, сўнгида Унга ҳамд айтар ва ўнг қўллари билан еб-ичардилар.

Пайғамбаримиз хушбўйликларни, ёқимли ҳидли нарсаларни яхши кўрар, пиёз ва саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ҳиди учун ёқтирмасдилар. Набий алайҳиссалом риё ва сумъадан, амални одамларга кўз-кўз қилишдан ниҳоятда узоқ эдилар. Ҳар бир амаллари холис Аллоҳ учун қилинарди.

Ул зот ҳаж қилдилар ва:

"اللهم هذه حجة لا رياء فيها ولا سمعة"

яъни “Эй Аллоҳ, бу риё ва сумъа аралашмаган ҳаждир, (уни қабул этгин)!”, дея дуо қилдилар (Мақдисий ривояти).

Набий алайҳиссалом кийим-кечак ва мажлисда асҳобларидан ажралиб олмас эдилар. Улар орасига саҳройи араблар келар ва: “Қай бирингиз Муҳаммад бўласиз?”, дер эди.

У зотга Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин...

Алишер Султонхўжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Гўзал турмушдан гўзал намуна

871 22:00 08.11.2019

Усмонли султонининг Пайғамбаримизга ёзган мактублари

1614 12:00 04.11.2019

Аёллар Расулуллоҳнинг раҳматларига гувоҳлик беради

1082 11:00 02.11.2019

НАСА тасдиқлади: Ой иккига бўлинган

30939 18:00 20.09.2019

Пайғамбар ва аёл

1268 22:05 12.09.2019
« Орқага